Абай вилояти ўрмонларида ёнғин деярли бир ҳафта олдин бошланган эди. 40 даражали иссиқ ҳаво ва кучли шамол сабаб ёнғин шиддат билан тарқала бошлади. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кучлари ёнғинга қарши курашга кечикишди, бу эса табииий офат билан курашда ёлғизланиб қолган ўрмончиларнинг ҳаётига раҳна солди. Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев воқеа жойига етиб келди: у штаб йиғилишини ўтказди, ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди, Фавқулодда вазиятлар вазири Юрий Ильинни ишдан бўшатди. Оммавий ахборот воситаларида ҳодиса сабабларининг бир нечта версиялари пайдо бўлди — чақмоқ уришидан тортиб гулҳан ёқишдаги бепарволикгача. Демакким, терговчиларнинг республикада миллий мотам нега ёки кимнинг айби билан эълон қилинганини аниқлашлари учун кўп бош қотиришларига тўғри келади.
Ҳаммаёқ аланга ичида
Воқеалар хронологиясини кузатадиган бўлсангиз, Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Телеграм-каналида Батпаев ўрмон хўжалиги ҳудудида юз берган ёнғин билан боғлиқ биринчи хабар 8 июнь куни пайдо бўлганди. Вазирликнинг аниқлик киритишича, 0,3 гектар майдонда дарахтлар ёниб кетган. Ёнғинни бартараф этишга вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан 31 нафар қутқарувчи ва тўққиз дона техника, шунингдек, ўрмон хўжалигидан 28 киши ва 14 дона техника жалб қилинган.
Янгилик сарлавҳасида вазирлик кучларининг «ёнғинни тезда бартараф этишга кўмаклашаятгани» айтилган. Тез-тез содир бўладиган ўрмон ёнғинлари ҳақидаги ушбу маълумот ФВВ хабарлар тасмасида «Мактаб лагеридаги хавфсизлик дарси» ва «Чўмилиш мавсумига тайёргарликнинг бориши» оралиғидаги янгиликлар орасида сингиб кетишини тахмин қилиш мумкин эди. Яъни, мутахассислар Абай вилоятидаги яшил камарга яқинлашиб келаётган офат кўламини аниқ эътиборсиз қолдиргандилар.
Ўша куни кечқурун, ёнғин «жиддий экани ва узоқ вақтга» келгани маълум бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин 2000 гектар майдонни қамраб олганини маълум қилди. Ўчиришга 167 киши, 47 та техника, жумладан, 3 та вертолёт жалб қилинган, қўшни вилоятлардан мутахассислар фавқулодда ҳолат жойига етиб кела бошлаган.
9 июндан бошлаб Абай вилоятидаги ўрмон ёнғинлари мавзуси биринчи ўринга чиқди. Вазирлик мунтазам равишда содир бўлаётган воқеалардан оммани хабардор қила бошлади. Турган гап, рақамлар ортиб борарди. Ёнғин тарқалиш зонаси геометрик ўсиш суръатида эди: ёнғин бошланганидан бир неча кун ўтгач, дастлаб 30 минг гектар, кейин 60 минг гектар ҳақида сўз юритила бошланди. Таққослаш учун, Олмаота шаҳрининг майдони 68,2 минг гектарни ташкил қилади.
Яъни, аланга Марказий Осиёдаги энг йирик шаҳарлардан бири бўлган Қозоғистоннинг собиқ пойтахти катталиги билан таққосланадиган ҳудудни қамраб олган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг ҳар бир хабари билан ёнғинни ўчиришга жалб этилган қутқарувчилар, ўт ўчирувчилар, ҳарбий хизматчилар, шунингдек, махсус техника ва вертолётлар сони ортиб бораверди. Табиий офат кўламини солиштириш учун 13 июндаги маълумотларни келтирамиз, унга кўра ёнғинни ўчиришга 1800 киши ва 350 га яқин техника жалб қилинган. Вазирликнинг қўшимча қилишича, ёнғин бошланганидан бери тахминан 4000 тонна ҳажмдаги 1300 дан ортиқ сув оқизиш ишлари амалга оширилган.
Афсуски, жанг қурбонларсиз бўлмади. 9 июнь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги уч киши ҳалок бўлгани, яна 11 киши бедарак йўқолганлиги ҳақида хабар берди. Аммо тез орада уларнинг жасадлари ҳам топилди, шунинг учун 14 нафар ўрмон хўжалиги ходими олов билан тенгсиз жангдан қайтмади.
Вазият мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаевни ғазаблантирди ва у шахсан ҳалокат зонасига келди. Унинг матбуот хизмати давлат раҳбарининг вертолётдан ёнғинлар кўламини қандай кўздан кечиргани, ҳалок бўлганларнинг яқинлари билан суҳбатлашгани, ёнаётган ўрмонлар билан қўшни аҳоли пунктлари аҳолисини эвакуация қилиш жараёни билан танишгани, штаб йиғилишини қандай ўтказгани ҳақида маълумотлар бериб борди.
Тўқаев тегишли вазирлик сустлиги ва ёнғин тарқалиши бўйича прогнозлардаги хатолардан норози бўлди.
10 июн куни президент Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Юрий Ильинни ишдан бўшатди. Унинг ўрнини Сирим Шарипхонов эгаллади.
11 июнь куни бўлиб ўтган Фавқулодда ҳолатни тугатиш бўйича штаб йиғилишида Қозоғистон раҳбари Абай вилояти департаменти ва ҳокимлигини яна бир бор қаттиқ танқид қилди, унинг сўзларига кўра, бу ҳолат «касбий бепарволик ва одамлар тақдирига мутлақо бефарқлик кўрсатди».
«Вазирлик, унинг раҳбарлари ўз вазифаларини бажаришга лоқайдлик билан ёндашади. Улар нима қилишни билишмайди, тез қарор қабул қилишолмайди. Шунинг учун ҳам бундай фожиалар рўй бермоқда», — деди Тўқаев.
Айни пайтда, 13 июнь куни эрталабки ҳолатга кўра, ёнғин таслим бўлмоқчи эмас. Бир кун аввал Абай вилояти ҳокими Нурлан Уранхаев ўз ҳисоботида ёнғиннинг умумий майдони 60 минг гектарга яқин бўлгани, шундан 43 мингтаси авжида эканини таъкидлади. Вилоят ҳокимлиги раҳбарининг сўзларига кўра, ёнғинни ўчириш икки йўналишда олиб борилмоқда, яқин атрофдаги аҳоли пунктлари аҳолиси Семей шаҳри ва Бородулуха қишлоғига эвакуация қилинган. Шунингдек, у учта уй ва иккита жиҳоз ёниб кетганини айтди. Бироқ, ис газидан заҳарланган ўрмон хўжалиги ходимларининг аҳволи яхшилана бошланди.
Чақмоқми, бепарволик ёки ўт қўйишми?
12 июнда Тўқаев Қозоғистонда Абай вилоятидаги ўрмон ёнғини пайтида инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан миллий мотам кунини деб эълон қилди.
Республика Экология вазирлиги 14 нафар ҳалок бўлганлар рўйхатини эълон қилди. Уларнинг барчаси «Семей ўрмони» давлат ўрмон қўриқхонаси ходимлари эди.
Ўрмон ёнаётган ҳудудга ташриф буюрган «Озодлик» радиосининг Қозоғистон бюроси (РФда чет эл агенти сифатида тан олинган) мухбирининг суҳбатдошлари қурбонларнинг фидойилиги ҳақида гапирган, чунки уларнинг кўпчилиги ёнғинни ўчириш учун шахсий машиналарида кетишган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, махсус жиҳозларга хизмат кўрсатиш ё бузилган ёки керакли эҳтиёт қисмларсиз ётибди. Маҳаллий аҳолининг айтишича, бир неча кун аввал бу ерда асфальт бўлмаган, ўрмончилар расво йўллар бўйлаб чакалакзорга етиб келишга мажбур бўлишган. Йўл қисман таъмирланган, фақат президентнинг ўзи ёнғин содир бўлган жойга келишини билишганидан кейин.
Шу муносабат билан кўнгиллилар Тўқаевнинг «у ерда барчани ўз лавозимидан бўшатиш керак» деган сўзларини қўллаб-қувватладилар. Улар ўлганлар тақдиридан ачиндилар, чунки кўп ҳолларда болалар ота-онасиз, оилалар боқувчисиз қолган эди.
13 июнь куни табиий офат қурбонлари сони 15 нафарга етди.
Полиция хизмат ити ёрдамида ёнғинни ўчиришга «пўлат от»ида борган тракторчи Сергей Архиповнинг жасадини топди, у бироз вақт ўтгач, алоқага чиқмай қолган ва бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилганди.
Республика расмийлари Абай вилоятида ҳалок бўлганларнинг оилаларига моддий ёрдам ажратилишини эълон қилишлари мумкин эди. Мамлакат бош вазири Алихон Смоилов давлат раҳбари номидан яқинларини йўқотган фуқароларга «Қозоғистон халқи» жамғармасидан етти миллион тенге (15,6 минг доллар) тўланишини айтди. Бундан ташқари, ҳар бир вояга этмаган бола учун икки миллион тенге (4460 доллар) берилади.
Бундан ташқари, Бош вазир ўрмон ёнғинлари оқибатида ҳалок бўлган ва жароҳатланганларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш учун қуйидаги чора-тадбирларни эълон қилди:
✅ оиланинг барча меҳнатга лаёқатсиз аъзоларига (болалар – вояга етгунга қадар) боқувчисини йўқотганлик учун республика бюджети маблағлари ҳисобидан нафақалар бериш;
✅ оиланинг барча меҳнатга лаёқатсиз аъзоларига боқувчисини йўқотганлик учун Давлат ижтимоий суғурта жамғармасидан бир марталик ижтимоий тўлов;
✅ уй-жойларни зарур мебеллар билан таъминлаш;
✅ Ягона пенсия жамғармасидан дафн этиш учун бир марталик тўлов берилади.
Тегишли бошқармаларга жабрланувчилар ва улар қариндошларининг кредит маблағларини ҳисобдан чиқаришдаги кредит юкини аниқлаш бўйича топшириқлар берилди.
Университетлар ҳам жавоб беришди — 40 та таълим муассасаси табиий офатдан жабрланган оилалар талабалари учун ётоқхоналардан жой беришга тайёрлигини маълум қилди. Шунингдек, улар ҳозирда тўлов асосида ўқиётганларни бюджетга ўтказиш имкониятини маълум қилишди.
Қўшимча қиламиз, Смоилов Абай вилояти ҳокимиятидан ўн кун ичида фавқулодда ҳолатнинг барча ҳолатларига ойдинлик киритишни ва республика ҳукуматидан тегишли хулосани тақдим этишни талаб қилган.
Айбдорларни қидириш ҳам давлат томонидан унга тегишли бўлган шахслар томонидан амалга оширилади. Полиция ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотдан сўнг дарҳол Қозоғистон Жиноят кодексининг 292-моддаси («Ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш, эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлиш») бўйича тергов ишларини бошлади.
Кейинчалик, ИИВ терговчилари ёнғин сабабларининг табиий келиб чиқиши ва инсон билан боғлиқ бир нечта версияларини кўриб чиқаётганини тан олди. Агар дастлаб фақат чақмоқ уриши ҳақида хабар берилган бўлса, энди полиция ўт қўйиш ва эҳтиётсизлик омилларини қўшди.
«Иш махсус прокурорлар томонидан назоратга олинган. <...> Ўт қўйганлик, бепарволик, чақмоқ уриши версияси мавжуд. Текширув ва қидирув тадбирлари ўтказилади. Терговга икки ой муҳлат берилди», — дея тушунтирди Ички ишлар вазири Марат Аҳметжанов.
Вазир, шунингдек президент Тўқаев Бош прокурорга Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг собиқ раҳбари Юрий Ильинга нисбатан текширув ўтказиш ва унинг мавжуд вазиятдаги хатти-ҳаракатларига баҳо беришни топширганини айтди.
Тергов натижалари қандай бўлишидан қатъи назар, энг ачинарлиси – табиий офатга қарши курашга шошилган 15 қозоқнинг ҳаётини қайтариб бўлмайди. Ва, афтидан бу қурбонликларга нафақат ёнғин, балки одамлар ҳам айбдор кўринади.
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
03 Октябрь03.10Мослашув имтиҳониРоссияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида
-
11 Сентябрь11.09Ўзингиз шундай қарорга келдингизНима учун Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиши ёмон ғоя экани ҳақида
-
03 Сентябрь03.09Улкан мусибатлар давриҚозоқларнинг сўнгги кўчманчи империя дастидан қандай омон қолгани ҳақида
-
16 Август16.08«Халқ ва давлат: АЭС бўйича референдум ким тарафида?»Қозоғистонда шу номдаги масалага бағишланган «Трансчегаравий журналистика» лойиҳаси ишга туширилди
-
15 Август15.08Катта оға Олмаотага етиб келдиҚозоғистонда бедарак йўқолганлар ва жиноятчиларни қидиришга сунъий интеллектдан фойдаланила бошланди