«Русофобиянинг ёрқин кўриниши»

Қозоғистоннинг ахборотлар жанги марказида қолиб кетгани ҳақида
РОССИЯ ВА ҚОЗОҒИСТОН ПРЕЗИДЕНТЛАРИ 19 АВГУСТ СОЧИ УЧРАШУВИДА. AKORDA.KZ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Россия Украинада махсус ҳарбий операцияни (МҲО) бошлаганидан сўнг, Қозоғистон Россиянинг КХШТ контингенти сафида январь ойи бошидаги тартибсизликларни бостиришга ёрдам бергани сабаб МҲОни қўллаб-қувватлаш орқали яхшиликларини қайтариши мумкин эди, аммо бундай йўл тутмади. Расмий Нур-Султон Украинага гуманитар ёрдам жўнатишни ташкил қилган кўнгиллиларга аралашмаган ҳолда, можародан узоқлашди. Бу ҳақда Россияда янграган дарғазаб баёнотлар, афсуски кейинчалик журналистлар кўмагида мақсадли ахборот кампаниясига айланиб кетди. Тафсилотлар – «Фарғона» материалида.

Яқинда Украинага Қозоғистондан учта Тез ёрдам машинаси етиб келди. Ateo Breaking Telegram-канали Қозоғистон расмийлари Россия ҳарбий махсус операция ўтказаётган давлатга ёрдам беришга қарор қилиб, машиналарни жўнатгани ҳақида хабар тарқатди. Бироқ, Нур-Султоннинг бу ҳаракатга алоқаси йўқ эди. Украина Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва мамлакатнинг Қозоғистондаги элчихонаси хабар беришича, автомобиллар қозоғистонлик ишбилармонлар ҳисобидан сотиб олинган. Ukrainian American House, Инициатива Е+ ва Виктор Пинчук жамғармаси жамоат ташкилотлари уларни Украинага олиб боришга ёрдам беришган.

Махсус операция бошиданоқ Қозоғистон расмийлари можаро иштирокчиларидан узоқлашганди. Мудофаа вазири ўринбосари Султон Камалетдинов бу борада жуда аниқ гапирди: “Биз ҳеч бир томонни қўллаб-қувватламаймиз. Бу борада ҳеч қандай савол туғилиши мумкин эмас”.

Бироқ, ҳамма қозоғистонликлар бу нуқтаи назарни қўллаб қувватламасдилар. МҲО бошлангандан бери юзлаб кўнгиллилар ва ташаббускорлар Украинанинг Қозоғистондаги элчихонаси орқали муҳтож ҳудудларга гуманитар ёрдамларни жўната бошладилар ва жабрланганлар учун маблағ йиға боладилар. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, гап юқоридан келган ҳокимият буйруғи ҳақида эмас, балки фуқаролик ташаббуси ҳақида бормоқда. Қабул марказлари Қозоғистоннинг 11 вилоятида: Қарағанда, Уралск, Семей, Уст-Каменогорск, Актау, Туркистон, Атирау, Экибастуз, Ақтўбе, Олмаота ва Нур-Султонда фаолият юритмоқда.

Штаб маълумотларига кўра, июнь ойи бошида қозоғистонликлар Украинага умумий оғирлиги 200 тоннадан ортиқ инсонпарварлик ёрдамини бир неча самолёт ва 11 та юк машинаси орқали жўнатишган. Ёрдам шахсий гигиена воситалари, озиқ-овқат, дори-дармонлар ва бошқалардан иборат эди. Республикада маҳаллий ҳокимятни жиғибийрон қилаётган Украинани қўллаб-қувватлаш мақсадида концертлар уюштирилмоқда, шунингдек турли тадбирлар — 24 август куни, масалан, кашта тикилган кўйлакларда (вышиванка) югуриш хайрия тадбири белгиланган. Ундан тушган маблағлар Чернигов вилоятидаги мактабларни тиклаш учун йўналтирилади.

Расмий Нур-Султон бу фаолиятга унчалик ҳам аралашмаяпди. Баҳорда расмийларнинг ўзлари Украинага дори-дармон, озиқ-овқат ва чойшаблардан иборат учта махсус рейс жўнатдилар ва шу билан чекландилар. Кундалик ҳаётда республика раҳбарияти нозик мувозанатни сақлашга ҳаракат қилмоқдабир томондан Украинани қўллаб-қувватловчи митингларни тақиқламоқда, иккинчи томондан, махсус операция тимсоли бўлмиш Z ва V ҳарфлари учун одамларни жавобгарликка тортмоқда.

МҲО узоқ давом этгани сари, мувозанатни сақлаш шунчалик қийин кечмоқда. Қолаверса, «катта қўшни» сўнгги пайтларда Қозоғистондан ҳарбий операцияга мутлақо бошқа муносабат билдиришини кутяпти.

Баҳорда ушбу мақсадда Нур-Султонни русофоб сиёсат ва хиёнатда айблаган ҳолда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланди. Эндиликда ўнлаб донгдор Telegram-каналлари ахборот кампаниясига қўшилди, деярли ҳар куни Россия расмий матбуоти текширмаган ҳолда ғирт ёлғон ёки бузиб кўрсатувчи маълумотларни ушбу каналлардан олиб ёритмоқда.

ℹ️ Мақола бошида қозоғистонлик тадбиркорлар томонидан Украинага топширилган Тез ёрдам машиналари ҳақида гапирган эдик. Бу ҳақда Россия ҳукуматига қарашли Газета.Ru. ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилганди. Унда ёзилишича ушбу машиналар нафақат Қозоғистон расмийлари томонидан юборилган, балки улар Украина қуролли кучлари учун мўлжалланган.

Газета.Ru Твиттеридан скриншорт

Шу маънода, Қозоғистоннинг гўёки Буюк Британияга қуроллар сотаётгани ва ушбу қуроллар кейинчалик Украинага етказиб берилаётгани ҳақида маълумот ҳам қизиқ туюлади. Тегишли ҳужжатлар август ойи бошида россияпараст «Берегини» хакерлар гуруҳи томонидан чоп этилган. Айтилишича, келишув «Техноэкспорт» воситачилигида амалга оширилган.

Дастлаб ушбу янгилик Россиянинг Телеграм каналларида фаол «ўтлаб юрди», кейин эса оммавий ахборот воситаларининг эътиборига тушди. Қозоғистон Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги (СИРВ) буни зудлик билан рад этиб, вазирлик «Техноэкспорт»га ёки бошқа бировга Буюк Британияга қурол экспорт қилиш учун лицензия бермаганини таъкидлади. Қуролларни реэкспорт қилиш учун зарур рухсатнома ҳам вазирлик томонидан берилмаган. Ушбу масалага барҳам берилгандек бўлганди…Бироқ, жумладан МҲОни ёритишга мутахассислашган «Рыбарь» Телеграм канали Қозоғистон СИРВ баёнотини «асоссиз» деб атади ва Техноэкспорт ҳужжатларини «тубдан ўргангандан» сўнг унда зарур лицензиялар ва рухсатномалар борлигини аниқлаган.

«Рыбарь» Telegram-каналидан скриншот

«Шундай экан, Қозоғистон ҳукумати ўзини оқлаш ниятида, яъни Россиянинг рухсатисиз совет қуролларини экспорт қила олмасликлари ҳақида гапиришмасин, улар бу ишларни ёпиқ эшиклар ортида амалга оширадилар», — деб ёзади ярим миллиондан ортиқ аудиторияга эга канал муаллифлари.

Яъни, Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари эмас, раҳбарияти эмас ёки ихтисослаштирилган тузилмалари, ҳаттоки бирон бир оммавий ахборот воситалари таҳририяти ҳам эмас, билакс, жазосиз қолишини билган бир аноним Телеграм канали Қозоғистон вазирлигини ёлғон гапиришда айбламоқда.

Сўнгги кунларда Қозоғистон учун жуда оғриқли мавзу бўлган болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ ҳикоя ҳам худди шундай принципда «чайналди». Олмаотада бир гуруҳ ўсмирлар 4 ва 9 ёшли икки ака-укани бир-бири билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаш мақсадида уларни тахқирлаган. Болаларнинг онаси ёрдам сўраб НеМолчи.kz жамоат фонди ва журналистларга мурожаат қилган, шунингдек, полицияга ариза ёзган. Бироқ, кейинроқ «Многонационал» Телеграм каналида «Қозоғистонда ёввойи мамбетлар ака-ука бўлган кичик рус болаларини ўйин майдончасида жинсий алоқа қилишга мажбурлаган ва ҳаммасини камерага ёзиб олган» сарлавҳаси остида видео пайдо бўлди. Мавзуни Россиянинг «Царьград» телеканали илиб кетди ва «Қозоғистонда русофобиянинг яна бир очиқ кўриниши» ҳақида маълумот берди. «Бу сафар Россиядан нафратланган одамлар ўзларининг ифлос ишларида ҳаддан ташқари қуюшқондан чиқишди – оқибатда рус болалари жабр кўрди», дейилади телеканал хабарида. Кейинчалик ушбу хабарни бошқа рус оммавий ахборот воситалари ҳам тарқата бошлади.

Шу орада жабрланган болаларнинг онаси раддия билан чиқди. Аёл бу нашрларни провокация деб атади. «Ҳодисада иштирок этган барча болалар Европа миллатига мансуб ва бу ишга миллий ранг бермаслик лозим. Мен туғилганимдан бери Қозоғистонда яшайман, бошқа миллат вакилларидан дўстларим кўп. Биз ҳаммамиз аҳил яшаймиз», — дейди у. Шу билан бирга, Олмаота полицияси аёлнинг аризасига кўра, миллий адоватни қўзғатиш моддаси бўйича иш очган эди.

Ушбу провокация учун ким жавобгар бўлади, савол очиқлигича қолмоқда. Ахир, «ёввойи мамбетлар»ни биринчи бўлиб эълон қилган «Многонационал» Телеграм канали аноним канал бўлса. Қолаверса, раддиядан кейин ҳам унинг муаллифлари жазосиз қолишини ҳис қилишиб, охир-оқибат қозоғистонлик полициячиларни «тепишди», жабрланган болаларнинг онаси «раддия ёзишга мажбур қилингани»ни айтишди. Улар, албатта, бу даъво учун ҳеч қандай далил келтиришмаган.

Многонационал Telegram-каналидан скриншот

Россиянинг ҳукуматпараст жамоатчилиги икки давлат муносабатларидаги яна бир нозик масала – тил масалани ҳам четлаб ўтишмади. Биринчидан, ижтимоий тармоқлар яқин 6-7 йил ичида қозоқ мактабларида рус тилида ўқитиладиган синфлар йўқ қилиниши ҳақидаги хабарларни кенг тарқата бошлади. Бу ҳақда ОАВдан «Глас.ru» ва «Царьград ТВ» телеканали хабар тарқатди. Маълум бўлишича, улар Қозоғистоннинг 31 каналининг икки йил олдинги репортажига ишора қилиб, унинг моҳиятини бузиб кўрсатишган. Қозоғистон Таълим вазирлиги мазкур сохта хабарларни рад этди, бироқ бир неча кундан кейин матбуотда мактаблардаги рус тили масаласи яна пайдо бўлди.

16 август куни Таълим вазири Асхат Аямагамбетовнинг баёнотидан сўнг ижтимоий тармоқлар ва Телеграм каналларида Қозоғистонда 2022 йилдан бошлаб биринчи синф ўқувчилари рус тилини ўрганмаслиги ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Қайд этилишича, биринчи синф ўқувчилари учун фақат қозоқ тилини ўрганиш мажбурий бўлади. Дарҳақиқат, вазир фақат таълим давлат — қозоқ тилида олиб бориладиган мактаблар ҳақида гапирган, бироқ бир қатор манбаларда бу атайлаб кўрсатилмаган.

Федерал агентликлар (жумладан, ТАСС) ва Россиянинг йирик оммавий ахборот воситалари бу хабарнинг тўғри версиясини беришди, аммо уларнинг бунга жиддий эътибор беришлари ажабланарли.

kz.tsargrad.tv сайтидан скриншот

Бу ерда, июнь ойи бошида вазир Асхат Аягамбетов NUR.KZ мухбирига берган интервьюсида айнан шу нарсани айтгандиболалар учун уч тилда таълимни биринчи синфдан бошлаш қийин иш, шунинг учун бошланғич синфлар учун босқичма-босқич тилларни жорий этишга қарор қилинган.

«Биз бу масала бўйича қарор қабул қилдик ва биринчи синфда таълим қозоқ тилида олиб бориладиган мактабларда бола фақат битта тилни – қозоқ тилини ўрганиши, яъни дастлаб ўз тилида ўқиш ва ёзишни ўрганиши учун ҳозирданоқ ишлаяпмиз. Иккинчи синфда дастурга рус тили, учинчи синфда эса инглиз тили қўшилади», — дейди у. Ўша пайтда Россия оммавий ахборот воситаларидан биронтаси бу баёнот билан қизиқдими? Йўқ, албатта.

Юқорида тилга олинган барча материаллар фақат сўнгги икки ҳафта ичида маълум резонансга эга бўлганларидан. Шунингдек, собиқ президент, ҳозирда Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевнинг «ВКонтакте» ижтимоий тармоғида Қозоғистон ҳукумати «русларни геноцид қилиш» сиёсатини олиб бораётган «сунъий давлат» экани ҳақидаги пости ўчириб ташланди ( у чоп этилганидан 10 дақиқа ўтгач ўчирилган, унинг ижтимоий тармоқда пайдо бўлишини дастлаб матбуот хизмати, кейинчалик Медведевнинг ўзи хакерлик ҳаракати билан изоҳлади).

Бундан ташқари, Телеграм каналлари ва жамоат сайтларида қозоқ болалари рус боласини Нур-Султонда ўлдиргани каби жуда кўп сохта хабарлар «салб юриши»ни бошлади (бу ерда ўтган йили ҳеч ким бировни ўлдирмаганига доир муштлашув видеоси келтирилади).

Сўнгги пайтларда бундай сохта хабарлар сони шунчалик урчидики, буни режалаштирилган ахборот кампанияси дейиш мумкин.

Россия расмийлари буни қатъиян рад этади. Россия президенти Владимир Путин бир неча бор Қозоғистонни «стратегик ҳамкор», президент матбуот котиби эса «дўст давлат» деб атаган. 19 август куни Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев Сочига Владимир Путин билан учрашувга келди. Учрашувда президентлар қучоқлаб кўришдилар.

Кейинроқ Токаев икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ривожланиб бораётганидан мамнунлигини билдирди. «Бизни умумий чегара – дунёдаги энг узун қуруқликдаги чегара бирлаштириб туради, у бутунлай делимитация қилинган. Ҳамкорлигимиз келажаги ҳақида пессимистик прогнозлар қилишга, албатта, асос йўқ! Шахсан мен Қозоғистон Республикаси президенти сифатида барча соҳаларда икки томонлама ҳамкорлигимизга қўшимча суръат бағишлашга қатъий қарор қилдим», — дея Тўқаевнинг сўзларини келтиради Оқорда сайти.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ