Ўргимчак тўрига илинганлар

«Рёдан» уюшмаси ўзбекистонлик ўсмирларни нимаси билан ўзига жалб қилаётгани ҳақида
VEDOMOSTI.RU САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Россияда анча машҳур бўлган «Рёдан» фан-уюшмаси кутилмаганда Марказий Осиё мамлакатларига ҳам тезда етиб келди. Тошкентда ўнлаб ўсмирлар ушбу ҳаракат тарафдорларининг шаҳар марказига йиғилиш чақириғига жавоб беришди. Қолаверса, тадбир ташкилотчилари мавзули Телеграм каналлари маъмурлари лақаблари ортига яшириниб олиб, ёшларни нафақат севимли анимацияларини муҳокама қилишга, балки иложи бўлса, муштлашишга, биноларни бузиб ташлашга, умуман ўз кучи ва агрессиясини намойиш қилишга чақиришди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари 50 га яқин ўсмирлар қўлга олинганини маълум қилди, улар профилактик суҳбатдан сўнг уйларига қўйиб юборилган.

Хўш, ҳеч қандай қийинчиликсиз ўз йиғинига элликта тошкентлик йигитни жалб эта олган «Рёдан» вакиллари кимлар ўзи?

Тошкент «салом»га «алик» олди

«Рёдан» ҳаракати мухлислари, биринчи навбатда, ташқи кўриниши билан ажралиб туришади. Бу узун сочли, тўқилган шим ва устида одатда «тўрт» рақами бўлган ўргимчак тасвирланган қора футболкалардаги ёшлардир. Шунга ўхшаш татуировкалар япон комикслари ва Hunter x Hunter анимацион сериясидаги худди шу номдаги тўда аъзоларининг ўзига хос хусусияти бўлган.

Ўзбекистонда «Рёдан»га ўхшаган ёшлар гуруҳи йўқ. Қолаверса, номаълум каналлар маъмурларининг қўнғироқлари сабаб, белгиланган вақтда камида 50 нафар ўсмир «учрашув» жойига келгани жамоатчиликни ҳайратда қолдирди.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳар ИИБ 5 мартга белгиланган «рёданчилар» йиғини ҳақидаги маълумотларни ўрганиб, ушбу санадан икки кун олдин ота-оналарга огоҳлантириш берди. Бошқарма матбуот хизмати ўз хабарида ёшлар ҳаракати ҳақида қисқача тўхталиб, унинг Россия, Украина ва Белоруссияда тобора оммалашиб бораётгани, сўнгги пайтларда мазкур уюшма вакиллари оммавий муштлашувларда кўзга ташланаётганини таъкидлади.

«Ҳурматли ота-оналар! Фарзандларингизга эътиборли бўлинг, уларнинг қизиқишларини ўрганинг, айниқса субмаданий қизиқишларига бефарқ бўлманг.
Болаларнинг аниме ва мангага бўлган қизиқишини қоралаб бўлмайди. Лекин, бу қизиқиши туфайли у номаълум шахсларнинг таъсирига тушиб қолмаётганлигига, виртуал дунёни ҳақиқатдан ажрата олиш қобилиятини йўқотмаганлигига ишонч ҳосил қилинг», — дея пойтахт ИИБ ота-оналарга мурожаат қилди.

«Рёдан» ҳаракати тарафдорлари йиғилган куни Телеграм каналларида эълонлар такрорланди. Ташаббусчилар учрашув соат 18:00да пойтахт марказидаги Форумлар саройи ёнида бўлиб ўтишини тасдиқлашди. Қолаверса, скриншотларга қараганда бу матнларда таҳдид ва тажовуз борлиги кўриниб турарди ва у пировардида хавфсизлик кучларининг ёшларни ҳибсга олишига омил бўлди.

«Биз роппа-роса 86 кишимиз, уларнинг аксарияти совуқ, пневматик ва ўқотар қуроллар билан қуролланган. Агар йўлимизга тўсқинлик қилмоқчи бўлганларнинг барчаси енгил сайрни кутишаётган бўлишса, улар адашади. Бугун. 18:00 да», — дейилади «Рёдан» мухлисларига қилинган мурожаатда.

Бошқа постда админлар Форумлар саройини бузиб ташлашни ваъда қилиб, издошларини йиғилиш жойига «тиш-тирноқларигача қуролланган ҳолда» келишга ундашган.

Афтидан, анимечилар билан бўладиган учрашув хусусиятини инобатга олган ҳолда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари одатдаги услубда ҳаракат қилишган: Амир Темур майдонида «белгиланган соат»да йиғилган ўсмирлар билан ади-бади айтиб ўтиришмаган .

Ҳодиса гувоҳлари орасида Ўзбекистон Адлия вазири маслаҳатчиси Шахноза Соатованинг ўғли ҳам бор бўлган. У саккиз синфдоши билан кафеда ўтирган, бирдан фуқаро кийимидаги одамлар таъқибидан қочиб, болалар шу ерга қочиб киришган. Таъкиб қилган одамлар барча болаларни ушлай бошлашган. Соатованинг ўғли ва унинг бир дўсти қочиб улгурган, қолган синфдошлари қўлга олинган.

«Битта бола кўчада телефонга суратга олаётувди, қўлига уришди,телефони отилиб кетди, болани ерга босиб, қўлини қайлтирволишди, автобусга солиб кетишди» — дея ўғлининг сўзларини келтиради Соатова.

Бошқа гувоҳнинг сўзларига кўра, Форумлар саройи ёнида иккита автобус болаларни олиб кетишган. Орган ходимлари гувоҳномаларини кўрсатмай, ҳақоратомуз сўзлар билан калтаклаб, болаларни йиғиштириб кетишган.

Қилмиш-қидирмиш

5 март куни кечқурун Узнет тармоғида ҳибсга олинган ўсмирларнинг ота-оналари Яшнобод тумани ички ишлар бўлими ёнида тўпланиб, фарзандлари билан кўришишга рухсат берилмагани, адвокатлар бинога киритилмаганидан нолиётгани акс этган видео тарқалди.

Бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари болалар учун «Камерадаги тун» номли аттракцион ташкил қилмади ва профилактик суҳбатдан сўнг барчани уйига қўйиб юборди. Қизиғи шундаки, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳибсга олинганларнинг умумий сонидан фақат тўққиз нафари «Рёдан»га бағишланган Телеграм каналлари обуначилари бўлган. Яъни, маълум бўлишича, қолганлар Форумлар саройига ўргимчакли футболкаларда бир гуруҳнинг йиғилишини томоша қилиш учун келган ёки нотўғри вақтда нотўғри жойга тушиб қолишган.

iibb.uz сайти фотосурати

7 март куни Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси ўзининг Youtube каналида ўсмирлар билан содир бўлган воқеа ҳақида 15 дақиқалик видеорепортаж эълон қилиб, «Рёдан» душман ва бузғунчи ҳаракат эканини яна бир бор таъкидлади. Видео муаллифлари Россия, Украина, Белоруссиянинг бир қатор шаҳарларида субмаданият вакилларининг муштлашувлари ҳақида гапириб, Тошкентда ИИБ ходимларининг малакали ҳаракатлари туфайли провокацияга уриниш тўхтатилганини қайд этишган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари 5 март куни қўлга олинган ўсмирлардан бирида пичоқ топилганини аниқлаган. Унга пичоқ олиб юрганлиги учун маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Тақдим этилган интервьюларда болаларнинг ота-оналари ва яқинлари орган ходимларига миннатдорчилик билдириб, мутасаддиларнинг ўз вақтида аралашиб, «шармандалик»нинг олдини олганини таъкидлаган, катталарга фарзандларининг телефонларини диққат билан текширишни тавсия қилишган.

Майдонда ҳибсга олинган йигитлардан бири «йиғилиш» ҳақида иккита каналдан маълумот олганини айтади, улардан бири рус, иккинчиси маҳаллий. У янгиликларни ўқиш учун уларга обуна бўлганини тан олган.

Яна бир қўлга олинган ўсмирнинг айтишича, «Рёдан» канали маъмурлари Форумлар саройи ёнида офниклар билан муштлашганини эълон қилган. Аниқлик киритайлик, офниклар Интернетдан ташқарида фаол ҳаёт кечирадиган ва кўпинча бошқа гуруҳлар билан низо қўзғатиш учун тўпланадиган ёшлар ҳисобланади. Агар Россия ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ерда асосан футбол ишқибозларининг «жанговор жамоалари» тушунилади.

Қизиғи шундаки, Тошкентда ҳам «анти-рёданчилар» бор. Улар тез-тез ижтимоий тармоқларда аниме мухлисларини таҳдид қилишади ва қўрқинчли видеоларни ёзиб олишади. Шаҳар ИИБ репортажига кўра, 5 март куни ходимларнинг «қўлга олиш» амалиёти пайтида ушбу тоифадаги ўсмирлар ҳам бўлган.

«Бизда бу ҳаракатни масхара қиладиган ўз гуруҳимиз бор, чунки биз уларни мутлақо бемаъни деб ҳисоблаймиз. Бошқа мамлакатларда юз берган тўполонлар эса мутлақо бефойда. Улар [«Рёдан»] фақат анархияни келтириб чиқаради, бу бизнинг давлатимизга ёмон таъсир қилиши мумкин»,дейди «ўргимчаклар» ҳаракатининг рақиби.

Унинг шериги салбий фикрлайдиган норасмий одамларга қарши курашиш учун Интернетда «анти-рёданчилар» гуруҳи яратилганини тасдиқлади. Аммо бугун гуруҳ интернетда йўқ, уни ўчиришди, дея қўшимча қилади тошкентлик йигит.

Ўзбекистонда маҳаллий норасмий ҳаракатларга бағишланган Nefor.uz Телеграм канали мавжуд. Ресурс маъмурлари, албатта, «Рёдан» атрофидаги вазиятни кузатиб боришган. Уларнинг сўзларига кўра, 5 март куни полиция ходимлари юздан ортиқ одамни ҳибсга олишган ва улар ўткинчи одамларни, курьерларни, шунингдек, нима бўлаётганини телефон орқали суратга олишга уринганларни ҳам ушлашган.

Ҳодиса тугаганга ўхшайди. Бироқ 8 март куни Nefor.uz сайтида норасмийларнинг янги «тинч йиғини» ҳақида эълон пайдо бўлди, у 11 март куни соат 18:00 да Форумлар саройи ёнида ўтказилиши режалаштирилган эди. У ерга «Рёданчилар» ҳам таклиф қилинган ва «фақат совуқ қуролларсиз» келиш таъкидланган.

«Бу сафар биз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қонунбузарлигига йўл қўймаймиз. Биз қонун доирасида ҳаракат қиламиз ва биз аллақачон келишиб олган Ғарб ОАВлари назорати остида бўламиз», — деб ёзади тематик канал маъмурлари.

Субмаданият вакилларининг учрашувлари давом этар экан, Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко томонидан тайёрланган ўсмирлар ва уларнинг ота-оналари бола ҳибсга олинганда ўзини қандай тутиш кераклиги ҳақидаги йўриқномадан парчаларни келтириш ортиқча бўлмайди.

Ўсмирлар учун маслаҳатлар:

❗️ милиция ходимлари билан зиддиятга тушмаслик ва ҳибсга олишга қаршилик қилмаслик лозим;

❗️ ҳеч қандай саволга жавоб берманг, фақат ота-она/қонуний вакиллари иштирокида гапиринг;

❗️ телефон олиб қўйилганда, прокурор ёки суд томонидан рухсат этилган қарорни кўрмагунингизча паролни ошкор қилмаслик ҳуқуқига эгасиз;

❗️ қонунни бузманг: жамоат жойларида чекиш ва спиртли ичимликлар ичиш, жанжал, ҳақорат қилиш қоидабузарлик ҳисобланади.

Ота-оналар учун маслаҳатлар:

❗️ ҳаммасини дафтарга ёзиб қўйинг, яхшиси, болани ушлаб туриш, тинтув қилиш, сўроқ қилишда қатнашган ҳар бир шахснинг исми ва лавозимини суратга олинг;

❗️ телефонингизга суратга олинг ёки ҳужжатларнинг нусхасини олиш ва болани ушлаб туриш, унинг ашёларини олиб қўйиш ва уларни текшириш баённомасини беришни талаб қилинг;

❗️Ушланганлик видеоёзуви ёки участкадаги видеоқайднома тасвирини кўрсатишларини талаб қилинг, ходимлар буни бажаришлари шарт.

Калаванинг учи қаёрга бориб тақалади

1998 йили режиссёр Ёшихиро Тагашининг Hunter x Hunter («Овчи овчига қарши») манга (япон комикслари) си чиқди. Бир йил ўтгач, ушбу асар асосида анимацион сериал пайдо бўлди. Сюжет жанговар кланларнинг қарама-қаршилигига асосланган бўлиб, улардан бири «Геней Рёда»» (сўзма-сўз таржимада «Арвоҳлар гуруҳи») деб аталади. Бу 13 кишидан иборат жиноий ташкилот, уларнинг ажралиб турадиган хусусияти жангчининг серия рақами бўлган 12 оёқли ўргимчакдир.

amic.ru сайти фотосурати

Аниме сериясига бўлган муҳаббатдан «Рёдан» мухлислари уюшмаси пайдо бўлади, кейинчалик у онлайн ҳамжамиятдан норасмий офлайн ташкилотга айланади. Жорий йилнинг 22 февраль куни Москвадаги энг йирик «Авиапарк» савдо марказида бўлиб ўтган оммавий муштлашув туфайли катакли шим ва ўргимчак қалпоқли ўсмирлар ўзларини баланд овозда ҳаммага танитдилар. Видео тезда Интернетда тарқалди ва кейин оммавий ахборот воситаларига кўчиб ўтди, «Рёдан»нинг ўзига хос пиар- кампанияси бошланди, унга модали қисқартма сўзлар «ЧВК» (хусусий ҳарбий компания) ёрлиғи ёпиштирилди. Бундан ташқари, видео шарҳловчилари ёзишича, «ўргимчак» кийимидаги озғин йигитлар ким билан — гопниклар билан (кўпинча ўз тенгдошлари изига тушадиган безорилар) ёки ўзлари билан ўзлари курашаётгани аниқ эмасди.

Бир кун ўтгач, «Лубянка» метро бекатида «рёданчилар» ва «футбололди» мухлислари офниклари ўртасида муштлашув бўлиб ўтган. Аммо у ерда япон мультфильмлари эмас, балки спорт мухлислари учун омад кулиб боққани кўриниб турибди.

Кейинчалик яна кучайди: «ЧВК Рёдан» ва Россиянинг бошқа шаҳарларидаги бошқа субкултуралар вакиллари ўртасида зиддиятлар борлиги маълум бўлди. Россия Федерацияси пойтахтида «ўргимчаклар» тарафдорларига қарши рейдлар бошланди.

«Рёдан» иштирокчилардан бири «Московский комсомолец»га айтганидек, анимечилар гопниклар ва офниклар ҳужумларидан тўйишганга – рёданчилар бир неча бор зарба бенришган, шундан сўнг тажовузкор гуруҳлар пайдо бўла бошлаган. Шундай қилиб ҳаракатга «ЧВК» тамғаси урилган.

«ЧВК – бу аслида ҳазил. Ўзингиздан қолар гап йўқ: ҳозирда хусусий ҳарбий компаниялар ҳақида гарлар тиқилиб ётибди. Биз ҳам қарор қилдик, токи биз ҳам кучсизларни ҳимоя қиладиган ўзига хос жангчилар эканмиз, ўзимизни ЧВК деб аташмиз»,деб тушунтирди ўсмир.

«Ўргимчаклар» аъзосининг ўзи бу ташкилотни норасмий бирлашма деб таърифлаб, улар «субмаданият”»эмаслигини таъкидлади.

Сиёсий таҳлил маркази ходими Михаил Захаровнинг фикрича, «ЧВК» аббревиатураси ёшлар ҳаракатининг оммалашишида катта рол ўйнаган. Унинг сўзларига кўра, агар уларни шунчаки «Рёдан» деб атаса, ҳеч ким сезмаган бўларди. Шундай қилиб, оммавий ахборот воситалари учта ҳарфнинг машҳур комбинациясидан жим ўтиб кетолмади, улар «Авиапарк»даги воқеани роса «ғажишди», шундан сўнг қарама-қарши гуруҳлар аниме одамларига «учрашув» белгилашди ва бутун мамлакат бўйлаб тўполонлар кенг ёйила бошлади. Барчани бирин кетин ҳибсга олган полиция ва Миллий гвардиянинг ҳаракатлари медиа майдонида «олов устига сепилган мой» эффектини берди.

Аслида, ҳеч қандай янгилик бўлмади, дея хулоса қилади эксперт.

Тарих фанлари доктори, Россия Фанлар академияси Этнология ва антропология институтининг етакчи илмий ходими, ёшлар субмаданиятига оид китоблар муаллифи Дмитрий Громов бу фикрга қўшилади.

«Ҳозирда ушбу ЧВК деб аталадиган нарса атрофида пайдо бўлган ахборот резонанси маънавий ваҳимадир. Фаоллар ва оммавий ахборот воситалари «пашшадан фил ясашди», — дейди мутахассис.

Громов бу ерда гап оддий мухлислар ҳаракати ҳақида кетаётганини ва у «Рёдан»ни экстремал ҳамжамият деб ҳисоблашга асос кўрмаётганини қўшимча қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ