«Толиблар футболни тушунишмайди»

Афғон клубининг ОФК Чақирув лигасидаги истиқболлари ҳақида
"Аттак Энержи" чемпионлигини нишонлаш. "Аттак Энержи"нинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан олинган фотосурат

13 август куни футбол тарихида иккинчи бор Афғонистон терма жамоаси Осиё Футбол Конфедерацияси (ОФК) шафелигида ўтказиладиган клублар ўртасидаги халқаро турнирда иштирок этади. Ҳиротнинг «Аттак Энержи» клуби Чақирув лигасининг саралаш босқичида Қирғизистоннинг «Абдиш-Ата» клуби билан тўқнаш келади. Учрашув Жалолободда бўлиб ўтади.

Афғонистонда футбол юз йилдан бери мавжуд. Аммо унда барқарорлик йўқ. Бунинг сабаби доимий сиёсий инқироз ва даврий ҳарбий тўқнашувлар бўлиб, мамлакатдаги спорт инфратузилмасида тартиб йўқ. Бундай қийин вазиятда клублар учун ҳомийлар топиш жуда қийин — ҳар бир ишбилармон ҳар қандай дақиқада барбод бўлиши мумкин бўлган лойиҳага пул сарфлашга тайёр эмас: бу хоҳ навбатдаги тажовуз, хоҳ 2021 йили Кобулда ҳокимиятни эгаллаб олган толиблар* инжиқлиги туфайли бўлсин.

Шунга қарамасдан Афғонистон чемпионати 1994 йилдан бери озми-кўпми мунтазам ўтказиб келинмоқда. 2012 йили профессионал лигани яратишга ҳаракат бўлган. Шу билан бирга, Афғонистон ОФКга аъзо бўлишига қарамай, клублар халқаро турнирларда иштирок этмаган. 2017 йил бундан мустасно, мамлакат чемпиони «Шоҳин Асмайи» лицензия олишга муваффақ бўлган ва тарихда илк бор Афғонистон терма жамоаси ОФК кубоги саралаш босқичида иштирок этганди. Афғонистонликлар Тожикистоннинг «Ҳосилот» жамоасига қарши иккита ўйин ўтказишган. Ҳар икки учрашув Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган ва 0:0 ва 1:0 ҳисобларида тожикистонлик футболчилар фойдасига ҳал бўлган.

2020 йили турнир яна ислоҳ қилинган ва Афғонистон Чемпионлар лигаси деб аталган. Бироқ, бу моҳиятни ўзгартирмайди. Мусобақалар қисқа муддатли бўлиб, Кобулдаги стадионда марказлаштирилган форматда икки ойдан кўп бўлмаган муддатда ўтказилади.

Футболга мутлақо бефарқ толибларнинг (агар у аёллар футболи бўлмаса) иқтидорга келиши чемпионатга ҳеч қандай таъсир кўрсатмади. Аммо Ҳиротнинг «Аттак Энержи» жамоасининг қайта тикланиши ўйинни ўзгартирган кўринади. Клубнинг ҳомийси «Помир» қурилиш компаниясининг асосчиси ва раҳбари Алҳаж Аҳмад Шоҳ Фақирий бўлди. У жамоага сармоя кирита бошлади. Болалар академияси иш бошлади, жамоанинг ижтимоий тармоқлари фаол ишламоқда. Чемпионатда легионерлар, жумладан, Эрон, Покистон ва Нигериядан келган ўйинчилар ҳам майдонга тушишди. Авваллари хорижлик футболчилар Афғонистонга келишмасди.

Алҳаж Аҳмад Шоҳ Фақирий. «Аттак Энержи» матбуот хизмати фотосурати

Аммо айнан «Аттак Энержи» клубига жорий йил бошида анча юқори савиядаги хорижлик футболчилар, жумладан, Чехия чемпионатида ўйнаган нигериялик Икечукву Окори, Бенин ёшлар жамоасининг собиқ футболчиси Акпо Годвин, эронлик Беҳнам Ҳабиби ва тажрибали футболчилар келишди. Натижада «Ҳирот шерлари» 11 учрашувнинг барчасида ғалаба қозониб, бирорта ҳам гол ўтказиб юборишмади ва муддатидан аввал мамлакат чемпионлигини қўлга киритишди. Қолаверса, жамоа ОФК лицензиясини олди ва Чақирув лигасида иштирок этишга ҳозирлик кўрмоқда. Ҳомий Эронда ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиб, яна бир қанча профессионал футболчиларни сотиб олди, улар орасида нафақат Миср ва Нигериядан келган хорижлик футболчилар, балки Афғонистон терма жамоаси аъзолари ҳам бор.

«Аттак Энержи»нинг бахтига, инфратузилма ва рақиблар хавфсизлиги масаласи унчалик муҳим эмас, чунки битта саралаш ўйини бор ва у Қирғизистонда ўтказилади, чунки бу мамлакат ОФК рейтингида юқорироқ ўринни эгаллайди. Омади келиб, гуруҳ босқичига киритилса, ўйинлар марказлаштирилган форматда гуруҳ вакилларидан бирининг майдонида ўтказилади ва улар турнирни ўтказишга розилик беради ва тегишли ариза топширади. Афғонлар, шубҳасиз, буни қилишмайди.

Собир Перзад. Собир Перзаднинг ижтимоий тармоқдаги фотосурати

«Фарғона» мухбири спорт мутахассиси, афғонистонлик журналист Собир Перзаддан «Аттак Энержи»нинг ОФК Чақирув лигасидаги иштирокига оид фикрини сўради.

— Балки, «Аттак Энержи» бир кунлик лойиҳадир?

— Билишимча, бу жиддий лойиҳа. Тадбиркор жамоага катта сармоя киритган.

— Чақирув лигасида жамоадан қандай натижа кутяпсиз?

— Жамоа яқинда тузилган, хориж тажрибасига эга эмас. Аммо Эронда ташкил этилган ва маҳаллий клублар билан иккита синов ўйинини ўз ичига олган тайёргарлик ишларига қараганда, ижобий натижага эришиш имконияти бор. Бунга умид қиламан. Дарвоқе, ушбу клубда Афғонистон терма жамоасининг энг кучли футболчилари Маҳбоб Ҳанафий ва Фарзод Атоийлар тўп суради.

— Жамоада хорижлик футболчилар ҳам бор. Билишимча, уларнинг ҳаммаси мусулмон. Бу тасодифми?

«Аттак Энержи» легионерлари. «Аттак Энержи» матбуот хизмати фотосурати

— Афғонистон термасида илк бор легионерлар пайдо бўлди. Авваллари Афғонистон футбол федерациясидаги муаммолар, лиганинг тартибсизлиги ва албатта хавфсизлик муаммолари туфайли хорижликлар таклиф этилмаган. Саволнинг иккинчи қисмига келсак, диннинг футбол учун аҳамияти йўқ, деб ўйлайман, лекин Афғонистонда ҳукм сураётган шароит ва исломий «Толибон»нинг мавжудлиги, шунингдек, мамлакатда спортнинг сиёсатлаштирилганини эътибордан четда қолдирмаслик керак.

— Толиблар футболни ривожлантириш ниятидами?

- Аслида бу жараён уларга тегишли эмас. Улар на маҳаллий, на халқаро футбол ҳақида мутлақо тушунчага эга эмаслар. Афғонистон футболидаги ижобий ўзгаришларга кўп ҳам ишонмайман. Вақт кўрсатади.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

Александр Троицкий

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ