Хитойдан Ўзбекистонга янги йўлак: тезроқ етиб боришнинг йўли топилди

Жаҳон оммавий ахборот воситалари – Марказий Осиё ҳақида. Ҳафталик шарҳ
ХИТОЙ – ҚИРҒИЗИСТОН – ЎЗБЕКИСТОН МУЛЬТИМОДАЛ ТРАНСПОРТ ЙЎЛАГИДАН ҚЎЙИЛГАН БИРИНЧИ ПОЕЗД. MIFT.UZ САЙТИ ФОТОСИ

Ўзбекистоннинг жуғрофий жойлашуви унинг ривожланиши учун амбивалент (иккитомонлама) ҳолатга эга. Мамлакатнинг денгизга олиб чиқадиган йўли йўқ, бироқ Осиё мамлакатларидан республика орқали Европага товар транзитини амалга ошириш жуда ҳам қулай.

“Хитой ва Ўзбекистон янги транспорт йўлагини очдилар, Хитойни Яқин Шарқ ва Европа билан боғловчи бу йўл охир оқибатда анча қисқароқ бўлган қитъалараро маршрутнинг муҳим бўғинига айланиши мумкин. Янги транспорт йўлаги Қозоғистон ва Россия орқали ўтувчи мавжуд трансевроосиё транспорт маршрутлари билан рақобат қилмай, уларни тўлдиради, дея расмий Тошкентнинг ишончи комил”, — дейилади АҚШ учун стратегик аҳамиятга эга бўлган воқеа ва трендлар тўғрисида сиёсатчиларга ахборот ва маълумотлар етказишга ихтисослашган американинг The Jamestown Foundation нодавлат илмий-тадқиқот ташкилотининг материалида.

Мазкур транспорт йўлаги орқали биринчи юк жорий йилнинг 5 июнь куни Хитойнинг шимоли-ғарбидаги Ганьсу провинциясида жойлашган Ланьчжоу темир йўл вокзалидан жўнатилди. Қиймати 2,6 миллион АҚШ долларига тенг 230 тонна электр жиҳозлари мультимодал (автомобиль билан темир йўлларининг комбинациялашгани) транспорт линияси орқали Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга жўнатилди. Янги транспорт йўлагининг очилиши билан Хитой портлари ва бошқа провинцияларидаги юклар темир йўл орқали Шинжон-Уйғур автоном районидаги Қашғар терминалигача етказиб берилади, бу ерда юклар автомобилларга ўтказилади ва Қирғизистон ҳудуди орқали ўтадиган йўлларда ҳаракатланади (Кашғар — Иркештом — Ўш — Андижон). Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотларига мувофиқ, янги автомобиль-темир йўл линияси Қозоғистоннинг Хоргос ва Достиқ чегара манзиллари орқали ўтувчи альтернатив транспорт йўлагига қараганда 295 километрга қисқароқ. Бу ҳолат ўз навбатида юкларни етказиб бериш муддатларини қисқартиради ҳамда янги транспорт йўлагини бизнес учун рақобатбардошли ҳамда жозибали қилиб қўяди.

“Йигирма йилдан зиёд вақт давомида Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши тўғрисидаги муваффақиятсиз кечган музокаралардан сўнг Хитой ва Ўзбекистон расмийлари номи юқорида тилга олинган комбинациялашган автомобиль-темир йўл линиясини яратиш бўйича келишувга эришдилар. Темир йўл бўйича музокаралар расман давом этиб, ҳали ниҳоясига етиб боргани йўқ”, — дейилади мақолада.

Чегараолди можаронинг иштирокчилари. Turmush.kg сайти фотосурати

Шу билан бир пайтда, Ланьчжоу станциясидан биринчи юк жўнатилишидан бироз олдинроқ Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида чегараолди ҳудудларда истиқомат қилувчи икки мамлакат фуқаролари ўртасида тўқнашув келиб чиқди. Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманидаги Чечме қишлоғи билан Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани Чашма қишлоғи аҳолиси ўртасидаги можаро Чечмедаги булоқ туфайли келиб чиқди. Икки қишлоқ аҳолиси биргаликда булоқ ҳудудини тозалаётган пайтда унинг қайси мамлакатга тегишлилиги борасида тортишув ортидан пайдо бўлган даҳанаки жанг томонлар орасида тош отиш ва турар жойларга ўт қўйиш даражасигача етиб борди. Жанжал оқибатида икки томондан ҳам ўнлаб одамлар жабрланди. Американинг нодавлат ташкилоти қайд этишича, бу каби чегараолди тўқнашувларнинг қайта янгиланиши Марказий Осиёдаги барча мамлакатларнинг ривожланишини таъминлаш имкониятини берувчи стратегик жиҳатдан муҳим бўлган транспорт алоқаларнинг келажагига таҳдид солади.

World Highways нашри қайд этишича, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) томонидан ажратиб берилган 165,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит Ўзбекистонда А-380 автомобиль трассасини модернизация қилиш бўйича ишларни амалга ошириш имкониятини беради. Бу йўл Бухоро вилояти орқали ўтиб 78 километрдан иборат. Бундан ташқари, ўша Бухоро вилоятининг ўзида М-37 автомагистралининг қатор участкалари таъмирланади. Ушбу маршрут Ўзбекистон халқаро транспорт логистикаси учун етарли даражада муҳим саналади ҳамда мамлакатнинг савдо, транспорт ва иқтисодий фаолиятида асосий ролни ўйнайди. “Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятидаги, шунингдек, Туркманистон ва Қозоғистон билан чегарадош Қорақалпоғистон автоном республикасидаги йўллар ОИИБ кредитлари эвазига таъмирланган йўлларидан манфаатдор бўлиб қолади”, — дея қайд этилади мақолада.

Бухаро нефтни қайта ишлаш заводи. Bnpz.uz Turmush.kg сайти фотосурати

Кореянинг ишбилармонликка оид Business Korea янгиликлар портали SK Engineering & Construction компанияси Ўзбекистоннинг “Ўзбекнефтегаз” давлат нефтегаз корпорацияси билан қиймати 600 миллион АҚШ долларига тенг инжиниринг хизматларини тақдим этиш тўғрисидаги келишув битимини имзолаганини эълон қилгани ҳақидаги материалини чоп этди. Мазкур битим доирасида Бухоро вилоятидаги нефтни қайта ишлаш заводида замонавийлаштириш ишларини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Шартнома қиймати 7,2 миллион АҚШ долларига тенг. Кореянинг компанияси оғир нефтни юқори қўшилган қийматли енгил нефть маҳсулотларига қайта ишловчи қувватларни такомиллаштиришни ҳамда бензин ва дизель ёқилғиси каби маҳсулотларининг сифатини яхшилаб, янги экологик тоза стандартларигача етказишни режалаштирмоқда. Дастлабки келишувга жорий йилнинг апрель ойидаёқ эришилган эди, аммо шартнома иштирокчилари икки мамлакатда ҳам коронавирус тарқалиши муносабати билан қабул қилингин чоралар тўсқинлик қилгани боис, ҳужжат остига ўз имзоларини 7 июлга келиб қўя олдилар, холос.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи 1997 йилда Франциянинг Technip компанияси бошчилигидаги консорциум томонидан қуриб битказилган. Корхонада уч мингдан зиёд ишчи-ходимлари ишлайдилар. Завод 20 дан зиёд турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаради. Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати – йилига 2,5 миллион тонна нефть ва газ конденсатини қайта ишлайди.

Мақолада қайд этилишича, SK Engineering & Construction компанияси “2020 йилда экологик жиҳатдан тоза бизнесдаги ўз улушини кенгайтириб, ўз имкониятларини экологик тоза бизнес моделлари ва технологияларини ишлаб чиқариш ишларига йўналтиради”. Олдинроқ, февраль ойида компания Индонезиядаги энг йирик WIKA қурилиш компанияси билан экологик асфальт лойиҳаси бўйича техник хизмат кўрсатиш тўғрисидаги битим ва ўзаро ҳамфикрлик меморандумини имзолаганди.

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков 3 июль куни мамлакатда ўтадиган келгуси парламент сайловлари санасини белгилаш тўғрисидаги фармонига имзо чекди. Фармонга мувофиқ, сайловлар жорий йилнинг 4 октябрида ўтказилиши режалаштирилмоқда, ҳолбуки бу сана кейинга қолдирилиши мумкинлиги борасида гаплар ҳам юрибди; нима бўлиши ҳозирча ноаниқлигича қолмоқда. “2020 йил октябрдаги парламент сайловлари Қирғизистондаги шиддатли сиёсий воқеалар ва пандемия шароитида ўтадиган бўлиб турибди”, — дея бошланади The Diplomat нашри чоп этган Қирғизистондаги ички сиёсатга бағишланган мақоласида. Сайловларда ўзининг иштирок этиш ниятини билдирган партиялар орасида Сағинбек Абдрахманов раҳбарлиги остидаги Қирғизистон Социал-демократик партияси (ҚСДП) ҳам бор.

Алмазбек Атамбаев ва Сооронбай Жээнбеков. Қирғизистон президенти матбуот хизматининг архив фотосурати

Партия ўз вақтида Қирғизистоннинг амалдаги президенти Жээнбеков ва унинг ўтмишдоши Алмазбек Атамбаевнинг асосий платформаси бўлиб келган, бироқ икки сиёсатчи ўртасида юзага келган келишмовчилик ҚСДПнинг иккига бўлинишига олиб келди, дейилади мақолада. Қайд этиш жоиз, ҚСДП ҳозирги парламентда кўпчилик ўринларни эгаллаб келмоқда. Бўлиниш аввалига Атамбаев тарафдорлари ҳамда (2017 йилда, президент сайловлари арафасида партиядан чиқариб юборилган) Абдрахманов етакчилик қилишга бошлаган унга қарши кучлар орасида содир бўлди. Ўшандан бери бўлиниш янада кенгайиб кетди: икки асосий фракциялар ичида ҳам зиддиятлар бошланиб кетди. Масалан, партия сиёсий кенгашининг Атамбаевга тарафдор бўлган қанотини тарк этган ҚСДП депутати Рискелди Мўмбеков май ойининг охирида “Жани Дем”, яъни “янги нафас”ни билдирувчи янги ҳаракатга қарши курашини бошлади. Мазкур ҳаракат таркибига қатор партиялар, шу жумладан, Ўмурбек Текебаевнинг “Ата Мекени”, собиқ бош вазир Темир Сариевнинг “Ақшумқари” ҳамда Жанар Акаевнинг Либерал-демократик партиялари қўшилган.

“Октябрь Қирғизистон сиёсати учун оғир синов даври бўлиб қолади. Сиёсат майдонида [сўнгги пайтда] саломоқли ўрин алмашувлар амалга оширилгани етмаганидек, [сайловларни] ўтказиш қоидаларига ҳам бирмунча ўзгартиришлар киритилди. 2017 йилда партиялар парламентда ўз ўринларига эга бўлишлари учун 9 фоиздан кам бўлмаган овозларга эга бўлишлари керак эди, аммо яқинда қабул қилинган қонун бу тўсиқни 7 фоизгача пасайтириб қўйди. Бундан ташқари, вазиятни коронавирус пандемияси ҳамда ижтимоий соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда вазият шароитида сайлов ўтказиш билан боғлиқ мураккабликлар қийинлаштириб қўймоқда”, — дея қайд этилади мақолада.

Александр Рибин

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • АҚШда полиция зулмига қарши бошланган кураш обидаларни вайрон қилиш урушига айланиб кетди. Ғазабланган одамлар Колумб ва Черчиллга кўп нарсаларни «эслатиб» қўйдилар

  • Тожик ва ўзбек журналистлари Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлиги истиқболларига доир фильмни суратга олдилар

  • Россияда мигрантлар учун “ишонч рейтингини” жорий этиш режалаштирилмоқда. Хитойда бундай рейтинг яратиб бўлинган

  • Москвадаги қурилишлар қайтадан ишини бошлаб юборди. Ниқоблар, қўлқоплар, санитайзерлар — қолгани эса эски ҳолатда