
2010 йилнинг ёзида Қирғизистон жанубида мамлакатнинг яқин тарихидаги энг фожиали воқеалар юз берди — юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган, минглаб уйлар вайрон бўлган ва минглаб қочқинларнинг юртини тарк этишга мажбур қилган оммавий миллатлараро тўқнашувлари бўлиб ўтди.
2010 йил 10 июндан 11 июнга ўтар кечаси Ўш шаҳрида қирғиз ва ўзбек аҳоли ўртасида тўқнашувлар бошланди. Тез орада зўравонлик қўшни Жалолободга ҳам тарқалди. Расмийлар вазиятни тезда назорат остига ололмадилар, миш-мишлар ва провокациялар, жумладан, аёллар ётоқхонасида зўрланганлик ҳақидаги хабарлар тажовуз тўлқинини янада кучайтирди. Қуролланган оломон ўзбек маҳаллаларига ҳужум қилди, оммавий ўт қўйиш, талон-тарож қилиш, қотиллик бошланди.
Можаро мамлакатдаги чуқур сиёсий инқироз фонида авж олди. 2010 йил 7 апрелда президент Қурманбек Бакиев ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг, мамлакатда ҳокимият мамлакат жанубини зўрға назорат қилолган Роза Отунбаева бошчилигидаги Муваққат ҳукуматга ўтди. Собиқ тузум тарафдорлари, янги ҳокимият тарафдорлари ўртасидаги кураш ва ўз жамоаси учун каттароқ сиёсий рол ўйнашга интилаётган ўзбек лидерларининг фаоллашуви туфайли минтақада кескинлик кучайганди.
Вазият Бакиев тарафдорлари томонидан шаҳар маъмурий биноларининг босиб олиниши, уйлар ва университетларнинг ёқиб юборилиши, криминал бошлиқ Айбек Мирсидиқовнинг ўлдирилиши каби қатор воқеалардан сўнг кескинлашган. Буларнинг барчаси ишончсизлик, қўрқув ва зўравонликка тайёрлик муҳитини яратди.
Вазиятнинг кескинлашувига жавобан Қирғизистон Муваққат ҳукумати фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати эълон қилди, аммо тартибсизликлар давом этаверди. Ўн минглаб одамлар, асосан ўзбеклар уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлдилар. 11 июнга келиб Ўзбекистон чегарани очди ва 110 мингдан ортиқ қочқинни, асосан аёллар ва болаларни қабул қилди, улар учун лагерлар ташкил этилди.
12 июнга келиб Қирғизистон жанубидаги можаро авжига чиқди: ўзбеклар ҳимоя учун баррикадалар қура бошладилар ва зўравонлик тўлқини Жалолободга ҳам тарқалди. Фақат 15 июнга келиб ҳукумат вазиятни назорат остига олишга муваффақ бўлди ва ҳар икки шаҳарда қирғиз ва ўзбек жамоалари раҳбарлари ўртасида музокаралар бошланди.
Можаро қурбонлари сони ҳақидаги маълумотлар турлича. Расмийлар 414 дан 446 гача одам ўлганини расман тан олди, халқаро комиссия маълумотларига кўра, 470 га яқини ҳалок бўлган, уларнинг 74 фоизи этник ўзбеклар бўлган. 1900 дан ортиқ одам жароҳатланган. Ўзбекистон ҳукумати қочқинлар орасида 2800 киши яраланганини маълум қилди. Ҳуқуқ фаолларига кўра, 1700 дан ортиқ уй вайрон бўлган ва ёқиб юборилган. БМТнинг ЮНОСАТ сунъий йўлдош маркази маълумотларига кўра, 3000 га яқин бино зарар кўрган. Моддий зарар расмий маълумотларга кўра 4 миллиард сом (2010 йил июнь ойидаги курс бўйича 195,6 миллион доллар) ва нодавлат ташкилотларига кўра 9 миллиард сом (87 миллион доллар) атрофида баҳоланган.
Расмийлар 5000 дан ортиқ жиноий иш қўзғатган, аммо атиги 300 га яқин одам, аксарияти ўзбеклар қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Июнь бошидаги воқеалардан сўнг кўплаб этник ўзбеклар Қирғизистонни тарк этишди, ўзбек тилидаги мактаблар ёпилди. Таниқли ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров тартибсизликлар уюштирганликда ва бошқа жиноятларда айбланиб, судланган. Халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ фаоллари уларнинг кўпчилигига нисбатан қўзғатилган ишлар уйдирма бўлиб, одамлар қийноқлар остида айбга иқрор бўлишган, деб ҳисоблайди. Азимжон Асқаров БМТнинг уни озод қилиш кераклиги ҳақидаги чақириқларига қарамай, 2020 йили қамоқда вафот этди.
2011 йили Роза Отунбаева ёрдам сўраб қилган мурожаатидан сўнг Киммо Кильюнен бошчилигидаги халқаро мустақил комиссия фожианинг олдини олиш мумкин эди, Муваққат ҳукумат миллатлараро зиддиятни етарлича баҳолай олмаган ва аҳоли ҳимоясини таъминлай олмаган, деган хулосага келган. Комиссия ўзбек маҳаллаларига уюштирилган ҳужумларни инсониятга қарши жиноятлар деб баҳолаган, аммо воқеаларни геноцид ёки уруш жинояти деб тан олмаган.
Қирғизистон ҳукумати комиссия хулосаларини рад этган ва унинг раҳбари персона нон грата деб эълон қилинган. Халқаро ҳамкорлар, жумладан, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) бу давлатнинг ички иши эканини айтиб, аралашмаган.
Ўша йили миллий комиссия ўз текширувини ўтказган ва можаро сабабчиларини Қирғизистондаги ўзбек жамияти етакчиларидан бири Қодиржон Ботиров бошчилигидаги «сепаратчи кучлар», қочоқ президент Қурманбек Бакиев тарафдорлари ва «вазиятни беқарорлаштиришдан манфаатдор ташқи кучлар» деб топган.
2011 йил октябрь ойида Жалолобод шаҳар суди Қодиржон Ботиров ва ўзбек жамиятининг яна бир етакчиси Ином Абдурасуловни оммавий тартибсизликлар уюштириш ва сепаратчи ҳаракатларда қатнашишда айбдор деб топиб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган. Яна тўрт нафар айбланувчи 6 йилдан 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Уларнинг барчаси июнь воқеаларидан сўнг Қирғизистонни тарк этишган ва улар халқаро қидирувга берилган.
2014 йил октябрь ойида Ўш шаҳар суди ҳам Ботиров ва Абдурасуловларни тартибсизликлар ташкилотчиси сифатидаги ролини тасдиқлаб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган. Қирғизистон хотин-қизлар конгрессининг Ўш вилояти бўлимининг собиқ раиси Карамат Абдуллаева 16 йилга озодликдан маҳрум этилган. 2018 йил декабрида Қодиржон Ботиров Одессада 62 ёшида вафот этгани хабар қилинган эди.
Июнь воқеалари бўйича тергов Қирғизистоннинг амалдаги президенти Садир Жапаров буйруғи билан 2021 йил апрелида қайта бошланган эди. Муваққат ҳукуматнинг беш собиқ аъзоси, жумладан, 2010 йили Бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаган собиқ президент Алмазбек Атамбаевга нисбатан мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбловлар қўйилган. Шунингдек, ўша пайтда республика Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Исмоил Исоқов, Бахитбек Алимбеков, собиқ Ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Ж.Б. Асанов, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Кенешбек Дуйшебаевга нисбатан айблов эълон қилинган. Тергов ҳалигача якунига этмаган.
Шуни таъкидлаш жоиз,
2025 йили Қирғизистон президенти Садир Жапаров июнь воқеалари йиллиги муносабати билан мамлакат халқига қиладиган анъанавий мурожаатидан ўзини тийди.
Авваллари у ҳам ўзидан олдинги раҳбарлар каби фожиа ҳақида қайта-қайта гапириб, миллатлараро низоларни қўзғатувчи ёвуз ният ва шахсий манфаатларнинг олдини олишга, ҳамжиҳатликка чақирган эди.
2010 йил фожиаси Қирғизистон тарихида чуқур из қолдирди, ҳал этилмаган миллатлараро ва сиёсий муаммоларни юзага чиқарди, шунингдек, инқироз шароитида давлат институтларининг заифлигини очиб берди. Одил судловни таъминлаш, жабрланганларни реабилитация қилиш ва мустаҳкам тинчлик йўлларини излаш бугунги кунгача мамлакат учун долзарб масала бўлиб қолмоқда.
-
12 Июнь12.06Бундан-да юқорида — фақат юлдузлар порлайдиФутбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади
-
11 Июнь11.06Газ ғавғосиҚозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди
-
10 Июнь10.06Жапаров учун навбатдаги ислоҳотҚирғизистон сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар ва уларнинг сиёсий оқибатлари таҳлили
-
09 Июнь09.06Тошкент халқаро форуми иш бошлайдиЕвропа ва Осиё Марказий Осиёга сармоя киритиш истиқболларини муҳокама қилади
-
03 Июнь03.06ФотоКамикадзе дронлари ва ўта енгил самолётларТошкентда MSITF-2025 замонавий ҳарбий техника фестивали бўлиб ўтди
-
27 Май27.05Кенесарихоннинг ҳаёти ва ўлимиСўнгги қозоқ хони инфомайдонни тарк этмаяпти