Суд орқали соғайиш

Россияда чет эллик мигрантларнинг патент олиши учун COVID-19 инфекциясига тест топширишни шарт қилиб қўйдилар
КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИГА ТЕСТЛАР . MOS.RU САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Чет эллик фуқароларнинг Россия ҳудудида бўлишлари учун ҳужжатларни расмийлаштириш 27 июндан бошлаб анча қийинлашиб кетди. Энди патент, ишлашга рухсат, вақтинча яшашга рухсат (РВП) ва доимий яшашга рухсат (ВНЖ) олиш учун медицина кўригидан ўтаётганда чет эллик фуқаролар коронавирусга тест топширишлари шарт қилиб қўйилган.

Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19 коронавирус инфекциясини атрофдаги одамлар учун хавф туғдирадиган юқумли касалликлар рўйхатига киритди. Россия ҳукумати бу ҳақдаги тегишли қарорни жорий йилнинг 31 январь куни қабул қилганди. Чет эллик мигрантлар учун бу ёмон хабар: энди уларнинг патент олишлари учун сарфлайдиган асосий харажатларига (Сахороводаги кўп фунцияли миграция марказида патентни расмийлаштириш 12 750 рубль) COVID-19 инфекциясининг лаборатория таҳлилига яна 2500 рубль қўшиладиган бўлди.

Кўпчилик экспертлар патент нархларининг навбатдаги кўтарилиши билан мигрантлар яширин тарзда ишлашга ўтиб кетишлари мумкинлиги ҳақидаги кутилмаларни (прогнозларни) беришган, шунинг учун ҳам улар ўзини ўзи яккалатиш тартиби туфайли бир неча ой давом этган ишсизликдан сўнг яна икки ярим минг рубль тўлашга тайёрми деган савол очиқлигича қолади.

Коронавирус инфекциясига тестларни Сахоровода топшира бошладилар, ҳозирча бунинг учун қўшимча тўлов ундиришаётган йўқ. Санкт-Петербургда медкомиссиядан ўтиш минг рублга қимматлаган, Новосибирскда – икки мингга, Красноярскда эса мигрантлар “тождор” вирусни аниқлаш учун 2600 рублдан тўлашяпти. Краснодар ўлкаси соғлиқни сақлаш вазирлиги мигрантлар тест топшириши мумкин бўлган медицина муассасаларининг рўйхатини белгилаб беришни ваъда қилди ҳамда фақат Роспотребнадзор томонидан маъқулланган медицина муассасалари берган справкаларни қабул қилишларини ҳақида огоҳлантриб ўтди.

Ҳужжатларни бекор қилиш

Сахороводаги кўп фунцияли миграция марказига қабулга келган ишчи-мигрант. Mos.ru сайти фотосурати

Лекин бу ерда асосий гап нархда эмас. Соғлиқни сақлаш вазирлиги чиқарган буйруғида айтилишича, тест синови мусбат натижа берган тақдирда, патент бериш бўйича талабномага рад жавоб бериш ёки патентни, ишлашга, вақтинча ва доимий яшашга берилган рухсатномани бекор қилишларига асос бўлиши мумкин.

— Коронавирусни хавфли юқумли касалликлар рўйхатига киритиб, бироз ошириб юбордилар, деб ҳисоблайман, негаки инфекцияни юқтириш вақтинчалик характерга эга бўлиб, касалликдан даволаниб, тузалиш мумкин, — дея қайд этади “Вестник мигранта” порталининг муассиси Лина Озерова “Фарғона” агентлиги билан суҳбат давомида. – Россияда доимий яшаш ҳуқуқи билан, мисол учун, беш йилдан бери истиқомат қилиб келаётган, иш жойига, оиласига ва ўз уйига эга бўлган одамни фақатгина ковидни юқтириб олгани учун мигрантлик мақомидан маҳрум этиш мутлақо нотўғри.

Миграция қонунчилиги масалалари бўйича мутахассис Андрей Гелерман саросимага тушмасликка чақирмоқда ҳамда “Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз буйруғини Ҳукуматнинг 31 январь кунги Қарорига мувофиқлаштириб чиқаргани”ни таъкидламоқда.

-Мамлакатда бўлиши ножоиз шахслар қаторига, билишимча, бундай қарор фақат ОИТВ юқтириб олганларга нисбатан қўлланади. Ўшанда ҳам бунинг бир қатор шартлари бор. Гап шундаки, бу касалликни даволаш мумкинлиги мазкур қарорни бекор қилишга асос бўлади. Демак, унга коронавирус инфекциясини юқтириб олганларга нисбатан кўтариб чиқишдан маъно йўқ. Негаки, коронавирусни юқтириб олган одам 2-4 ҳафта ичида ёки соғайиб кетади ёки бўлмаса, ўлиб кетади, — дея қайд этади эксперт.

Гелерман вақтинча ва доимий яшашга рухсат беришни рад этиш ёки шунақанги бор рухсатномани бекор қилиш тўғрисидаги меъёрни шарҳлай туриб, агар мигрант ариза бериш учун ҳужжатларни тайёрлаш жараёнида ўзида COVID-19 инфекциясининг мавжудлигини аниқласа, у ўзини ўзи яккалаш тартибига риоя қилиш учун ариза бермай туради. Соғайиб кетганидан кейин эса у бемалол ҳужжатларини топширса бўлаверишини таъкидламоқда.

Миграция масалалари бўйича мутахассис, юридик фанлари доктори Роман Степановнинг қайд этишича, агар Роспотребнадзор коронавирусни аниқлангани ортидан чет элликларнинг Россияга киришини худди Одам иммун танқислиги вируси (ОИТВ) ёки сил билан касалланганларга ўхшатиб, тақиқлайдиган бўлса, унда муаммони ҳал қилиш учун чет эллик фуқаролар нафақат касалликдан бутунлай соғайиб кетиши, балки суд тартибида мамлакатда бўлиш номақбуллиги тўғрисидаги қарорни бекор қилдиришига ва бунинг учун соғайиб кетганини ҳужжат билан исботлашига тўғри келади.

— Кўриб турганингиздек, бу ишни амалга ошириш учун бир неча кун ва ҳатто бир неча ой етмаслиги мумкин, — дейди Степанов. – Лекин ҳозирги пайтда бундай қарорларни қайта кўриб чиқиш процедураси борасида прогноз қилиш осон эмас, шунинг учун аввал амалда нималар содир бўлишини кўришимиз керак.

Эскирган рўйхат

Москва вилоятидаги ишчи қурилишда санитайзердан фойдаланмоқда. Mosreg.ru сайти фотосурати

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2004 йилда тузилиб, таркибига ҳозиргача 16 та касаллик киритилган рўйхат ўшандан бери ўзгармаган. Унга ОИТВ инфекцияси, сил, В ва С гепатитлари, ўлат, безгак, дифтерия ҳамда бошқа инфекциялар киритилган. Мутахассислар бу рўйхатга, хусусан, ОИТВ киритилишини нотўғри иш бўлган дея бир неча бор гапирганлар. Худди шундай вазият COVID-19 инфекцияси атрофида ҳам юзага келиши мумкин.

Иқтисодиёт олий мактабининг кичик илмий ходими, Мигрантлар саломатлиги бўйича эксперт гуруҳининг мувофиқлаштирувчиси Даниил Кашницкийнинг аниқлик киритишича, рўйхатга киритилган касалликлар орасида фақат ОИТВ-инфекцияси аниқланган шахслар учун мамлакатга кириши учун умрбод тақиқ қўйилган. Ушбу қоида ОИТВ одамни умр бўйи тарк этмаслиги билан изоҳланади.

Агар Россияда бўлиш учун ҳужжатларни (патент, вақтинча яшаш рухсатномаси ва ҳоказолар) расмийлаштириш давомида ижтимоий хавфли касалликлар рўйхатидаги бошқа касалланишлар мавжудлиги аниқланса, унда Роспотребнадзор бу маълумотни Ички ишлар вазирлигига юборади. ИИВ ўз навбатида чет эллик фуқарони мамлакатга кириши тақиқланган шахслар рўйхатига киритади. Бемор касалликдан бутунлай соғайиб кетгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлаганидан сўнг, уни мазкур рўйхатдан ўчириб қўйишади.

Бу ишни бемор Россияда бўлган пайтда даволанган ҳолатда қилиши мумкин бўлади.

— Мисол учун, агар чет эллик фуқарода сил касаллиги аниқланса ва жамоат жойларида бўлган пайтида касалликнинг атрофдаги одамлар учун хавфли бўладиган фаол шакли ўтиб кетгунига қадар уни Россияда бепул даволайдилар. Даволашнинг бу тури шошилинч медицина ёрдамига тенг кўрилади, — дея тушунтиради Кашницкий. – Касалликнинг фаол даври ўтиб кетиши билан (яъни бемор бошқа одамларга касалини юқтира олмайдиган бўлганида), бу одамни касалхонадан чиқарадилар ҳамда ватанига қайтиб даволанишга тавсия берадилар. Бу ҳолатда қонунга риоя қилувчи мигрант Россияни тарк этади ҳамда ватанидан туриб тўлиқ соғайиб кетгани тўғрисидаги справкаларини Россияга жўнатиб, мамлакатга кириши тақиқланган шахслар рўйхатидан ўчириб ташлашни сўрайди. Бироқ одамлар ҳамма вақт ҳам мамлакатни тарк эта олмайдилар ёки кетишни истамайдилар.

Кашницкий қайд этишича, эндиликда “қонунийлашиб, тавқи лаънат тамғасини илиб олган хорижий касалликлар рўйхатида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаган” коронавирус атрофидаги вазият ҳам худди шунга ўхшаш бўлиб қолади.

— Бу каби касалликни Россия бюрократиясига қандай қилиб юклаб қўйиш мумкин бўлгани тушунарсиз. Коронавирусни ижтимоий хавфли касалликлар рўйхатига киритиш аслида нотўғри: маълумотлар ички ишлар органларига етаб боргунча, бемор соғайиб бўлади, — дея қайд этади эксперт. – COVID-19 инфекциясини бемор қаерда бўлса, фақат ўша жойда даволаш мумкин, бир неча ой давом этган самоизоляция мигрантларни ҳам касалхоналарда ва ҳам уйларида бемалол даволаш мумкинлигини кўрсатиб қўйди. Расмийлар аввали бошиданоқ бажариб бўлмайдиган ҳуқуқий меъёрни қабул қилганлари кўриниб турибди, — дея таъкидлайди эксперт.

Мамлакат ҳукумати атрофдаги одамлар учун хавфли бўлган юқумли касалликлар рўйхатини аллақачон қайта кўриб чиқишлари ва унга ўзгартиришлар киритишлари керак эди, дея Кашницкийнинг ишончи комил.

— Рўйхатга COVID-19 киритилишидан авввал унда ОИТВ тузалиб бўлмас дард сифатида ўзининг “фожиавийлиги” билан ажралиб турар эди. Шунга қарамай, терапия қабул қилиб юрган одам ўзини соғлом ҳис этади ва ОИТВ энди касаллик эмас, балки вирус бошқа одамга юқмайдиган сурункали ҳолатга айланади. Бу касаллик билан тўлақонли ҳаёт кечириш ва ишлаш мумкин бўлади, шунинг учун ҳам биз уни рўйхатдан ўчириш учун кураш олиб боряпмиз, — дея тушунтиради эксперт. – Коронавирус эса тез ўтадиган, (респираторли) касаллик бўлиб, асосан ҳаво-томчилар орқали юқиши билан ажралиб туради, шунинг учун ҳам бу дардни юқтириб олган одам қаерда бўлса, ўша заҳоти ва ўша ернинг ўзида даволанишни таклиф этиш керак. “Сизда коронавирус бор экан, мамлакатни тарк этинг”, дейишлик тутуриқсизликдан бошқа нарса эмас. Бу касалликнинг контагиозлиги (юқумлилик даражаси) юқори, шунинг учун бу одамни ҳужжатларидан маҳрум этишга шошилмай, унга шошилинч ёрдам кўрсатиш лозим.

Ноаниқ тестлар

Москвадаги лабораторияда тестлар текшируви. Mos.ru сайти фотосурати

Яна бир муаммо шундаки, вирус янги, тестлар бўлса доим ҳам аниқ натижа кўрсатмайди. Ҳатто Москва соғлиқни сақлаш департаменти ҳам COVID-19 инфекциясига ўтказилаётган тест синовларида аниқлик даражаси пастлигини тан олди. Ҳозирча касалликни тасдиқловчи энг аниқ ва ишончли натижани ўпканинг компьютер томографияси (КТ) кўрсата олади, холос.

—Ковид бўйича ўтказилаётган тестлар кўплаб ёлғон-манфий ва ёлғон-мусбат натижаларни кўрсатмоқда, — дея эслатади Даниил Кашницкий. Ушбу тестлар асосида одамларни саралаш тизимини яратиш ўта ақлсизлик билан қилинган иш бўларди, бунақада жуда кўп одам адолатсиз равишда жабрланиши мумкин. Одамларни мажбурликдан уй-уйларига писиб кетишларига йўл қўймай, аксинча ўзларини ёмон ҳис этадиган бўлсалар, шифокорларга мурожаат қилишдан қўрқмайдиган ҳолатни яратиш керак. Коронавирус бизнинг ҳаммаларимизни бир-биримизга нечоғлик боғлиқлигимизни кўрсатиб қўйди: бир одамнинг касал бўлиши, унинг атрофидаги одамларнинг ҳаммасини хавф остига қўяди, шунинг учун ҳам ҳар қандай одам эгаллаб турган мақомидан қатъий назар тиббий ёрдам олиш имкониятига эга бўлиши лозим.

Бир йил муддатга кетиб юбориш

Юрист, Migrant порталининг асосчиси Батиржон Шермуҳаммаднинг қайд этишича, мигрантларни COVID-19 инфекциясига текширувдан ўтказишлари яхши, аммо мусбат натижа берган таҳлил туфайли унинг ҳужжатларини бекор қилиш – ўта адолатсизлик бўлади.

Қонунга мувофиқ, агар мигрантнинг патент расмийлаштириш тўғрисидаги аризаси рад этиладиган бўлса, у фақат бир йил ўтганидан кейингина судга мурожаат қила олади. Россияда қонуний бўлиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган чет эллик фуқаро мамлакатни тарк этиши керак бўлади, бироқ бу ерга ишлаб пул топгани келган одамлар бундай қилмасликлари мумкин, шунинг учун ҳам бунақанги ҳуқуқий меъёрнинг жорий этилиши мамлакатда қонуний тарзда расмийлаштирилмаган чет эллик фуқароларнинг сони кўпайиб кетишига олиб келади, — дея тахмин қилади эксперт.

Юрист Россия ҳукуматининг COVID-19 инфекциясини Соғлиқни сақлаш вазирлиги рўйхатига киритиш тўғрисидаги қарорини “ғалати” деб атаяпти, негаки бу сурункали бўлмай, тез муддат давомида даволанадиган касалликлар сарасига киради. Унга кўра, касалланган одамни даволанишга жўнатиш ҳамда мигрант соғайиб кетиши билан ҳужжатларини бериш керак бўлади.

— Бу ердаги хулоса жуда ҳам оддий – яшаш, ишлаш ва умуман олганда, Россияда бўлиш имкониятни берувчи мақомдан маҳрум қилиш учун давлатда яна бир асос пайдо бўлади, — дея тахмин қилади Роман Степанов. – Бу меъёр ҳаётимизда долзарб бўла оладими ёки йўқми, кўп жиҳатдан бизнинг ўзимизга боғлиқ. Эпидемия ҳеч қаерга кетгани йўқ, у сайёрамизда яна қанча давом этишини ҳеч ким билмайди. Барча мамлакатлар қўлларидан келганича, шу жумладан, санкцияларни жорий этиш йўлларини қўллаган ҳолда ҳимояланишмоқда ва давлатларни бунинг учун ҳеч қанақасига қоралаш мумкин эмас. Аммо ўзимизни ўзимиз эҳтиёт қилишимиз жуда ҳам зарур.

Екатерина Ивашченко

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Хитой мустамлакачилиги Урумчидаги уйғурларнинг фитратини қандай қилиб ўзгартираётгани ҳақида

  • Эрон ҳокимияти кескин пасайиб кетган туғилишни кўпайтириш тараддудига тушиб қолган

  • Исломнинг муқаддас шаҳарларига зиёратлар нега чеклангани ёки бекор қилинганлари ҳақида

  • АҚШда полиция зулмига қарши бошланган кураш обидаларни вайрон қилиш урушига айланиб кетди. Ғазабланган одамлар Колумб ва Черчиллга кўп нарсаларни «эслатиб» қўйдилар