Ўзбекистон республиканинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши бўйича музокараларни қайта бошлаганига бир неча йил бўлди. Шу вақт ичида ишчи гуруҳ тузилди, ҳокимият органлари қонун ҳужжатлари халқаро стандартларга мослаштирилиб, мутахассислар билан маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда. Жорий йилнинг июнь ойи бошида эса ЖСТ раҳбари Нгози Оконжо-Ивеала Тошкентга ташриф буюриб, Марказий Осиё давлати ҳукуматининг глобал тузилмага қўшилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қайд этган эди. Аммо ташкилотга аъзолик ҳақида ҳозирча гап бўлгани йўқ. Ўзбекистон ЖСТнинг тўлақонли иштирокчиси бўлиши учун нималар қилиши керак? Бу масала билан «Фарғона» шуғулланиб кўрди.
Қийин музокаралар
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун илк бор 30 йил аввал, 1994 йили ариза берганди. Уни кўриб чиқиш жараёни анча чўзилиб кетди ва 2005 йили, машъум Андижон воқеаларидан сўнг ташкилот музокараларни музлатишга қарор қилди.
Мулоқот республикада ҳокимият алмашганидан сўнг – биринчи президент Ислом Каримов вафот этиб, Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги энг юқори лавозимни эгаллаганидан сўнг яна бошланди. Аммо, жараённинг фаоллашуви сўнгги бир неча йил ичида кузатилмоқда.
Мустақил иқтисодчи Юлий Юсупов фикрича, яқин-яқингача Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлишга уриниши утопик кўринарди.
«Бунинг иложи йўқ эди, чунки ташқи савдода жиддий тўсиқлар мавжуд эди. Улар республикада олиб борилаётган эркин бозор рақобатига салбий таъсир кўрсатувчи протекционизм сиёсати таъсири остида эди. Бундай шароитда ЖСТга кириш имконсиз эди. Кўп тўсиқлар барҳам топган 2017 йилдаги ислоҳотлардан кейингина Ўзбекистон яна ташкилотга аъзо бўлиш бўйича мулоқотни бошлашга муваффақ бўлди», — дейди эксперт «Фарғона»га.
Яна бир экспертимиз, халқаро савдо ҳуқуқи бўйича ихтисослашган ҳуқуқшунос Умида Хақназарнинг тушунтиришича, Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш бўйича ишлар қайта бошланганидан кейин амалда нолдан бошлашга тўғри келди.
«Жараённинг фаол муҳокамаси 2020 йили давом этди ва 15 йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон расмийлари ташқи савдо, иқтисодий сиёсат ва амалдаги қонунчиликка оид катта маълумотлар блокини қайта тайёрлашлари керак эди. Яъни, ташкилотни музокараларнинг янги раунди учун асослар билан таъминлаши лозим эди», — дея тушунтирди Хақназар.
Унинг сўзларига кўра, дастлабки бир неча йил давомида жараён тўхтаб қолган, чунки Ўзбекистон томонидан иш ёмон ташкил этилгани – ягона музокара стратегияси йўқ эди. Зеро, ЖСТ аъзолари қонунлар, савдо чоралари, ички тартиб-қоидаларнинг халқаро стандартларга мувофиқлиги тўғрисида саволлар берганда, улар аниқ жавобларни кутишади: номувофиқликларни бартараф этиш муддатлари, қонун ҳужжатлари лойиҳалари ва ҳоказо. Республика вакилларида аниқ маълумот йўқлиги сабабли ташкилот аъзоларида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишдан қанчалик манфаатдор бўлишига оид шубҳа пайдо бўлди.
«Бироқ, ҳозирда стратегия ўзгарди. Янги музокарачи Азиз Ўрунов тайинланди ва ўз жамоасини тузди. ЖСТ саволларига жавоблар анча сифатли ва тезкор бўлди, — дея давом этади адвокат. — Натижада йил давомида биринчи марта 3 та кўп томонлама учрашувлар бўлиб ўтди ва ташкилотнинг 11 аъзоси билан икки томонлама музокаралар якунланди. Энг муҳими, Ўзбекистон раҳбариятининг сиёсий иродаси мустаҳкамланди, бу эса республиканинг ЖСТга аъзо бўлиш нияти жиддийлигини исботлайди. Яъни яқин келажакда».
Мағлубиятсиз вазият
ЖСТга аъзо бўлишнинг салбий томонлари деярли йўқ, фақат айрим давлатлар ички қоидаларга риоя қилмагани учун ҳамкорлар рўйхатидан чиқарилиши мумкин. Аммо бу ҳолатда айб ташкилотчида эмас, балки ўз мажбуриятларини бажаришга ҳаракат қилмайдиган томонда бўлади.
Умида Хақназарнинг фикрича, ҳар қандай давлат каби Ўзбекистон учун ҳам
ЖСТга аъзо бўлиш нафақат глобал савдода иштирок этиш ва афзаллик масаласи, балки замонавий дунёда омон қолиш йўли ҳамдир.
«Халқаро интеграциясиз ривожланиш, фаровон келажак учун режалар тузиш ва рақобатбардош бўлиш мумкин эмас. Зеро, жаҳон савдосига кириш нафақат товар ва хизматлар алмашинувининг кенгайишини, балки ахборот, технология ва инновацияларни англатади. Буларнинг барчаси янги жиддий муаммолар: иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг камайиши ва ҳоказоларни самарали енгиш имконини беради», — дея хулоса қилади ҳуқуқшунос.
Мутахассисимиз Ўзбекистон аҳолисига ҳам таъсир кўрсатадиган яна бир қанча афзалликларни таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, ташкилотга аъзо бўлиш ҳукуматни бозор иқтисодиёти механизмларига ўтиш ва рақобат муҳитини яратиш бўйича таркибий ислоҳотларни ўтказишга мажбур қилиши билан фойдали бўлади, бу эса пировардида истеъмолчиларга таъсир қилади. Чунки камситувчи божларни бекор қилиш ва тарифларни пасайтириш айрим товар ва хизматлар нархининг тушишига олиб келади.
«Ўзгаришлар ички бозор сифати ва хилма-хиллигига таъсир қилади.
Масалан, ЖСТ қоидаларига мувофиқ озиқ-овқат хавфсизлигининг самарали тизимини яратиш озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини яхшилайди, бу эса одамлар саломатлигига таъсир қилади. Ёки, дейлик, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида стандартларнинг жорий этилиши контрафакт товарлар айланмасини қисқартиради ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга яна халқаро ташкилот талабларига жавоб берадиган янги маҳсулотларни таклиф қилишга рағбат беради», — дейди эксперт «Фарғона»га.
Юлий Юсупов Ўзбекистоннинг ЖСТдаги иштироки мамлакатнинг ташқи бозорлардаги савдо имкониятларини кенгайтиради, деган фикрда. Ўзбекистонлик экспортёрлар ўз маҳсулотларини умумэътироф этилган шартлар асосида хорижга етказиб бериш, келишмовчиликлар юзага келган тақдирда эса халқаро тузилманинг арбитраж органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Шу билан бирга, иқтисодчи республика учун яна бир муҳим афзалликни таъкидлайди.
«ЖСТга аъзо бўлиш биз ўзгартириб бўлмайдиган қоидалар тўпламига қўшилаётганимизни англатади. Яъни, процедура тугагандан сўнг
Ўзбекистон расмийлари энди ихтиёрий равишда бож тўловларини ошира олмайдилар ёки эркин савдога тўсиқлар қўя олмайдилар.
Мен буни асосий устунлик деб биламан, чунки иқтисодиётимиздаги муаммо шундаки, у «қўл услуби»да бошқарилади – нимани ҳоҳласанг, шуни қилишинг мумкин», — деб таъкидлайди эксперт.
Юсуповнинг ишончи комилки, ЖСТга аъзолик бюрократик қонунбузарликлар ва «инновациялар қичиши»ни чеклайди, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш ғояси остида сунъий монополиялар яратилишига чек қўяди. Кейинчалик маълум бўладики, ўша ишлаб чиқарувчи қандайдир жиноий компания бўлиб чиқади, унинг манфаати учун ҳаммаси режалаштирилган бўлади, — дея хулоса қилади «Фарғона» суҳбатдоши.
Сабрли бўламиз
Жаҳон Савдо Ташкилоти «ҳаводаги гаплар»дан кўра аниқ рақамлар ва ҳақиқий ҳисоботларга кўпроқ ишонишга тайёр бўлган иқтисодий тузилмадир. Ўзбекистон ҳукумати буни тушуниб, тадбиркорлар уюшмаси билан тўлиқ ҳамкорликни йўлга қўйиш учун реал қадамлар ташламоқда.
Масалан, жорий йилнинг июнь ойи бошида мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев қатор корхоналарнинг мутлақ ҳуқуқларини бекор қилиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжатнинг номи маҳаллий қонунчиликни ЖСТ қоидаларига мувофиқлаштириш доирасида яратилганлигини акс эттиради. Ислоҳот турли давлат компанияларини қора ва рангли металларни харид қилиш, шунингдек, табиий газ ва электр энергиясини импорт-экспорт операцияларини сотиб олиш монополиясидан маҳрум қилишни назарда тутади. Фармоннинг айрим бандлари фақат кейинги йил бошидан, айримлари эса 2026 йилнинг иккинчи ярмидан кучга киради. Демак, республика ҳали кўп йўлни босиб ўтиши керак, бу йўлнинг охири Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти иштирокчилари рўйхатига қўшилиши билан якунланади.
Умида Хақназарнинг фикрича, бу жараённи якунлаш учун Тошкент нафақат ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажариши, балки давлат корхоналарини хусусийлаштириш дастурини давом эттириши, айрим тарифларни пасайтириши, маҳаллий аҳолига қатор хизматлар учун кенг имкониятлар яратиши, шунингдек мамлакатда ишлаб чиқарилаётган товарларнинг халқаро техник стандартларга мувофиқлигини таъминлаш бўйича ишларни амалга ошириши лозим.
«Расмийлар, шунингдек, ташкилот мамлакатлари вакиллари билан учрашувлар ташкил қилиши керак. Бугун 30 дан ортиқ давлатдан ЖСТнинг 11 аъзоси билан музокаралар якунланди. Албатта, бошқа иштирокчиларнинг ҳам республикамизга саволлари бўлиши мумкин ва уларни тезда ҳал этиш зарур. Қолаверса, Ўзбекистон юзага келган вазиятга тезда жавоб бериши керак, чунки бу музокара жараёни шу билан фарқ қиладики, бу йўлда янги қонунлар қабул қилиш, турли меъёр ва меъёрий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш зарур бўлади», — дея қўшимча қилади «Фарғона» эксперти.
Юлий Юсупов, шунингдек, йўл поёнига қадар ҳали кўп ишлар қилиниши, хусусан, юқори божхона тўловларини камайтириш, тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, сунъий монополия ва эркин савдо ва рақобат тамойилларига тўғри келмайдиган тўсиқларга барҳам бериш бўйича кўп ишлар қилиниши кераклигига ишонч билдиради. Иқтисодчининг фикрича,
ЖСТга аъзо бўлиш, биринчи навбатда, Ўзбекистоннинг ўзи учун зарур бўлган ислоҳотлар учун драйвер бўлиши мумкин.
«Бизни ўзгартиришга асосан ташкилотнинг асосий иштирокчилари – европаликлар ва америкаликлар мажбур қилмоқда. Улар Ўзбекистоннинг ЖСТга тезда киришидан манфаатдор, чунки улар Россиянинг Марказий Осиё республикаси иқтисодиётига таъсирини камайтиришни хоҳлайдилар. Шу боис, АҚШ ва Европа айрим камчиликларга кўз юмади, деб ўйлайман. Албатта, бу аъзо бўлиш жараёнини тезлаштиради, лекин мамлакат резиденти ва иқтисодчи сифатида мен ЖСТ бу жараёнга жиддий ёндашишини ва расмийларимизни туб ислоҳотларни амалда амалга оширишга мажбурлашини истардим. Акс ҳолда, халқаро тузилмага, юмшоқ қилиб айтганда, яхши ислоҳ қилинмаган иқтисодиёт билан қўшиламиз», — дея хулоса қилади мутахассис.
Жараённи якунлаш муддати ҳақида гапирар экан, Юсупов республика президенти ва ҳукумати буни тезлаштиришга ҳаракат қилаётганини, бироқ ҳаммаси унчалик оддий эмаслигини, чунки жуда муҳим нарсаларни ўзгартириш кераклигини таъкидлайди.
«Эҳтимол, биз ЖСТга қийинчилик билан, чирмашиб кирамиз, чунки расмийлар глобал ислоҳотларни амалга оширишни истамайдилар ва қайсидир даражада уларни имитация қилишади. Бу қанчалик тез содир бўлади? Ўйлайманки, яқин икки-уч йил ичида», — деб башорат қилади иқтисодчи.
Умида Хақназар бу борада кўп нарса Ўзбекистонга ва унинг нақадар тез қарор қабул қилишига боғлиқлигини таъкидлайди.
«Мамлакатимиз қачон ташкилотга аъзо бўлишини аниқ айтиш қийин. Яқинда 2026 йили бўлиб ўтадиган навбатдаги ЖСТ вазирлар конференциясигача Ўзбекистон тўлақонли аъзо бўлишни режалаштираётгани маълум қилинди. Бу шуни англатадики, келгуси бир ярим йил ичида шерикларда ҳеч қандай савол қолмаслиги учун барча музокараларни олиб бориш керак. Асосан, бу ислоҳотлар суръатини тезлаштириш, шунингдек, республика раҳбариятининг сиёсий иродани сақлаб қолиши билан амалга ошириш мумкин», — дея хулоса қилади Хақназар.
-
27 Сентябрь27.09«Футболчилар ўйинини ўйнайверсин, футболни эса бошқалар бошқаради» — бундай тезиснинг яшашга ҳаққи йўқАлишер Аминов — Тошкентда бўлиб ўтган FIFPro Бош ассамблеяси ва Ўзбекистонда спортни бошқариш тизимининг ҳуқуқий асослари ҳақида
-
18 Сентябрь18.09Эрмитаж ва WOSCU — ҳамкорлик натижалариЎзбекистон маданий мероси Эрмитажни қанчалар ҳайратга солгани ҳақида. Павел Лурье маърузаси
-
11 Сентябрь11.09Ўзингиз шундай қарорга келдингизНима учун Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиши ёмон ғоя экани ҳақида
-
03 Сентябрь03.09Улкан мусибатлар давриҚозоқларнинг сўнгги кўчманчи империя дастидан қандай омон қолгани ҳақида
-
28 Август28.08ФотоПариждан СамарқандгаЭшкак эшиш каналида катта пойгалар бўлиб ўтди
-
27 Август27.08Нафас олиш ҳозирча мумкинТолиблар аёлларга нисбатан ҳижоб мажбурийлиги ва бир қатор тақиқларни қонун билан мустаҳкамлади