Аёллар қўллаб-қувватланди, Конституция қайта ёзилди, жамият бандитлардан тозаланмоқда

Ўтаётган йил Марказий Осиё постсовет республикаларида юз берган қандай воқеалар билан ёдда қолгани ҳақида
«Фарғона» коллажи

2023 рақами билан қайд этилган календарь йили ҳам ўз поёнига етмоқда. Ўтган йилни сарҳисоб қилиш, тарихда қолиб кетаётган 365 кунлик даврнинг унутилмас воқеаларини эслаш одат тусига кирган. «Фарғона» ортга назар ташлаган ҳолда жорий йили Марказий Осиё постсовет мамлакатлари учун трендга айланган воқеаларни кўриб чиқишга қарор қилди.

АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАР ҲИМОЯСИ УЧУН

Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи Марказий Осиёнинг барча давлатларида долзарб масала бўлиб, уларнинг кўпчилиги бир неча йиллардан бери оиладаги зўравонлик учун жазони кучайтиришни муҳокама қилиб келади. Зеро, кўпинча оилаларда патриархал стереотиплар устун келади, бу эркакларга ўз хотинларини “қайта қуриш” ва «тарбиялаш» имконини беради, ҳатто шубҳали СМС ёки бошқа «қилмишлари» учун қўл кўтариш учун ҳам.

Оиладаги зўравонлик жиноят деб қайд этилган Ўзбекистон учун 2023 йил илғор йил бўлди. Гарчи, ўтган йили ҳукумат қонун ижодкорлиги билан жиддий шуғулланган бўлса-да, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга якуний қўшимча ва ўзгартиришлар шу йил баҳорида киритилди. Улар парламент қуйи палатаси томонидан март ойида, Сенат томонидан апрель ойи бошида маъқулланди, тегишли қонунни ўша ойда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев имзолади. Ҳужжат 12 санадан кучга кирди ва унинг аҳамиятини сарҳисоб қилар эканмиз, машҳур “космик” иборани бошқача сўз билан тарифлаб, бу инсоният учун кичик, аммо Ўзбекистон жамияти учун катта қадам бўлди, дейишимиз мумкин.

Киритилган янги ўзгартиришларнинг муҳим тафсилотларини таъкидлаймиз. Асосийси, иккала кодексда «Оиладаги (маиший) зўравонлик» моддасининг пайдо бўлишидир. Биринчи марта зўровон шахс маъмурий жазога, максимал — 15 кунга ҳибсга олинади. Қайта такрорланган тақдирда жиноий жавобгарлик қўлланилади ва ҳақиқий қамоқ жазосини олиши мумкин. Шуниси эътиборга лойиқки, қоидалар собиқ турмуш ўртоқларга, шунингдек, никоҳсиз бирга яшайдиган фуқароларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Яна бир эътирофга молик воқелик – Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга «Жинсий зўравонлик» моддаси киритилгани бўлиб, унда жазо чоралари, жумладан, ташқи кўриниш ва фигурага нисбатан беҳаё сўзлар айтиш, одобсиз имо-ишоралар қилиш ва тегажоқлик учун жазо чоралари кўзда тутилган. Бундай хатти-ҳаракатлар учун ҳеч бўлмаса 15 сутка қамоқ жазоси қўлланиши зарурлиги гендер зўравонликка қарши медиа-лойиҳа ҳисобланмиш Nemolchi.uz сайти ўқувчиларининг метро ва автобусларда нотаниш шахслар томонидан таъқиб қилинаётгани, шунингдек такси ҳайдовчиларининг қўпол хатти-ҳаракатларига доир шикоятлари кўрсатиб турибди.

Шу билан бирга, ҳукумат вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жиноятлар учун жазони кучайтирди. Бундан ташқари, тегишли моддалар билан судланган шахсларни шартли равишда озод қилиш ва бошқа жазо чоралари бекор қилинди. Токи 2022 йил август ойида ўз ўқувчи қизларига тегажоқлик қилгани учун икки йиллик қамоқ жазосини олган, бироқ икки ойдан сўнг шартли равишда озодликка чиққан ўқитувчи Азад Ҳасановга доир воқеа такрорланмасин. Бу йил ёзда ўқитувчига «болаларга психологик ёрдам кўрсатишни» давом эттириш учун мактабга қайтишга рухсат берилгани хабар қилинганди. Жамоатчилик босими остида мутасаддилар ўзини ўнглаб олишди, Олий суд ўқитувчини панжара ортига қайтармаган бўлса-да, унинг таълим муассасаларида фаолияти тақиқланганини тиклади. Ноябрь ойида эса Ўзбекистонда болалар билан ишламаслиги керак бўлган шахслар реестри яратилиши маълум бўлди. Афтидан, судялар ва мансабдор шахсларга юқорида айтиб ўтилган ишлар бўйича қарор қабул қилишни осонлаштириш учун бўлиши керак.

ijtimoiyfikr.uz сайти фотосурати

Айтиш лозим, аёллар ва болаларни ҳимоя қилишга қаратилган қонуннинг қабул қилиниши фаоллар учун осон кечмаган. Сенат ҳузурида тузилган ишчи гуруҳ депутатлар билан бир йилдан ортиқ мунозаралар олиб борди, деярли бар бир пункт мағзини чақиб чиқди. Адвокат Дилфуза Куролованинг «Фарғона» нашрига айтишича, баҳслар кўпинча беш-олти соат, баъзан эса ўн соатгача давом этган. “Бу ерда биз соғлом фикрга қарши эмас, балки чуқур илдиз отган стереотипларга қарши курашдик», — дея аниқлик киритади суҳбатдош. Натижада, кўплаб экспертлар ушбу тузатишларни «ярим чора» деб аташса-да, ўзбек аёллар ҳаракати 2023 йилни, албатта, ютуқли ҳисоблаши мумкин.

Қозоғистонда ҳам ушбу тренд кам бўлмади, у ерда ҳам қонунчилар ўтган йилдан бери аёллар ва болалар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш устида тер тўкишмоқда. Бироқ, бу ерда вазият бошқачароқ, бу борада тегишли кўрсатмалар Президент Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан берилган, демак, мутасаддилар янги самарали меъёрларни ишлаб чиқишга қаттиқ бел боғлашган. Буларга, масалан, полицияга оиладаги зўравонлик бўйича маъмурий ишларни жабрланувчининг кўрсатмасисиз ҳам қўзғатишга рухсат берилган қоида киради. Яъни, жабрланувчи аёл қўрқитилган ёки бошқа сабабларга кўра органларга мурожаат қилолмаган тақдирда ҳам, терговчи видеокамера ёзувлари, кўрсатмалар, қўшниларнинг сўзлари ва ҳоказолар асосида зўравонни мустақил равишда жавобгарликка тортишга ҳақли.

Бундан ташқари, энди жиноятчи аввалгидек жарима билан қутула олмайди: биринчи бундай қоидабузарлик учун янги максимал жазо беш кундан ўн кунгача ҳибс ҳисобланади. Ҳуқуқбузарликни такроран содир этган шахсларга нисбатан тарафларнинг такрор ярашувини тақиқлаш тарзидаги қоида жорий этилган, шу сабабли, расмий статистик маълумотларга кўра, биргина жорий йил бошидан буён оилавий зўравонлик бўйича минглаб жиноят ишлари тўхтатилган. Қозоғистон расмийлари бу йўналишда ишларни давом этишмоқда.

Ушбу тенденция Тожикистонда қисман қўллаб-қувватланди, у ерда 2023 йил охирида вояга етмаганларга нисбатан ножўя ҳаракатлар учун жазолар кучайтирилди. Агар илгари судланган шахс кўпи билан беш йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин бўлган бўлса, энди — саккиз йилга қамалади. Шу муносабат билан Жиноят кодексининг тегишли моддасига болаларга қарши жиноятлар алоҳида кўриб чиқилиши учун қўшимча қисм киритилди.

Аммо Қирғизистонда эрлар ўз хотинларини, жумладан, собиқ хотинларини майиб қилаётгани, ҳаттоки ўлдираётганига оид воқеалар урчишига қарамай, қонунчилар негадир чора кўришга шошилишмаяпти. Ички ишлар вазирлигининг ачинарли статистикаси фонида мутахассислар томонидан тайёрланган ташаббуслар ҳақида хабар берилган. Хусусан, унда таъқиб қилувчи шахс учун жавобгарлик белгиланган ва Жиноят кодексига зўравонлик қурбонлари томонларини яраштиришга мажбурлаш банди киритилган. Аммо депутатларнинг, афтидан, бундан ҳам муҳимроқ вазифалари бор кўринади – масалан, давлат байроғидаги нурларни тўғрилаш: бу қонун лойиҳаси ҳатто муҳокамаларсиз қабул қилинди.

Ва ниҳоят, парадоксал Туркманистон. Бу ерда президент сунъий гўзалликка қарши курашмоқда. Мамлакатда пластик жарроҳлик амалиётини ўтказадиган муассасалар ёпилиб, ботокс укол қилган аёллар давлат хизматидан четлатилмоқда. Аёлларга ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш ва ҳатто олдинги ўриндиқда ўтириш ҳам тақиқланган. Бу ҳақда мустақил ОАВ ёзмоқда, бироқ расмий матбуотга кўра, мамлакатда гендер тенглиги гуллаб-яшнамоқда. Шу боис халқаро экспертлар Туркманистонни минтақа давлатлари орасида аёллар учун энг хавфсиз мамлакат деб тан олдилар, бу билан республикани табриклаш мумкин.

КОНСТУЦИЯНИ ҚАЙТА ШАКЛЛАНТИРИШ КУРСЛАРИ

Ўтган йилдан бери одимлаб келаётган яна бир тенденция — конституциявий ислоҳотлардир. Дастлаб Қозоғистонда бу масала билан шуғулланиш бошланди. 2019 йилдан бери ҳокимият тепасида турган Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакат Асосий қонунига ўзгартириш киритишни, хусусан, президентлик муддатини ўзгартиришни таклиф қилди. Агар бунгача давлат раҳбари курсида иккита «беш йиллик» муддатида ўтириши мумкин бўлган бўлса, эди ҳар бир киши мамлакатни фақат бир муддат, лекин етти йил бошқариши мумкин. Бошқа ўзгаришлар ҳам бўлди, масалан, пойтахт номи қайтарилди – шаҳар Нур-Султон ўрнига яна Остона бўлди. Лекин асосийси, Конституция ислоҳоти туфайли президентлик ва парламент сайловларини ўтказишга, амалдаги парламент ва ҳукуматни тарқатишга тўғри келди.

Умуман олганда, бу маъмурий ғам-ташвишлар. Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон халқи 2022 йил ноябрь ойида Тўқаевни «нолдан» янги муддатга қайта сайлаган эди, шу сабабли жараённинг энг муҳим қисми жорий йилга – парламент қуйи палатаси ва маҳаллий ҳокимият органларига бўладиган сайловларга тўғри келди. Афтидан, плебисцитдан чарчаган қозоқ халқида энди иштиёқ қолмаганди. Март ойида депутатлар бўйича овоз беришга мамлакатнинг деярли ярми эътибор бермади: сайловчиларнинг иштироки 54 фоиздан сал кўпроқ бўлди. Шунга қарамай, сайловлар бўлиб ўтди, гарчи ЕХҲТ экспертлари таъкидлаганидек, уларда шаффофлик йўқ бўлган бўлсада. Худди шу ойда парламент президент томонидан таклиф қилинган вазирликка номзодларни маъқуллаш орқали ўзининг «йил ролини» бажарди. Ҳукумат раҳбари Алихан Смаилов, собиқ вазирлар маҳкамасининг аксарият аъзолари сингари, ўз лавозимини сақлаб қолди.

Қосим-Жомарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёев. tengrinews.kz сайти фотосурати

Конституциявий ислоҳотлар Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Бу ерда ҳам ўтган йили ўзгаришлар қиритишга замин тайёрлана бошланди, бироқ бу жараён эксцессдан ҳоли бўлмади. Негадир Қорақалпоғистонни суверенитетдан (ҳатто қоғозда бўлса ҳам) маҳрум қилишга қарор қилган мулозимларнинг аҳмоқлиги бу республикада оммавий тартибсизликларни келтириб чиқарди ва бу ўтган йил июль ойида ўнлаб одамларнинг (расмий версияга кўра) ўлимига сабаб бўлди. Аммо мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёев кун тартибидан баҳсли тузатишларни олиб ташлаш орқали вазиятни тезда «қўлга олди».

Бироқ, қўшнилари каби, президентлик муддатини ўзгартириш учун жой топилди. Беш йиллик муддат кам деб топилди ва уни етти йилга оширдилар. Бундан ташқари, ҳар бир фуқаро кетма-кет икки мартадан кўп бўлмаган муддатга республика раҳбари бўлиш ҳуқуқига эга эди. Ислоҳотлар муносабати билан Мирзиёев ҳокимиятда ўтказган йиллари «ноллаштирилди».

Умуман олганда, Ўзбекистон қонунчилари Конституциянинг 65 фоизини янгилаб, катта ишларни амалга оширишди. Ушбу масала бўйича референдум арафасида Республика Асосий қонунининг амалдаги қисмларига 27 та модда, 150 дан ортиқ норма ва кўплаб «концептуал ўзгартиришлар» киритиш ҳақида сўз борди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур тузатишлар бўйича умумхалқ овоз беришдан олдин «Меники! сизники! Бизники!» (ҳа, ҳа, бу Конституция ҳақида) pr-кампанияси авж олди. Ҳамма жойда тарғибот ишлари олиб борилди, ҳатто болалар боғчаларида акциялар ўтказилгани ҳақида хабарлар берилди. Кўча-кўйда, интернетда, метрода махсус тайёргарликдан ўтганлар ижодкорлик бўйича беллашувлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бундай шароитда, албатта, апрель ойининг сўнгги кунига белгиланган плебисцит шиддатли тарзда ўтди: сайловчиларнинг 84,5 фоизи қатнашди, 90 фоиздан сал кўпроғи янги Конститутсияга овоз берди. Эртаси куни расмийлар мамлакат Асосий қонунининг янги таҳрири кучга кирганини эълон қилишди.

Конституция эпопеясининг якуний аккорди 9 июль куни бўлиб ўтган президентлик сайлови бўлди. Эҳтимол, жараённинг энг яхши тавсифини ЕХҲТ кузатувчилари бергандир: техник жиҳатдан ҳамма нарса яхши ташкил этилган, бироқ ҳаққоний сиёсий рақобат бўлмаган. Шавкат Мирзиёев 87 фоиздан ортиқ овоз тўплаган ҳолда рақибларини мағлуб этди. Шундай қилиб, барча ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда, эски янги президент республикани камида 2030 йилгача бошқаради.

Конституция Туркманистонда ҳам таҳрир қилинди. Тўғри, бу ерда ҳамма нарса анча осонликча кечди. 11 январь куни парламент юқори палатаси раиси Гурбангули Бердимуҳамедов бир палатали тизим ўрнатиш учун мамлакат Асосий қонунига ўзгартириш киритишни таклиф қилди. Шундан ўн кун ўтгач, депутатлик корпусининг умумий йиғилишида тегишли ўзгартиришлар қабул қилинганлиги эълон қилинди. Шундай қилиб республикада халқ ҳокимиятининг фақат битта органи – Халқ Маслахати (Халқ Кенгаши) қолди. Айтганча, ўша қурултойда давлат раҳбари Сердар Бердимуҳамедов парламент спикери, шунингдек, отасини туркман халқининг миллий етакчиси сифатида тан олишга доир конституциявий қонунни имзолагани хабар қилинди. Март ойида эса парламент сайловлари бўлиб ўтди, натижада ҳукуматни қўллаб-қувватловчилар депутат бўлишди. Уларнинг аксарияти, мустақил матбуот ёзганидек, амалдаги амалдорларнинг қариндошлари эди.

Қирғизистонда мамлакат Асосий қонуни нормалари ўзгартирилмади, бироқ Конституциявий суд атрофида баҳслар қизигандан қизиди. Ҳукумат кутилмаганда фаол Олтин Капалова томонига ўтиб, вояга етган фуқароларга отасининг исми ўрнига онасининг исмини олишга рухсат берди. Ўзаро баҳс-мунозаралар авж олди, жамият тарафдорлар ва қаршиларга бўлинди. Лекин асосийси, қаршилар гуруҳида президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев бор эди. Қарама-қаршилик Конституциявий суд фаолиятини ислоҳ қилишга олиб келди. Агар илгари унинг қарорлари устидан шикоят қилинмаган бўлса, энди бу мумкин бўлди. Қачонки, Конституцияга киритилган ўзгартиришлар ёки Конституциявий суд қарорлари «жамоатчилик онги»га зид келиб қолса. Кўринишидан, сўнгги формуладан қирғизистонликлар дарҳол маҳрум этилган она исмини танлаш имкониятига нисбатан қўлланилган.

Тожикистон Конституцияга ҳали тегмади, бу ерда ҳатто президентлик муддатини «ноллаштириш»га эҳтиёж ҳам туғилмаса керак. Эмомали Раҳмон умрининг охиригача мамлакатни бошқаришига ёки ҳокимиятни туркман тамойилига кўра фарзандига ўтказишига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Ҳатто АҚШ Давлат департаменти ҳам очиқчасига унинг ўғли Рустам Эмомалини давлат раҳбари лавозими вориси деб атайди.

МАФИЯ ЭНДИ БУ ЕРДА КУН КЎРМАЙДИ

Сўнгги эътиборга молик тенденция ҳисобот йилининг сўнгги чорагида уюшган жиноятчиликка қарши кенг кўламли курашлар олиб борилгани бўлди. Жараён Қирғизистонда бошлаб юборилди, бу ерда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев бандитларга қарши уруш эълон қилди. Кампания октябрь ойида «қонундаги ўғри», «Коля-қирғиз» номи билан танилган Қамчибек Қўлбаев махсус операция чоғида Бишкекда ўлдирилиши билан бошланди.

Шундан сўнг, бутун республика бўйлаб флеш-моб бошланди, унда жиноят олами вакилларининг бирин-кетин «кўча тушунчаси»дан воз кечиши ҳақидаги видеолари тарқалди. Муайян ҳудудларни «назорат қилувчи» ҳокимият органлари, турли хил ва таркибдаги уюшган жиноий гуруҳларнинг раҳбарлари ҳалол йўлдан боришга қарор қилишди. Шу фонда разведка хизмати «Коля-Қирғиз»нинг ноқонуний йўллар билан қўлга киритган мулкларини маълум қилди. Рақамлар ҳайратланарли – 850 та кўчмас мулк объекти, қурилаётган кўп қаватли уйлардаги 700 та хонадон, 60 дан ортиқ люкс автомобиллар. Рўйхатга олтин ва олмосдан ясалган (Қўлбаев 2008 йили Москвада криминал авторитетлар йиғилишида тож кийган эди) қиймати 500 минг доллар бўлган тож ҳам киритилган.

Ташиев очиқчасига жиноятга қарши уруш эълон қилиб, бундан буён республикада «қонундаги ўғрилар» ёки уюшган жиноий гуруҳлар бўлмаслигини айтди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қўлбаев ва божхона бошлиғининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг жиноий схемаларида иштирок этган мансабдор шахслар билан ҳам жиддий шуғуллана бошлади. Шу муносабат билан генерал 200 дан ортиқ обрўсига доғ туширган давлат хизматчисини ишдан бўшатишга ваъда берди. Хавфсизлик кучлари ғайрат билан ишга киришди — Ташиевнинг баёнотидан бир ой ўтгач, қўмита турли даражадаги 180 дан ортиқ мансабдор шахслар бандитлар билан алоқадор бўлгани учун ўз лавозимидан маҳрум бўлганини маълум қилди. Агар ишдан бўшатилган ва ҳибсга олинганларнинг барчасини санашга киришсак, МХДҚ раҳбарият режасини ё ошириб бажаргани ёки бу кўрсаткичларга яқин экани маълум бўлади.

Қамчибек Ташиев ва Садир Жапаров. kloop.kg сайти фотосурати

Бироқ, Ташиев янада илдамлаб олдинга кетди. Махсус хизмат идорасининг навбатдаги очилиш маросимида (улар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпаймоқда) хавфсизлик ходими мамлакатда фоҳишалар ва уларнинг иш берувчиларига қарши кураш бошланганини эълон қилди. У вилоятлар раҳбарларига барча фоҳишахоналарни ёпиш учун 24 соат вақт берди. Шуни таъкидлаш лозим, хавфсизлик кучлари «тунги капалаклар»га доир маълумотлар ва фотосуратларни Интернетга жойлаштириш орқали бироз ҳаддидан ҳам ошиб кетишди.

Аммо, улар айтганидек, «ўрмонга ўт кетса, ҳўл-қуруқ баравар ёнади». Навбат солиқ идораларига етиб келди, Ташиевнинг сўзларига кўра, солиқчилар бозорларда коррупцияни авж олдиришган, бу эса одамларда норозиликни кучайтирган. Гарчи савдогарлар патентларнинг бекор қилиниши ва касса аппаратлари жорий этилишидан норози бўлишган бўлса-да, расмийлар ушбу намойишларда давлат тўнтаришга тайёрлаётган «бузғунчи гуруҳлар изи»ни топишди.

Уюшган жиноий гуруҳларга қарши кураш Ўзбекистонга ҳам кўчиб ўтди. Бироқ, бу ерда ҳеч ким «тушунчалар» дан воз кечмади, аммо ҳибсга олишлар қизғин давом етмоқда. Декабрь ойи бошидан буён пойтахт ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари криминал авторитетлар, жумладан, жиноят оламида машҳур бўлган «Бахти Ташкентский» ва «Сайидазиз Медгородок» каби шахсларнинг ҳибсга олинганини хабар қилишди. Маҳаллий мафия етакчиси саналган, «Салимбой» ёки «Салимбойвачча»номи билан машҳур бўлган Салим Абдувалиев ҳибсга олингани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Кейинроқ Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бу фактни тан олиб, 73 ёшли тадбиркорга нисбатан ноқонуний ўқотар қурол сақлагани учун иш очилганига аниқлик киритди. Республика кураш ассоциацияси раҳбари, Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаётган «Салимбой» тергов изоляторида сақланмоқда ва унга беш йилдан ўн йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Тошкент ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари асосан товламачилик ва безориликда айбланган ўнлаб жиноятчиларнинг ҳибсга олингани ҳақида бир неча бор хабар беришди. Ушбу тенденция мамлакатнинг бир қатор вилоятларида давом этди, у ерларда ҳам жиноятчилар аялмасдан, пачкалаб қўлга олинди. Баъзи жойларда бу кампания биргина бандитлар билан чекланмади – масалан, Қашқадарё вилоятида уюшган жиноий гуруҳларга қарши ўтказилган рейд доирасида 600 дан ортиқ шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, оилавий зўравонлик ва жамоат жойларида спиртли ичимликларни истеъмол қилган одамлар ҳам шулар жумласидан бўлди.

Кўлбаевнинг ўлими Қозоғистонга ҳам таъсирини ўтказди, маълум бўлишича, у ерда унинг манфаатлари, демакким, шунга мос равишда муаммоларни жойида ҳал қилиб юрган шериклари бўлган. Хабар қилинишича, хавфсизлик кучлари «Коля-Қирғиз» билан алоқадор уюшган жиноий гуруҳ аъзоларини кенг кўламда ҳибсга олишни бошлашган. Лекин негадир бу жараён аста-секин сўниб борди.

Аммо республика чет элга ноқонуний олиб чиқилган активларни қайтариш дастурини ишга туширди. Бош прокуратура ҳузурида кенг ваколатларга эга махсус орган ташкил этилди. Айни пайтда мамлакатнинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев оиласига алоқадор олигархларнинг завод ва маблағларини мусодара қилиш бўйича ишлар қизғин давом этмоқда. Коррупцияга қарши кураш хизматлари эркинлик ва жиноий ишларнинг тўхтатилиши эвазига имкон қадар кўпроқ мулкни давлатга ўтказишга ҳаракат қилишмоқда. Собиқ Елбасининг собиқ қудаси Қайрат Боранбаев бу соҳада ғайрат қилди. У тергов билан келишувга эришди ва газ саноатида содир этилган ўғирликлар учун олти йил қамоқ жазосини олди, аммо тез орада унинг жазоси озодликни чеклаш билан алмаштирилди ва кейин суд тадбиркорнинг жазо муддатининг қолган қисмини ўзининг яшаш жойида ўтказишига қарор қилди. Озодликка чиқиш нарҳи ҳам кам бўлмаган: давлат фойдасига қарийб 200 миллион доллар активлар, Таълимни қўллаб-қувватлаш жамғармасига 66 миллион доллар ажратмалар, жиноий иш бўйича етказилган зарарни қоплаш учун 30 миллион доллар, шунингдек ер участкалари ва банкдаги маблағлар эвазига.

Тожикистонда уюшган жиноий гуруҳларга қарши кураш битта, лекин жуда шов-шувли иш доирасида олиб борилди. Гап Душанбе «Ориёнбанк» раҳбари ўринбосари Шуҳрат Исматуллоевнинг ўғирланиши ҳақида кетмоқда. Жабрланувчи оддий банкир бўлмаган, у республика президенти Эмомали Раҳмон оиласига яқин инсон бўлган. Шу сабабли, воқеадан бир неча кун ўтгач, Ички ишлар вазирлиги ҳатто банкирга доир ҳар қандай маълумот учун 30 минг доллар мукофот белгилади. Аммо, кейинчалик маълум бўлишича, жиноятчилар ўғирланган шахсдан унинг мол-мулки тўғрисидаги маълумотларни гапиртириш учун «ҳаддан зиёд уринишган». Исматуллоев қийноқлар остида вафот этган, унинг жасади ўлимидан бир ой ўтиб Тожикистон шимоли-ғарбидаги дарёдан топилди.

Жиноятчиларга келсак, уларнинг баъзилари собиқ мелиция ходимлари бўлиб чиққан. Айримлари дарҳол ҳибсга олинган, бироқ гуруҳ раҳбари, Бош прокуратуранинг собиқ ходими Дилшод Саидмуродов чет элга қочишга муваффақ бўлган. Айтганча, унинг ватанни тарк этолган шериги Кишинёв аэропортида муаммога дуч келган: тожикистонликда ҳужжатларга доир муаммо юзага чиқади ва у аэропорт ишчиларига қарата ўқ узади ва улардан икки нафарини ўлдиради. Жиноятчини қўлга олишади, бироқ у қўлга олиш пайтида олган жароҳатлардан вафот этади. Уюшган жиноий гуруҳ раҳбарига келсак, Тожикистон расмийларига кўра, у Россияда қўлга олинган ва Душанбега экстрадиция қилинган. Ҳозирда тергов материаллари судга оширилган. Суд Голливуд фильмларидаги воқеаларга ўхшаш ушбу жиноятга кўпроқ ойдинлик киритса ажабмас.

Уюшган жиноятчилик балоси фақат Туркманистонни четлаб ўтган. Расмийларга кўра, бу ерга ҳатто COVID ҳам бурнини суқолмаган.

Ўз поёнига етиб бораётган 2023 йил Марказий Осиё мамлакатларида шундай ҳодисаларга мўл бўлди.

Умид қиламизки, 2024 йил барчамизга кўпроқ яхши хабарларни олиб келади. Кириб келаётган Янги йил муборак бўлсин, азизлар!

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ