Қозоғистонда қарздорлар, жиноятчилар ва бедарак йўқолганларни қидиришда сунъий интеллектдан фойдаланила бошланди. Бу ҳақда яқинда Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида Республика Бош прокурори Берик Асилов маълум қилди. Август ойида қидирувдаги шахсларни автоматик равишда аниқлаш учун унинг маҳкамаси икки шаҳар — Олмаота ва Атираудаги видеокузатув камераларига ўзининг IТ-дастурини улаган. «Икки кун ичида терговдан яширинган икки шахс ва бедарак йўқолган яна икки шахс аниқланди», — деди Бош прокурор. Назорат маҳкамаси ходимларига ушбу тизимни барча ҳудудларда жорий этиш бўйича топшириқлар берилган. «Фарғона» юзни таниб олиш тизимига эга камералар қандай ишлаши ва улар қаерларда қўлланилаётганини суриштирди.
Берик Асиловнинг баёнотидан бир ой олдин Олмаота полицияси янги миллий видеомониторинг тизимини жорий этиш ҳақида сўз юритганди. Гап реал вақт режимида транспорт ҳаракатини кузатувчи, қолдириб кетилган объектларни «қидирувувчи», тўхташ қоидаларининг бузилиши ва қўриқланадиган ҳудудга бостириб кириш ҳолатларини қайд этувчи, шунингдек, жиноятчиларни қидиришда ёрдам берувчи ахборот платформаси ҳақида бормоқда.
2024 йил март ойида ушбу тизимда шаҳарнинг марказий ҳудудларидан бирида яширинишга уринган, ўғирликда гумон қилинган фуқаро А. қайд этилган. Маълумотлар мобил патрул хизматига етказилган, жиноят содир этилганидан сўнг 15 дақиқа ичида гумонланувчи қўлга олинган.
Умуман олганда, жорий йилнинг ўтган даврида сунъий интеллект ёрдамида талончилик ва ўғирликда гумон қилинган етти нафар, ўғирликда гумон қилинган бир нафар, фирибгарликда гумон қилинган яна бир нафар шахс қўлга олинган.
«Юзни таниб олиш тизими компьютер нигоҳи ва машинали ўрганиш технологияларининг мураккаб комбинациясига асосланган, – дейди «Фарғона»га Integra компаниялар гуруҳининг рақамли технологиялар бўлими раҳбари Илья Беляков. — Қоида тариқасида, тизимнинг ишлаши бир неча босқичлардан иборат.
Биринчидан, у камера ёрдамида юз тасвирини олади. Бу фотосурат ёки видео оқими бўлиши мумкин. Кейинчалик, рангни нормаллаштириш, масштаблаш ва шовқинни олиб ташлашни ўз ичига олган тасвир қайта ишланади. Кўпинча юзни текислаш қўлланилади, бу тасвирни бош айланишидан қатъи назар, кўзлар ва оғизлар маълум жойларда бўлишини таъминлайди.
Алгоритмлар ёрдамида (масалан, Хаара, HOG каскадлари ёки нейрон тармоқлари) тизим юз жойлашган ҳудудни қидиради ва унинг асосий хусусиятларини — кўзлар, бурун ва оғизни аниқлайди. Кейинчалик, белгилар аниқланади. Ушбу босқичда кўпинча нейрон тармоқлари (CNN) қўлланилади. Алгоритмлар ҳар бир юзга хос хусусиятларни, масалан, кўзлар орасидаги масофа, жағ шакли, тери тузилиши ва ҳоказоларни ажратиб ажратиб олишга ўргатилади.
Жамланган хусусиятлар асосида юзни ифодаловчи математик шаблон яратилади. У хусусият вектори деб ҳам аталади. У машҳур юзлар базасидаги векторлар билан таққосланади. Бунинг учун Эвклид масофаси ёки косинус ўхшашлик ўлчови каби таққослаш усули қўлланилади. Агар мослашиш даражаси маълум чегарадан ошса, шахс маълум бўлади, акс ҳолда — номаълум деб ҳисобланади.
Бош прокурор Берик Асилов ўзининг Х даги постида сунъий интеллект ёрдамида камералар орқали ҳатто ташқи кўриниши ёши ёки саъй-ҳаракатлари ўзгарган шахсларни ҳам топиш мумкинлигини таъкидлайди. «Фарғона» суҳбатдоши бу имконли эканини тасдиқлади.
«Ушбу жараённинг замирида ўзгаришларга камроқ мойил бўлган, шунингдек, ўзгарувчан шароитларга мослаша оладиган барқарор ва ўзига хос биометрик хусусиятларни аниқлашга қодир алгоритмлар ётади.
Алгоритмларни ўргатиш жараёнида аниқлик ва ташқи кўринишдаги ўзгаришларга қаршиликни ошириш учун маълумотларни кўпайтириш тизими қўлланилади, яъни — асл тасвирларнинг ўзгартирилган версиялари яратилади. Масалан, бурилиш, ёруғликни ўзгартириш, сунъий аксессуарларни қўшиш, бу тизим турли вазиятларда юзларни таниб олишга ёрдам беради.
Мисол учун, тизим олдида турган вазифаларга қараб, биз турли хил биометрик маълумотларни — юз тузилиши, овоз, юриш ва ҳатто кўзнинг тўр пардасини бирлаштирамиз. Бу бошқа хусусиятларнинг барқарорлиги туфайли бир соҳадаги ўзгаришлар ўрнини қоплаш имконини беради», — деб тушунтиради Илья Беляков.
Қозоғистонда 7 йил аввал видеода қайд этиш тизимлари жорий этила бошланди. 2017 йилдан буён мамлакатда «Сергек» йўл ҳаракати назорати камералари ишламоқда. Улар биринчи навбатда ғазнани автоуловчиларнинг жарималари билан тўлдириш учун мўлжалланган, деб ишонилган, аммо кейинчалик улар жиноятларнинг олдини олиш учун одамлар гавжум жойларга ўрнатила бошланди.
2020 йили Хитой ҳукумати Шинжон-Уйғур автоном вилоятидаги миллионлаб уйғурлар устидан жосуслик қилаётгани билан боғлиқ жанжал фонида Қозоғистон ижтимоий тармоқларида шаҳарларда юзни таний оладиган «ақлли камералар» ўрнатилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Миш-мишларга пойтахт (ўша пайтда Нур-Султон) жамоат транспортида жорий этилаётган Face Pay тажриба лойиҳаси сабаб бўлган. Унинг моҳияти шундаки, йўловчи автобусга ўрнатилган камерага қараб йўл ҳақини тўлаши мумкин бўлган. Бунинг учун махсус базага шахсий идентификация рақамини киритиш ва Телеграм ботига селфи юбориш керак. Ушбу лойиҳа пандемия туфайли бекор қилинди ва фақат уч йилдан кейин Олмаотада қайта тикланди. Бироқ, хавотирга тушган фуқароларни расман рад этиш билан тинчлантиришга тўғри келганди. Бу сохта нарсаларга қарши курашиш учун Қозоғистон расмийлари кўмагида яратилган StopFake.kz сайтида эълон қилинган.
«Қозоғистон Республикаси Ички ишлар органлари балансида юзни таниб олиш тизимига эга камералар йўқ. Юзни таниб олиш тизими жорий этилмагани учун маълумотлар йиғилмайди», — дейилганди Қозоғистон Республикаси ИИВ хабарида.
Орадан икки йил ўтиб, бир қанча тажриба лойиҳалари, хусусан, Қозоғистон пойтахти аэропорти ва диний муассасаларида, шунингдек, ер ости йўлакларида юзни таниб оладиган камералар ўрнатилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди, бироқ улар энди одамларни ташвишга солмаганди.
Қолаверса, Қозоғистонда асосан Хитойда ишлаб чиқарилган камералардан фойдаланилаётгани ҳақидаги айрим хабарлардан фарқли ўлароқ, расмийлар сунъий интеллектга эга бўлган мавжуд тизимни «ўз маҳсулотимиз» дея жойлаштира бошлашди.
Бунга ўхшаш тизимлар турли мамлакатларда кенг жорий этилмоқда. Мисол тариқасида Integra вакили Илья Беляков Лос-Анжелесда (АҚШ) фаолият юритувчи PredPol тизимини келтиради. Унинг сўзларига кўра, бу зўравонлик жиноятларини 21 фоизга ва ўғирликни 33 фоизга камайтиришга ёрдам берган. Ушбу тизим илгари содир этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш асосида жиноятларнинг вақти ва жойини башорат қилишга ҳаракат қилади. Қабул қилинган прогнозларга асосланиб, полиция ходимлари ўз вақтида бўлиш ва қоидабузарларни ушлаб туриш учун оптимал патрул йўналишларини яратадилар. Бироқ, унинг танқидчилари ҳам бор — тизим кўплаб нотўғри прогнозлар ва ҳатто ирқий қарама-қаршиликда айбланмоқда.
«Канаданинг Ванкувер шаҳрида Esri тизимидан фойдаланиш мулкка оид жиноятларни 24 фоизга ва зўравонлик жиноятларини 9 фоизга камайтиришга ёрдам берди. Амстердамда CAS тизим ёрдамида гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар 34 фоизга ва умумий жиноятлар сони 8 фоизга камайган. Ниҳоят, Москвада «Сфера» тизимидан фойдаланиш уй-жой секторидаги жиноятлар сонини 31 фоизга, жумладан, турар-жой биноларига кираверишдаги жиноятлар сонини 24,1 фоизга камайтириш имконини берди», — дейди «Фарғона» суҳбатдоши.
Россияда юзни аниқлаш технологиясидан фойдаланиш бўйича катта тажриба тўплаган ва бу бир томондан жиноятларни тергов қилишни сезиларли даражада тезлаштиришга имкон берган бўлса, бошқа томондан жиддий муаммоларни юзага келтирди. Масалан, тизим хатога йўл қўйиб, қонунга бўйсунувчи фуқароларни жиноятчи деб адашиб, уларга муаммолар туғдирган бир қанча ҳолатлар юз берганди. Бир неча йил олдин Россия оммавий ахборот воситалари ҳам «ақлли камералар» дан олинган маълумотлар ёмон ҳимоялангани ва даркнетда сотилаётганини ёзган эди.
Шунга қарамасдан юзни таниб олиш тизимлари ҳар йили мураккаблашиб бормоқда ва одамларни аниқлаш учун тобора кўпроқ омилларни ҳисобга олмоқда. Қозоғистон ҳали бу технологияни жорий этиш йўлининг бошида турибди, бироқ ҳукумат инсонларнинг шахсий ҳаётига аралашиш хавфини минималлаштириш ва бундай тизимлардан фойда олиш учун энди кўпроқ қўшниларининг тажрибасига эътибор бериши керак.
-
09 Декабрь09.12Сим тўсиқлардан — иқтисодий мўъжизалар сариНима учун ҳозирда Шинжон жадал суръатлар билан юксалаётгани ҳақида кўп гапиришяпти ва у ерда жойлашган лагерлардаги маҳбуслар қаёққа ғойиб бўлди?
-
06 Декабрь06.12ФотоБарқарорликка туташган эркинликТошкентда Собир Раҳметов кўргазмаси бўлиб ўтмоқда
-
03 Декабрь03.12Илғор технологиялар ва инсон иродаси бирлашгандаРоссия компанияси Тошкентда замонавий бионик протезларни тақдим этди
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
18 Ноябрь18.11ФотоТақвимга қарамасданТошкентда Янги йил арчаси ёқилди