Жанговор бўрининг ширин кулчаси

Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасида деярли ҳамма нарса яхши, бироқ ҳаммаси ҳам кундек ойдин эмас
Си Цзиньпин биринчи «Хитой – Марказий Осиё» саммитида, 2023 йил 18 май, Сиан. Қозоғистон президенти матбуот хизмати фотосурати

17 июнь куни Остонада «Хитой-Марказий Осиё» саммити очилди. Бу иккинчи саммит бўлиб, биринчиси каби 5+1 форматида ўтказилади. Биринчиси 2023 йили Хитойнинг Сиан шаҳрида бўлиб ўтди ва натижада Сиан декларацияси қабул қилинди. Биринчи саммитда иштирокчи давлатлар уни ҳар икки йилда бир мартаминтақа давлатларидан бирида бир томондан, иккинчи томондан Хитойда ўтказишга қарор қилишди. Тартиб алифбо тартибида белгиланади, шунинг учун 2025 йили Қозоғистон саммит мезбонига айланди.

Сиёсий ғайрлик

5+1 формати Марказий Осиё тарихида янгилик эмас. 2004 йили «Япония – Марказий Осиё» сиёсий ташаббуси, 2007 йили «Корея Республикаси – Марказий Осиё» ҳамкорлик форуми, 2015 йили эса АҚШ ва Марказий Осиё республикалари иштирокида C5+1 минтақавий дипломатик платформаси шакллантирилган эди. Ушбу форумларнинг барчасида минтақа давлатлари ягона маданий-тарихий ҳамжамият сифатида иштирок этади.

Бир қатор ҳолатлар, хусусан, кўп асрлик фаол алоқалар туфайли Хитой иштирокидаги саммит Марказий Осиёнинг иқтисодий ва сиёсий ҳаётида алоҳида ўрин тутади. 2023 йили бўлиб ўтган биринчи саммитда 54 та асосий ташаббус муҳокама қилинган, 19 та ҳамкорлик платформаси яратилган. Ўша пайтда муҳокама қилинган масалалар доираси аниқ сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларга бўлинган эди.

Бундай бўлинишнинг маъноси нима? Фақат тузилиш ва тартибга солиш истагида эмас, балки, мақолда айтилганидек, буғдойни сомондан ажратиш учун ҳам эди. Бошқача айтганда, иқтисодий ташаббуслар сиёсий муаммоларни ҳал қилишга боғлиқ бўлмаслиги керак, худди шу нарса ижтимоий масалаларга ҳам тегишли. Баъзи режаларни амалга оширишдаги қийинчиликлар кўрсатилган бўлса ҳам, бу бошқаларни секинлаштирмаслиги керак. Масалан, Марказий Осиё ўзининг «Бир камар – бир йўл» глобал дастурига бўлган муносабатида бирданига Хитойдан узилиб қолса, бу қўшма бизнес лойиҳалари, туризм ва атроф-муҳит учун курашга таъсир қилмаслиги керак. Ҳақиқатда, бу ҳар доим ҳам шундай бўлмасада, лекин саволнинг ўзи тўғри шакллантирилганини тан олиниш керак.

Албатта, биринчи саммитда муҳокама қилинган барча масала ва ташаббусларни санаб ўтиш қийин, лекин энг долзарбларини санаб ўтишимиз мумкин. Сиёсий соҳада бу Марказий Осиё давлатларининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, минтақада ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, ташқи аралашувларнинг олдини олишдир. Иқтисодиётда бу савдо-иқтисодий алоқаларни, товар айланмасини, сармоя киритишни, турли соҳалардаги шерикликни диверсификация қилиш масаласидир. Ижтимоий соҳада, биринчи навбатда, таълим, фан, маданият, туризм, оммавий ахборот воситалари, спорт соҳалари муҳокама қилинди.

Биринчи саммитда экология, терроризм ва экстремизмга қарши кураш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Охирги мавзу саммитнинг барча иштирокчилари учун катта аҳамиятга эга. Хитой учун бу уйғур сепаратизми муаммоси, Марказий Осиё учун эса исломий радикализмдир. Шу маънода Хитой ва минтақа давлатлари ўртасида тажриба ва технология алмашинуви ниҳоятда муҳим.

Қизиғи шундаки, биринчи саммитга муносабат турлича бўлганди. Масалан, Россияда айрим тадқиқотчилар Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатларнинг янги формати доимийлик тусини олаётганидан хавотирда. Шундай қилиб, РФА ДИХАИ эксперти Николай Николаевнинг фикрича, бу «Россия режаларини амалга ошириш ва ҳатто Марказий Осиёдаги манфаатларини ҳимоя қилиш учун чекловларни яратиши мумкин». Унинг фикрича, саммит Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг (ШҲТ) функция ва вазифаларини такрорлаш, ҳатто қайсидир маънода улардан ўзиб кетишга қодир. Шундай қилиб, олимнинг фикрича, мунтазам равишда ўтказиб келинаётган «Хитой-Марказий Осиё» саммити ШҲТга муқобил бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, саммит доимий институт сифатида бошқа йирик ўйинчиларнинг, масалан, минтақа давлатлари 5+1 форматида алоқаларга эга бўлган Ҳиндистоннинг норозилиги ва қаршиликларига сабаб бўлиши мумкин. Ҳиндистон Хитойнинг сиёсий майдондаги азалий рақиби ва Сиан декларациясида муҳимлиги таъкидланган «Бир камар ва бир йўл» ғоясини қатъиян қўллаб-қувватламайди.

«Фарғона» коллажи

Хитойнинг минтақадаги мавқеини мустаҳкамлаши АҚШ, Европа Иттифоқи ва Япония каби Марказий Осиёнинг бошқа йирик ҳамкорларини ҳам хурсанд қилмайди. Бу ўйинчиларнинг барчаси Хитой билан тарихий ва иқтисодий тафовутларга эга.

Бироқ, бу Марказий Осиё турли масалаларда Хитой билан яқин ҳамкорлик қилишдан тийилишини англатадими? Албатта йўқ. Айтайлик, ҳаддан ташқари яқин ҳамкорлик иккинчи даражали санкцияларга олиб келиши мумкин бўлган Россиядан фарқли ўлароқ, дунёда ҳеч ким Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқаларни чеклаш учун қонуний асосга эга эмас. Ва бу ерда, улар айтганидек, ким жасур бўлса, ўшанинг қорни тўқ бўлади.

Жанговор бўри дипломатияси

Бироқ, асосий муаммо кимнингдир Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликка эгри қарашида эмас. Муаммо шундаки, келажакда Марказий Осиёнинг «муҳташам бешлиги» ва Хитой ўртасидаги муносабатлар айнан қай даражада ривожланишидадир. Расмий нуқтаи назардан, алоҳида қийинчиликлар бўлмаслиги керак. Вазир-маъмур «Оддий мўъжиза» фильмида айтганидек: «Сиз ўта жозибалисиз, мен ҳам бундан кам эмасман, нега вақтни беҳуда ўтказиш керак? Айнан ярим тунда омборга келинг — афсусланмайсиз!»

Бироқ, Хитой билан шериклик муносабатларига киришда (аниқроғи, уларни давом эттиришда) бир муҳим нарсани ёдда тутиш керак. ХХР сўнгги пайтларда нафақат жаҳон иқтисодий етакчилигига, балки сиёсий етакчиликка ҳам даъвогарлик қилмоқда. Иван Зуенко ўзининг «Хитой Си Цзиньпин даврида» китобида (Москва: АСТ нашриёти, 2024 йил) раис Си ХХР олдига қўйган янги вазифалар Хитойни халқаро майдонда ажратиб турувчи хатти-ҳаракатлар стереотипларини ўзгартирди, деб ёзади. ХХР ўта қатъиятли ва мураккаб савдо шериги эканлиги узоқ вақтдан бери маълум бўлиб, вазиятдан ҳамма нарсани ва ундан ҳам кўпроқ нарсани сиқиб чиқаришга қодир. Аммо маълум бир нуқтага қадар Хитойнинг ташқи сиёсатида Мао Цзэдун айтганидек: «Хитой икки йўлбарс, яъни СССР ва АҚШ ўртасидаги курашни хавфсиз жойдан кузатиб турадиган доно маймундир».

Бироқ, сиёсий камтарлик вақти ўтди ва Хитойнинг овозида янги оҳанглар пайдо бўла бошлади. «Хатто Си Цзиньпиннинг биринчи беш йиллик ваколати даврида ҳукуматнинг каттароқ «Овоз» олишга бўлган чақириғига жавобан хитойлик дипломатлар ўзларини фаолроқ тута бошладилар: интервью бериш, хорижий матбуотда мақолалар чоп этиш, кескин баёнотлар бериш, полемикада», — деб ёзади Зуенко. «Ўтган даврларга хос бўлган вазминлик фонида, бу аниқ сезилди ва дарҳол кузатувчиларда хавотир уйғотди, бу Хитой экспанциясидан далолат берарди».

Шу муносабат билан Ғарбда Хитой дипломатиясининг янги, тажовузкор тилини англатувчиWolf Warrior Diplomacy (Жанговор бўри дипломатияси) ни билдирувчи неологизм пайдо бўлди. Бу атама Хитойнинг «Жанговор бўри» ва «Жанговор бўри 2» блокбастерларидан олинган. «Жанговор бўри» дилогияси Хитойда жуда машҳур. Шу билан бирга, истеъфодаги махсус кучлар аскари ҳақидаги фильмлар «Хитой дунёнинг исталган нуқтасида ўз манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр» деган оддий ғоя билан суғорилган.

Шунга қарамай, қаттиққўллик Хитой дипломатиясининг универсал усулига айлангани йўқ, ҳеч бўлмаганда Марказий Осиёга нисбатан. Хитой, энг муҳими, Марказий Осиёдаги ҳамкорларини қўрқитиб қшймасликка тайёр, бу ҳолатда, ширин кулча сиёсати олдинга чиқади ва таёқ эса орқада яширинган. Бир томондан, бу ерда ўрта асрлардаги Хитой схемаси амалга оширилади: дунёнинг марказида Ўрта Қироллик жойлашган бўлиб, у ўлпон тўловчилар — турли даражадаги қолоқ халқлар билан ўралган. Халқ Хитойга қанчалик яқин бўлса, у шунчалик қолоқ бўлмайди, зеро у Хитой маданияти ва цивилизациясидан баҳра олади.

Албатта, замон ўзгарди ва бошқа мамлакатлар элчиларининг император тахтига мунтазам равишда совғалар олиб келишларини, тўрт букилиб,тахтга судралиб боришларини ва Осмон ўғлига қайта-қайта сажда қилишларини ҳеч ким кутмайди. Бироқ, Осмоности мамлакатида хитойларнинг маданий устунлиги ғояси ҳали ҳам мавжуд. Шу маънода Хитойга ҳудудий жиҳатдан яқин бўлган Марказий Осиё давлатлари АҚШни ҳисобга олмаса, Европадан келган ғарбий варварлардан кўра эъзолироқ.

Албатта, Хитой ва Марказий Осиё республикалари ўртасидаги тенг ҳуқуқли муносабатлар ҳақида гапириш қийин, бу муносабатларни биргаликда олиб қараганда, на иқтисодий қудрати, на инсон капитали билан солиштириб бўлмади. Бироқ, бу ҳолда, биз «бошлиқ – бўйсунувчи» иерархияси ҳақида гапирмаяпмиз. Аксинча, биз доно ва қаттиққўл ота ва ҳурматли ўғил ўртасидаги муносабатлар ҳақида гапирамиз.

Бундай ёндашувни европаликлар ва умуман ғарбликларнинг тушуниши қийин. Нега биров ўзини бошқасига ота қилиб қўрсатади, нега тенг муносабатлар бўлмайди? Агар сиз бу саволни хитойликка берсангиз, у сизни тинчлантиради: албатта, муносабатлар тенг бўлиши керак. Аммо у энг тенг ҳуқуқли муносабатларда ҳам бир шерик бошқасидан кўра тенгроқ бўлиши ҳақида сукут сақлайди — дунё иерархикт қурилган ва бу ерда ҳеч нарса қиломайсан. Мисол учун, Хитойда «ака» сўзи қайси ака экани таърифидан алоҳида қўлланилмайди. Ака, албатта, катта – «гэгэ» ёки кичик (ука) – «диди» бўлади. Худди шу нарса опа-сингилларга, бошқа қариндошларга ва умуман, бутун ижтимоий алоқалар тизимига тегишли: бири, албатта, юқорироқ, иккинчиси — пастроқ.

«Хитой – Марказий Осиё» биринчи саммитида. AFP фотосурати

Бундай координаталар тизими Марказий Осиё халқлари учун умуман тушунарли; бу уларнинг анъанавий матрицасининг бир қисмидир. Албатта, сўнгги бир ярим аср давомида минтақага дастлаб Россия империяси, кейинроқ эса СССР кучли таъсир кўрсатган. Бироқ, подшоҳ даврида ҳам, большевиклар даврида ҳам кўп асрлик анъаналар ўз кучини сақлаб қолди ва янги давр бошланиши билан улар одамлар онгида осонгина янгиланди.

Шунинг учун бу ерда катталик масаласига оид саволлар умуман безовта қилмайди. Си Цзиньпин ўзини бошқалар орасида каттаман деб ҳисобламоқчими – худо хайрини берсин, асосийси бундан бирор наф бўлсин. Ўрта Осиё халқлари эса меҳмонни «отадек улуғ» кутиб олишни ва ўзини ҳам ерга урмасликни жуда яхши билишади.

Кимдир ҳайрон бўлиши мумкин — давлатлараро муносабатлар ҳақиқатан ҳам шахсий муносабатларга боғлиқми? Албатта, ва ХХРга нисбатан бу муносабат даража мавқеига кўтарилган. Гап шундаки, ҳозирги тарихий босқичда Си Цзиньпин Хитойнинг асосий вакили, унинг юзи ҳисобланади. Шунинг учун, агар Хитойдан бирор нарсага эришмоқчи бўлсанг, раис Си га ёқишни ўрган. У эса, албатта, марказий ўринни эгаллашни хоҳлайди: биринчи навбатда хитойликларга таниш бўлган қўшинларда, кейинчалик эса умуман дунёда.

Бунга кўплаб далиллар бор, энг ёрқинларидан бири Хитой раҳбарининг донолиги ва билимини мадҳ этувчи халқаро лойиҳалардир. Шундай қилиб,

16 июн куни «Марказий Осиё – Хитой» иккинчи саммити арафасида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг йирик оммавий ахборот воситалари Хитой медиа корпорациясининг «Си Цзиньпиннинг севимли иборалари» телелойиҳасини намойиш қила бошлади.

Тожикистон давлат ахборот агентлиги «Ховар» лойиҳа моҳиятини шундай белгилайди:

«Си Цзиньпиннинг энг севимли иборалари бу – Си Цзиньпиннинг янги даврда социализм ҳақидаги ғояларининг хитойликлар хусусияти, уларнинг анъанавий маданиятига уйғунлиги, Хитой донолиги, Хитой кучи ва Хитой услубининг замонавий тимсолидир. Оддий сўз билан чуқур маънолар тушунтирилади. Ҳар томонлама улуғвор, очиқ ва инклюзив маънавий ғояларга қурилган тизим глобал муаммоларни ҳал этишда руҳий озуқа ва концептуал ғоя сифатида хизмат қилиши мумкин».

Си Цзиньпин учун бундай мақтовни Хитойда ҳам топа олмайсиз, лекин Тожикистонда — бемалол. Бу яна бир бор Марказий Осиё халқлари учун хитойлар билан муомала қилиш Ғарбдан келганларга қараганда осонроқ эканини кўрсатади.

Қизиғи шундаки, Си раиснинг иборалари орасида сиз қоронғи хонада қора мушукни қидириш қанчалик қийин экани ҳақидаги мақолни ҳам, «Сенга ўзгаришлар даврида яшаш насиб қилсин!» каби қарғишларни учратмайсиз. Бу ва шунга ўхшаш иборалар кўпинча Россияда Пушкин айтган, деганлари каби, Хитойда Конфуцийга тиркашади. У ҳамма нарсага жавоб беради, ҳаттоки ҳожатхонада свет ўчиб қолса ҳам.

Умуман олганда, классикадан иқтибос келтириш Хитойдаа машҳур удум, айнан шу йўл билан хитойликлар ўз билимини кўрсатишади. Дарвоқе, аввали шоир Мао Цзэдун ўз вақтида «ци» жанридаги хитой шеърларини реклама қилган, энди улар ўрнини раис Си иборалари эгаллаган.

Сизга керак эмасмибизга ҳам керак эмас

«Хитой-Марказий Осиё» иккинчи саммити халқаро вазиятнинг жиддий кескинлашуви, яъни Исроил ва Эрон ўртасидаги можаронинг қизғин палласи даврида содир бўлди. Шу заҳотиёқ Сиан декларациясининг 15-банди ёдга тушади, унда шундай дейилади: «Томонлар халқаро тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг марказий ролини кучайтиришга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайдилар...».

Ҳозирги шароитда бу пункт оддий одамда фақат аччиқ кулгу уйғотади. Марказий рол ўйнаши керак бўлган БМТ Хавфсизлик Кенгаши навбатдаги йиғилишини амал тақал ўтказолса, қандай қилиб тинчлик ва хавфсизлик бўлиши мумкин!

Бироқ, оддий позицияси бир нарса, realpolitik эса — бошқа нарса. Ҳа, қаердадир ракеталар учмоқда, бомбалар портламоқда, дронлар учмоқда, аммо сиёсатчилар учун бу дунёнинг охири эмас. Кимдир бошқа бировни «обориб, олиб келяпти», энди нима — тинчлик учун курашмаслик керакми? Раис Си ҳам, Туркманистоннинг ёш президенти бундан мустасно, Марказий Осиё давлатлари президентлари ҳам тинчлик учун кураш ҳамманинг оғзида бўлган совет даврида тарбияланган. Моҳиятан, бу халққа ҳам, сиёсатчиларга ҳам ижобий таъсир кўрсатган яхши, самарали ғоя эди. Тўғри, у пайтлар «Тинчлик учун шундай курашамизки, оқибатда биздан ҳеч нарса қолмайди» каби ҳазиллар машҳур эди. Афсуски, бу ҳазиллар башоратли бўлиб чиқди. Бугунги кунда ҳар қандай можаронинг икки томони уни фақат юксак ахлоқий мулоҳазалар, тарихий адолат ва тинчлик учун кураш билан оқлайди.

Икки асосий замонавий можаро – Россиянинг Украина билан ва Исроилнинг Эрон билан жанжали саммитнинг барча иштирокчиларига у ёки бу тарзда таъсир қилиши билан вазият мураккаблашди. Эрон Туркманистон билан тўғридан-тўғри чегарадош, Россия эса – Хитой ва Қозоғистон билан, ҳатто Хитой ва Марказий Осиёнинг баъзи республикаларини ўз ичига олган ЕОИИ ва ШҲТ каби сиёсий ва иқтисодий иттифоқларнинг бир қисми эканлигини ҳисобга олмаганда.

Гарчи Хитой ҳам, минтақа ҳам ҳарбий можаролардан узоқлашган бўлса-да, узоқлашиш можаро сенга у ёки бу шаклда етиб келмаслигига тўлиқ кафолатни англатмайди. Қолаверса, Марказий Осиё радикал исломнинг ўзига хос юмшоқ маконидир. Минтақа республикалари раҳбариятининг умумий позицияси шундай: Ислом дин сифатида – ҳа, исломийлик, яъни радикал, сиёсий ислом – йўқ. Шу маънода Хитой билан биргаликда терроризмга қарши кураш ниҳоятда муҳим.

Айтиш жоиз, Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳозирги ҳамкорлик осонликча қўлга киритилмаган. СССР парчаланганидан сўнг, дастлабки капитал тўпланиш даврида Марказий Осиёда кўп нарсалар том маънода текинга берилди — баҳсли ҳудудлардан тортиб фойдали қазилмаларгача. Энди вазият ўзгарди, амалдорлар энди бунчалик тўлиқ ва жазосиз бошқармайдилар, гарчи коррупция можаролари вақти-вақти билан авж олаётган бўлса ҳам. Бугун Марказий Осиё давлатлари ва халқлари ўзларида бор нарсанинг қадр-қимматини, ресурслардан тортиб, истиқболларигача билади. Уларнинг Хитойдан ташқари солиштириш, савдо қилиш, инвестициялар олиш учун ҳамкорлари бор. Бу Хитой билан ўзаро манфаатли шартлар асосида муомала қилиш имконини беради. Хитой ҳали ҳам ўзи учун бироз кўпроқ наф олишга интилиши аниқ, аммо, ҳар ҳолда, бу кабал шартлар бўлмайди.

Назарий жиҳатдан, Марказий Осиё мамлакатлари қанчалик кучли ҳамкорларга эга бўлса, маневр қилиш имконияти шунчалик кўп. Масалан, Қозоғистон яқинда европалик инвесторлар консорциуми билан можаро кучайгани сабабли газни қайта ишлаш заводи қурилишини музлатиб қўйган эди. Баҳсда ким ҳақ экани унчалик муҳим эмас, лекин фактнинг ўзи шундан далолат беради – Марказий Осиё давлатлари иқтисодий йўқотишлардан қўрқмасдан мустақил позицияни эгаллашга қодир.

Маълумки, хитойликлар савдо музокараларида сабр-тоқатлилиги билан машҳур. Агар шартлар уларга мос келмаса, улар узоқ вақт пауза қилишлари мумкин — бир йил ёки ундан ҳам кўпроқ. Ҳамкор асабийлаша бошлайди, мижозни йўқотишдан қўрқади ва охир-оқибат Хитой шартларига рози бўлади. Ҳозирги шароитда бу мураккаб сиёсат Марказий Осиё мамлакатларида ҳақиқатан ҳам ишламайди — яна маълум бир маданий матрица туфайли. Гап том маънода бир бўлак нон ҳақида кетаётган бўлса, марказий осиёлик мулозим ҳам кутишни ва ҳеч қаерга шошилмасликни билади ва шу маънода минтақа ҳатто Хитойни ҳам доғда қолдириши мумкин. «Сизга керак эмасми – бизга ҳам керак эмас» – агар имконият туғилса, Марказий Осиё республикалари айнан шу позицияни намойиш этишга тайёр. Бироқ, Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги динамикасини ҳисобга оладиган бўлсак, бундай усулларнинг фойдали бўлиши даргумон, аммо карталар ичидаги бу туз захирада эканини доимо ёдда тутиш керак.

Агар миллий психотипга қисқача таъриф бериш мумкин бўлса, қуйидагиларни айтиш тўғри бўларди: хитойликлар, биринчидан, ҳатто уйқусида ҳам максимал фойда ҳақида ўйлашади ва унга эришиш учун ўз саъй-ҳаракатларини заифлаштирмайдилар, иккинчидан, чет элликларга нисбатан, уларни ахлоқий масалалар ушлаб турмайди. Бу нарса бутун Хитойга тегишли. Шундай қилиб, ХХР ҳамкорлари ишларнинг энг қулай босқичида ҳам бўшашмасликлари керак, акс ҳолда улар тешик тоғора билан қолишлари мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ