Тамаддунлар тўқнашуви

Ўзбекистондаги аёлларнинг ҳимоясига қаратилган биринчи оммавий акция жамиятнинг агрессив қаршилиги билан тўқнашди
ФЛЕШМОБ ИШТИРОКЧИСИ. EXPONAUT ART GALLERY FACEBOOK САҲИФАСИДАН ОЛИНГАН ФОТОСУРАТ

Ўзбекистонда Exponaut ижодий бирлашмасининг иштирокчилари томонидан уюштирилган флешмоб кенг жамоатчилик орасида шов-шув келтириб чиқарди. Қизлар «аёл ҳайвон эмас», «келин хизматкор эмас», «менинг баданим – менинг ўз хоҳишим», «уряптими – демак қамалади» ва шунга ўхшаш сўзлар ёзилган қўлбола плакатларни кўтариб тушган фотосуратларини ижтимоий тармоқларда жойлаштирдилар. Ҳозирги замон Ўзбекистонида бу аёлларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган биринчи оммавий намойишкорона акцияси бўлиб қолди.

Ушбу флешмобнинг ўтказилишига қизларни карантин даврида аёллар устидан зўравонлик ҳолатларнинг кўпайиб кетгани ундади. Ўзини яккалатиш тартиби, одамлар уйларида қолишга мажбур бўлган, иқтисодиётнинг умумий ёмонлашуви ҳолати кўпчилик оилаларда ва умуман олганда, бутун жамиятда таранг вазиятни келтириб чиқарди.

Флешмобга бўлган муносабат жуда кенг ва турли қарашларни ифода этди. Катта ёшдаги аёллар флешмобга жуда ҳам ишончсизлик билан муносабатда бўлдилар: «қизлар ўтириб қолдилар», «қилгани бошқа ишлари йўқ эканми», аҳмоқлик, бу билан ҳеч нарсага эриша олмайдилар. Эркаклар томонидан қолдирилган кўплаб шарҳлар ўта истеҳзоли ва кинояли янгради, айрим ҳолатларда тўғридан-тўғри ҳақоратлар ва ҳатто таҳдидларга ўтдилар. Бу эркаклар негадир акцияни айнан ўзларига қаратилган чақириқдек қабул қилдилар.

Бироқ флешмобни етарли даражада кўплаб ёшлар қўлладилар. Улар индамай ўтирадиган вақт ўтиб кетди, деб билдирдилар. Зўравонлик ва камситишга дуч келган қизлар ва аёллар ҳокимият идоралар томонидан ёрдамига, ишончига ва тушунилишига умид қилган ҳолда жамиятда очиқ диалог олиб боришни ўрганишлари керак,

«Биз ҳаммамиз бу билан тўқнаш келганмиз»

Флешмоб иштирокчиси. Плакатдаги ёзувда «Аёл ҳайвон эмас» дейилган. Exponaut Art Gallery Facebook саҳифасидан олинган фотосурат

Флешмоб, бундай резонанс сабаблари ҳақида «Фарғона» Exponaut асосчиси Нигина Холмухамедова билан суҳбатлашди.

— Нима ўзи бу Exponaut?

— Бу 12 ой давомида муваффақиятли тарзда ўтказилган 18 та ивентлар (ҳодисалар), галереялар ва илҳомлантирувчи одамлар билан ҳамкорлик ҳамда арт-майдонча. Биз – ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини, санъат ва маданиятни қамраб оладиган кўп қиррали лойиҳамиз. Бизнинг мақсадимиз – фуқароларимизнинг санъатга ҳамда мамлакат ҳаёти учун муҳим масалаларига қизиқишни ортириш. «Экспонат» – бу «ҳаёт билан ҳамнафас» деса ҳам бўлаверадиган ҳамда жаҳон кун тартиби билан хабардор бўлган ижодий уюшма.

— Бундай акцияни ўтказиш фикри қандай қилиб ва нега келди? Жамоатчилик эътиборини жамламоқчи бўлган вазиятларга ҳам ўзингиз шахсан тушганмисиз?

— Жамоа аъзоларимизнинг ҳаммалари гендер тенглик масалалаларига ўта ҳарислик билан ёндашади. Сўнгги янгиликлар (Фарғонада калтакланган қиз, ўз эри томонидан ўлдирилган аёл, Қашқадарё вилоятидаги қизнинг ўлдирилишига гумонлар тўғрисидаги) муаммо ҳақида гапирадиган вақт етиб келганини англатувчи туртки бўлиб хизмат қилди. Флешмоб ўтказиш тўғрисидаги ғоя қўққисдан келди. Буларнинг барини қисқа муддат ичида ташкил эта олганимиздан ҳамда бизни қўллайдиган одамлар топилганидан хурсандмиз. Биз деярли ҳар куни кэтколлинг (кўчда қизларга хиралик қилиш), мизогинея (аёллар ва қизларга нисбатан совуқ назар ёки қотиб қолган нотўғри фикрлаш) ва ҳоказоларга тўқнаш келамиз.

Флешмобнинг асосий мақсади – жамоатчилик эътиборини жалб қилиш бўлган. Жамият қандайдир муаммони фаол равишда муҳокама қила бошласа, резонанс содир бўлади, мулоҳаза учун янги кун тартиби пайдо бўлади. Биз қизлар эркаклар муаммо деб ҳисобламайдиган нарсалар ҳақида гапиришни исташларини кўрсатиб қўйдик. Эҳтимол, улар учун бу фақат «чақирувчи сўзлар» бўлиши мумкин, аммо бизлар ва бошқа қизлар учун булар жуда оғриқли сўзлардир. Кўринишидан, оддийгина матн, бироқ бизлар учун бу жуда муҳим бўлган қадам. Биз фикрни етказмоқчи бўлдик ва асосийси шу. Биз кимнидир ҳақорат қилмоқчи эмасдик, балки муаммоларни ёритишга уриндик. Мазлумлар гуруҳи ўз ҳуқуқларини билдира бошлаганида, имтиёзга эга гуруҳ эса уларни тушунмаётган ҳамда ўз имтиёзларидан маҳрум бўлишни истамаганида доим шунақа бўлиб келган.

— Флешмобга нисбатан билдирилган муносабатларга қандай қарайсиз?

Таниқли блогер Дима Қаюмнинг муносабати. Дима Қаюмнинг Facebook саҳифасидаги фотосурат

— Ростини айтсам, биз бундай шиддатли муносабатларни кутмагандик. Албатта бу борадаги ҳиссиётларимиз икки тарафлама. Бир томондан – шунча лоқайд бўлмаган одамлар борлигини билиш ёқимли. Бироқ бошқа тарафдан олиб қараганда, негатив, агрессив ва ёқимсиз шарҳлар жуда кўп бўлди. Шунингдек, бизга қарата таҳдидлар ҳам бўлди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилганимиз йўқ, ҳозирча ўртадаги «тинчликни» бузмасликка қарор қилдик. Бироқ, агар таҳдидлар кўпаядиган бўлса, унда ариза бериш ҳақида ўйлаб кўрамиз.

Негатив тўлқинига қарамай, биз етарли даражада кўплаб қўлловчи ва миннатдорчилик сўзларини ҳам эшитдик. Бизнинг мақсадимиз – жамиятнинг эътиборини кундалик турмушимизни шакллантирувчи оддий «майда-чуйдаларига» тортиш эди. Биз муҳокамани ривожлантирмоқчи бўлдик. Афтидан мақсадимизга эришдик ҳам, аммо агрессия ҳаддан зиёд ошиб кетди. Ҳолбуки, аввали бошдан мақсадимиз жуда ҳам беозор эди. Бизнинг атрофимиздаги яқинларимиз бизни жуда ҳам қўллаб қувватладилар ва ёрдам беришда давом этмоқда. Кўпчилик ёрдам қўлини чўзишмоқда ва бардам бўлишимиз бўйича тилакларини билдиришмоқда. Турган гап, яқинларимизнинг флешмобга нисбатан муносабатлари хавотирли, ҳар ҳолда, улар бизнинг хавфсизлигимиз борасида қайғурдилар.

Биз ҳаракатларимизни яхши ўзанга қарата йўналтирмоқчимиз, мақсадимиз – жамиятга фойда келтириш, оддийгина шовқин кўтариш эмас. Биз бугунги ҳаракатларимиз келгусидаги ҳаётни яхшилашига жуда ҳам умид қиламиз.

«Бундай акция барибир бомбалар остида қолиб кетган бўларди»

«Фарғона» феминист ва фаол, «НеМолчи.уз» пабликнинг асосчиси Ирина Матвиенко билан суҳбатлашиб, флешмоб ҳақидаги фикри билиан қизиқди.

— Билишимча, бу сўнгги бир неча йиллар давомида мамлакатимизда феминистлар томонидан уюштирилган биринчи шундай флешмоб бўлди, — деди Матвиенко. – Ваниҳоят ўз позициялари ҳақида тўғридан-тўғри билдиришга, қўрқмасликка, индамай турмасликка, барча имкониятли ҳаракатларни амалга оширишга бошладилар. Балки шунақанги бирор нарса аввал ҳам бўлиб ўтди-ю, эътибордан четда қолиб кетдими?

Ушбу флешмобни бутунлайига феминистик деб бўлмайди, негаки, унга турли тоифадаги одамлар қўшилдилар, улар ўзларини феминист ёки профеминист деб ҳисобламайдилар. Бироқ бу ишни айнан феминист қизлар бошлаб бердилар. Флешмобнинг ўзи ҳам мутлақо аёлларга хос эмас, унда лоқайд бўлмаган эркаклар ҳам иштирок этдилар.

Азизбек Болтаев – бухоролик психотерапевт Facebook саҳифасидаги фотосурат

Икки йил олдин биз онлайн-флешмоб ўтказганмиз – аёллар Facebook ижтимоий саҳифаларида аватаркаларга қора квадрат рамзини қўйиб, бир кун давомида онлайнга чиқмадилар. Бу «аёлсиз кун» деганни англатарди.

— Бу каби акцияларнинг нечоғли аҳамияти бор? Плакатлардаги ёзувлар каби кураш воситалари чинакамига фойда келтиряптими?

— Менимча, бу каби акциялар чинакамига фойда келтиряпти. Ҳар ҳолда, улар муаммоларга жамоатчиликнинг эътиборни жалб қиляптику, агар бу қизларнинг флешмоби остидаги шарҳларга қарасангиз, жамиятимизнинг ички тузилмасини кўришингиз мумкин. Плакатларда кимгадир ниманидир қилиш бўйича кўрсатмалар йўқ эди. Қизлар фақат ўзлари ҳақида, ўзларининг қадриятлари ҳақида гапирдилар, бироқ шунда ҳам ўзларига нисбатан айбловларга тўқнаш келдилар. Флешмобга нисбатан муносабатларнинг турлича бўлгани менга ёқди, негаки бу жамият муаммоларини юзага чиқармоқда.

Шунингдек, унга нисбатан расмийлар томонидан муносабатларнинг билдирилмаганида ҳам ибрат бор. Умуман олганда, расмийлар Эвелина билан содир бўлган ҳодисадаги каби ҳеч нарса бўлмаётгандек тутмоқдалар ўзларини. Эҳтимол бу гендер тенгсизлик муаммолари йўқлигини намоён этаётганидек кўрсатувчи реал сиёсат бўлиши мумкин. Де-факто, ушбу мавзу эътибордан четда қолмоқда. Ақалли, кам деганда мунозаралар ўтказилиши мумкин эди. Бироқ бизда афсуски сукунат: ёки эътибор беришмаяпти ёки ушбу муаммога эътибор бермасликни афзал кўришяпти. Ваҳоланки бизда эркаклар билан аёлларнинг тенг ҳуқуқлигини кафолатлайдиган қонун бор, бироқ ушбу қонун бузилаётган вазиятларни ёритишни негадир хоҳлашмаяпти.

— Афсуски, жуда кўп одамлари ушбу активизмни одатдаги хайп сифатида баҳоладилар, бунақа йўл билан ҳеч нарсани ҳал қилиб бўлмайди, дедилар. Шу флешмобни бошлашга арзирмиди ўзи? Балки муаммони қандайдир бошқача йўл билан кўтариш керак бўлгандир?

— Ҳар қандай активизмга қарши чиқадиган ва албатта фаолларнинг қилаётгани иши «хайп»дан бошқа нарса эмас (хайп – инглиз тилидан кириб келган сўз, сунъий тарзда асоссиз кўтарилган шов-шув. – таржимон изоҳи), ҳаммаси пул учун қилинмоқда дейдиган одамлар топилади. Бироқ бу ишни уюштириш керак эди, активизм ҳар қандай бўлиши мумкин, агар унинг бошқа одамларга зарари бўлмаса. Қизларнинг флешмоби беозор эди, бу протест эмас, балки ўзлигини намоён этиш эди. Ва сен бу акцияни қанақасига тақдим этганинг билан у барибир бомбалар остида қолиб кетарди.

— Ҳар ҳолда, қизларга нисбатан шунча агрессия ва қадрини туширишлик нега бунчалик кўп? Ва энг асосийси –аёлларнинг ҳаммалари ҳам уларни нега қўлламадилар?

Флешмоб иштирокчиси. Плакатдаги ёзувда «Мен текин ишчи кучи эмасман» дейилган. Exponaut Art Gallery уюшмасининг Facebook саҳифасидаги фотоси

— Эркакларнинг салбий муносабати ҳақида гапириладиган бўлса, афтидан улар ушбу акцияни уларнинг аёлларга нисбатан шилқимлик қилиш, уларни бир бўлак гўшт сифатида кўриш ҳамда калта шортик кийгани учун қоралаш ҳуқуқига тажовуз сифатида баҳолаган бўлишлари мумкин. Мисол учун, қизлардан бири ушбу флешмоб учун топда суратга тушган ва бу фотосуратнинг остида уни худди бозордаги товар сифатида муҳокама қилишмоқда, улардан бирортасининг хаёлига: «ахир бу тирик одамку» деган фикр келгани йўқ.

Аёлларнинг салбий муносабатига тўхталадиган бўлсак, буни ички мизогония дейилади. Моҳиятан, патриархал тизим аёлларни бошқариш учун яратилган ва аёлларнинг бирлашишига тўсқинлик қилган ҳолда уларни бошқариш жуда қулай. Патриархал қадриятларни авайлайдиган одамлар бундан жуда ҳам манфаатдорлар ва ушбу стереотиплар болаликдан бошлаб сингдирилади: «аёллар ғийбатчи», «аёллар орасида дўстлик бўлмайди», «ҳамма аёллар бири-бирига душман», «аёллар жамоаси – бу илонлар сақланадиган аквариум» ва ҳоказо.

Патриархал жамиятда эркаклардан иборат золимлар (имтиёзли) синфи ва имтиёзлардан маҳрум мазлумлар – аёллар синфи бор. Ушбу тизимда айрим аёллар имтиёзлиларга яқинлашиш учун ўзларини бошқа аёлларга ўхшамасликдарини намойиш этишга уринадилар ҳамда патриархал қадриятларни қўллай бошлайдилар. Бу ҳақда мен мизогония тўғрисидаги мақоламда батафсил ёзганман.

— Кўпчилик буларнинг ҳаммасини бизнинг маънавий қадриятларимиз билан боғламоқчи бўладилар. Нима, мана шундай плакатларни кўтариб туриш ҳамда нималарнидир талаб қилиш бизнинг «шарқона менталитетимизга» мос келмайдими?

— Одамларни айблаш ва қоралаш учун қайси миллатнинг қадриятини асос сифатида қабул қилишларини тушунмаяпман. Умуминсоний қадриятлар мавжудлигини биламан, уларни биринчи навбатда қўллаш ва ёйиш керак. Булар инсонпарварлик қадриятлари, инсон ҳуқуқлари устиворлиги қадриятларидир. Ва қачон шахс манфаатлари иккинчи даражага сурилган пайтда, мисол учун оилада, ана ўшанда зўравонлик пайдо бўлади.

Лолита Юлдашева