Ўтган бир ой давомида турли хил экологик ташаббусларни илгари сурган ва ҳатто «Тоза Қозоғистон» кампаниясини бошлаган Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев икки марта — ШҲТ саммити ва БМТ Бош Ассамблеясида Каспий денгизининг ҳозирги ҳолатига бағишланган нутқ сўзлади. Қозоғистон раҳбарининг хавотири, экологик ҳалокатнинг олдини олишдан кўра, сўниб бораётган денгизнинг иқтисодий салоҳиятидан фойдаланишга кўпроқ эътибор қаратаётган Каспий бўйи давлатларининг пассивлиги фонида олқишга сазовор, зеро бўлажак фожиа олдида Орол денгизининг қуриб қолгани минтақадаги кичик фавқулодда вазият бўлиб кўринади.
Бу ҳолатда Орол денгизи билан ўхшашлик ҳатто четдан кузатиб турган одамга ҳам аён. Ҳатто экология масалалари ҳозирги геосиёсий кун тартибининг чеккасида турган Россия президенти Владимир Путин ҳам ўтган йил охирида Халқаро ёш олимлар конгресси иштирокчилари олдида нутқ сўзлаган эди:
«Биз [Каспий денгизи билан] Орол денгизи бошига тушган қисматнинг олдини олишимиз керак. Орол ўрида бутунлай туз макони қолди, қолгани майда кўлмаклар. Биз кучларни бирлаштирсак ҳам, бирор нарса қила оламизми, буни билмайман, чунки табиат кучли тизим. Шунга қарамай, биз қўлимиздан келган барча ишни қилишимиз керак».
Россия президентининг 2024 йил августида Бокуга ташрифи катта таассурот қолдирган бўлса керак, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев унга Каспий денгизида нималар бўлаётганини ўз кўзи билан кўриш имкониятини берганди. Алиевнинг сўзларига кўра:
«Биз музокаралар олиб борган хона деразасидан мен Владимир Владимировичга икки йил олдин сув остида бўлган, бугун эса денгиз сатҳидан бир метр баландликка кўтарилган қоя тошларини кўрсатдим. Ва биз буни бутун қирғоқ бўйлаб кўряпмиз».
Путин ва Алиевнинг сўзларида ҳалокатли муқаррарлик ҳақидаги ишоралар, албатта, хавотир уйғотади, бироқ бундан ҳам ташвишлироқ Каспий бўйининг барча бешта давлати расмийларининг ҳаракатсизлиги, улар ҳозирча Каспий ҳолатидаги фожиали ўзгаришларни қайд этиб келишмоқда, ҳолбуки вазият сўзни эмас, балки амалдаги ҳаракатларни талаб қилида.
Денгиз нимани англатади?
Германиядан каттароқ ва чуқурлиги бир километрдан ортиқ бўлган улкан сув ҳавзаси бўлмиш Каспий денгизининг унинг ҳавзасида жойлашган мамлакатлар учун аҳамиятини баҳолаш жуда қийин. Гарчи экологик офат бўлса-да, кўлами кўпроқ минтақавий бўлган Орол денгизи фожиаси билан таққослаш бу ҳолатда мушкул. Орол денгизи майдони бўйича олти баравар кичик бўлган ва Каспийдан фарқли ўлароқ, транспорт ва савдо алоқаларини (шимол-жануб ва шарқ-ғарб) таъминламаган, муҳим углеводород қазиб олиш майдони ёки транспорт йўлаги бўлиб ҳам хизмат қилмаган.
Биргина «Шимол-Жануб» йўналиши бўйича Каспий денгизи бўйлаб юк ташиш охирги уч йилда 16,3 миллион тоннадан 26,9 миллион тоннагача ошди. Бу Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳар йили темир йўл орқали ташиладиган юкларнинг тахминан бир хил ҳажмидир. Жорий йили Каспий денгизи портларининг умумий юк айланмаси 28-30 миллион тоннага, 2030 йилга бориб эса 35-50 миллионга етиши кутилмоқда. Таққослаш учун, Орол денгизида, унинг гуллаган даврида тахминан 250 минг тонна турли хил юклар ташиларди.
Ғойиб бўлган денгиз қирғоғидаги энг йирик шаҳар бир неча ўн минглаб аҳолисига эга Аралск эди. Каспий денгизи, шунингдек, Боку (2,5 миллион аҳоли), Махачқалъа (670 минг), Сумгаит (350 минг) ва Ақтау (270 минг) ўз ичига олади. Астрахан ва Атирау Каспий денгизига қуйиладиган Волга ва Урал дарёларининг бир оз юқори қисмида жойлашган бўлса-да, денгиз деградациясига бевосита таъсир қилади. Хуллас, энг ёмон сценарийда ҳам бугунги Орол ва Мўйноқнинг апокалиптик манзаралари яқин орада Каспий бўйи мамлакатларининг миллионлаб аҳолисига таниш бўлади.
Каспий денгизи қурғоқчил ва ярим қурғоқчил ҳудудлар билан ўралган, аммо бугунги кунда унинг қирғоқларида экотизимларнинг ноёб хилма-хиллиги, жумладан, сув-ботқоқ ва қумли пляжлар ҳали ҳам мавжуд. Каспийнинг табиий ресурсларига йирик нефть ва газ конларидан ташқари (Каспий шельфидаги тасдиқланган углеводород заҳиралари тахминан 12-22 миллиард тонна нефть эквивалентини ташкил этади) туз ва балиқларни ҳам ўз ичига олади. Каспий фаунаси таназзулини ҳисобга олган тақдирда ҳам, бу ерда йилига 150 000 тоннагача балиқ овланади (Орол денгизида 1960 йилларга қадар йиллик ов 50 000 тоннадан ошмаган). Ва агар балиқ тобора камайиб бораётган бўлса, денгиз саёзлаши билан туз миқдори ошиб боради, гарчи бу ҳеч кимга ёқмаса ҳам.
Каспий минтақаси ресурслари асрлар давомида жаҳон иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллаган, аммо сўнгги ўн йилликларда уларни қазиб олиш ва улардан фойдаланиш бўйича келишмовчиликлар доимий равишда юзага келади, бу эса денгизни қутқариш бўйича ҳар қандай мувофиқлаштирилган қадамларга тўсқинлик қилади: ҳар бир Каспий бўйи мамлакати ўзининг балиқ овлаш майдончалари ёки шельф майдонларидан фойдаланишда давом этмоқда, халқаро форумларда денгиз тақдири билан боғлиқ «ўз хавотирлари» билан чекланган ҳолда.
Сон ва сифат
Шу ўринда, юқорида тилга олинган «деградация» ортида нималар ётганига батафсил тўхталиб ўтиш, шунингдек, Қозоғистон президентининг нима учун хавотирда эканини тушунтириш мақсадга мувофиқдир, унинг БМТ Бош Ассамблеясидаги хавотирли нутқини Илҳом Алиев ҳам қўллаб-қувватлаган.
Каспий денгизининг саёзлашиб бораётгани биринчи навбатдаги ташвиш уйғотади. Сайёрадаги энг катта кўл ниҳоятда беқарор ва бу хусусият баъзи кузатувчиларга ҳозирги вазиятга ҳаддан ташқари некбинлик билан ёндашишга асос беради — уларнинг айтишларича, сув сатҳи авваллари ҳам пасайган, шунинг учун биз навбаидаги цикл тугашини кутамиз. Шу маънода глобал исиш ва Каспий денгизининг саёзлашуви бир хил тартибдаги ҳодисалардир. Биринчидан, улар бевосита боғлиқ: ёғингарчилик камаймоқда, буғланиш кучаймоқда. Иккинчидан, кимдир уларга ишонади, бошқалари эса ишонмайди. Бироқ, Трампнинг «янги яшил фирибгарлик» ҳақидаги сўнгги баёнотини ҳисобга олсак, иккинчиси борган сари ишончсиз бўлиб бормоқда.
Дарҳақиқат, тарихий ва инструментал кузатилган даврда Каспий денгизи денгиз сатҳининг кескин, кўп асрлик ва қисқа муддатли тебранишларини кўрсатди, уларнинг сабаблари ҳар доим мураккаб ва иқлим ва дарё оқими билан, биринчи навбатда, Волга билан боғлиқ бўлган. Каспий денгизига қуйиладиган дарё сувларининг 80 фоизи Волгага тўғри келади, бу эса ўз навбатида денгиз сув балансининг 80 фоизини ташкил қилади (қолган 20 фоизи ёғингарчилик ва ер ости сувлари қатламлари орқали оқиб келишидан ташкил топади).
Турли вақтларда Каспий денгизининг минимал ва максимал денгиз сатҳи ўртасидаги фарқ 15 метрдан ошиб кетиши мумкин бўлган ва ҳаттоки 50 метр ва ундан кўп. Бу узоқ ўтмишда, айниқса, тахминан 13-18 000 йил олдин Хвалинск даврида содир бўлган. Охирги икки минг йил ичида тебранишлар амплитудаси 15 метрдан ошган, маълум даврларда ўзгариш тезлиги йилига 14 сантиметрга етган.
Х асрдаги ўзгаришлар, ўртача, камроқ драматик, лекин сезиларли бўлган: бутун аср давомида 3-4 метр ичида. Бироқ, 1995 йилдан 2024 йилгача денгиз сатҳи 3 метрга пасайди, пасайиш даражаси 2021-2022 йилларда йилига 30 сантиметрга етган. Сўнгги маълумотларга кўра, денгиз сатҳи аллақачон океан сатҳидан тахминан -29,5 метрга тушиб кетган, бу 1977 йили қайд этилган -29,01 метрдан пастроқ.
Ва бу ерда биз муқаррар равишда кўплаб тўғонлар билан қаттиқ тартибга солинадиган ва иқлим ўзгаришининг тўлиқ таъсирини бошдан кечираётган Волга дарёсига қайтамиз. Мутахассислар унинг 2019 йили саёз бўлишини «ҳақиқий экологик офат» деб аташган ва бу бутун гидроэлектр каскадида сувни тежаш чораларини амалга оширишга мажбур қилади. Икки йил ўтгач, Волга минтақасидаги энг йирик сув омбори Куйбишев сув омборидаги сув даражаси жуда паст даражага етган. Пасайиш тўхтагандек туюлган, аммо 2023 йили сув сатҳи янада пасайган.
Дарёнинг кўплаб участкаларида навигация тўхтаган — йил охирига келиб, Волганинг умумий оқими одатдагидан атиги 80% ни ташкил этган, бу сўнгги 25 йилдаги энг паст кўрсаткичдир. 2025 йили, асосан, кам қорли қиш туфайли, юқори Волга ҳудудлари — Тверь, Ярославл ва Нижний Новгород аҳолиси яна бир бор ҳайратда қолдилар, уларнинг севимли дарёси ўз қирғидан ўнлаб метрга чекинган ва жуда кўп ахлат уюмлари ётган дарё ўзанини ялонғочлаган.
Волганинг саёзлашуви сабаблари бошқа кун учун мавзу, аммо қисқаси, ёғингарчилик ягона омил эмас. Бу жараёнга бошқа фундаментал омиллар таъсир кўрсатади: тўғон қуриш, лойқаланиш, ўрмонларни кесиш, буғланиш майдонларининг кўпайиши ва оқим тезлигининг пасайиши. Ҳеч ким вазиятни тўғирлашга бел боғлагани йўқ, шунинг учун дарёнинг тўсатдан Каспийга аввалги миқдорда сув етказиб беришини кутиш ҳақиқатга тўғри келмайди. Бироқ, Президент Илҳом Алиев БМТдаги нутқида Каспий олдида турган муаммоларнинг антропоген хусусиятига урғу берди.
Каспий ҳавзасидаги бошқа дарёлар билан боғлиқ вазият Волгадан яхшироқ эмас. Қозоғистонлик экологлар узоқ вақтдан бери Урал (Жайиқ) дарёсининг саёзлашаётганидан уввос солиб келишган ва фақат шу йилнинг ўзида қиш қорли келгани сабаб, дарёнинг сув сатҳи кўтарилган. Айни пайтда Озарбайжонда Кура дарёси, Доғистонда эса «ғайритабиий даражада саёз» Терек суви камайгани ҳақида хабар берилмоқда.
Бироқ, Каспийдаги сув миқдоридан ташқари, унинг сифатининг пасайиши ҳам ташвиш уйғотади, бу табиий равишда денгизнинг биологик хилма-хиллигига таъсир қилади. Тўғридан-тўғри қирғоқлардан ва бутун Каспий ҳавзасидан (дарвоқе, 3,5 миллион квадрат километр майдонни эгаллаган ва 120-130 миллион аҳоли яшайдиган) нефть ва саноат чиқиндиларининг ифлосланиши даҳшатли миқёсга етди. Баъзи маълумотларга кўра, ҳар йили денгизга 120 минг тонна нефть маҳсулотлари тушмоқда, бу 2000 та темир йўл цистерналарига тенг миқдор. Бундан ташқари, феноллар, оғир металлар (симоб, хром, никел), шунингдек минерал ўғитлар ва пестицидларни ўз ичига олган саноат ва канализация чиқиндилари мавжуд. Бундан атиги 15 йил муқаддам Эронда Каспий денгизига йилига 300 тонна кадмий ва 34 тонна қўрғошин ташланаётгани ҳисоблаб чиқилган, умумий оқава сув ҳажми ўнлаб миллиард куб метрга тенг бўлган.
Табиийки, бундай «озиқ-овқат қўшимчалари» сабаб денгиз мавжудодларининг яшаш шароитлари тезда ёмонлашади. Балиқлар Каспий денгизидан деярли бутунлай йўқ бўлиб кетган, минглаб тюленлар нобуд бўлмоқда, дунёнинг бошқа ҳеч бир жойида учрамайдиган ўнлаб эндемик балиқ ва моллюска турлари хавф остида. Эҳтимол, ҳатто Орол денгизи фаунаси ҳам кичрайиб кетгунга қадар бундай таназзулга учрамагандир. Гарчи у Амударё ва Сирдарёдан олиб келинган далалардан ҳар хил ахлатлардан муносиб улуш олган.
Пессимистлар нуқтаи назаридан
Географик кашфиётлар асри аллақачон ўтиб кетди, деган кенг тарқалган эътиқоддан фарқли ўлароқ, 2024 йили Каспий денгизи шимолини ўрганаётган олимлар кутилмаганда янги оролни кашф қилишди. Ҳозирда у сувдан атиги 30 сантиметр баландликда кўтарилган, аммо вақт ўтиши билан «бўй» кўрсатиши аниқ.
Физика-математика фанлари доктори, Россия Фанлар академиясининг Океанология институти бош илмий ходими, профессор Андрей Костянийнинг фикрича:
«Бу [денгиз сатҳининг пасайиши] бутун акватория бўйлаб бир хилда содир бўлмоқда, бироқ пасайишнинг энг сезиларли кўринишлари денгизнинг туби юмшоқ нишабли саёз ҳудудларида кўзга ташланади. Буларга Шимолий Каспийнинг деярли барча қирғоқлари киради — Россия Федерацияси ва Қозоғистон қирғоқлари. Бу ерда денгиз бир неча километрдан бир неча ўн километрга чекинди».
Бошқача айтганда, Каспий денгизининг Қозоғистон ва Россия секторлари аҳолиси биринчи бўлиб тайёргарлик кўришлари керак бўлади — агар ҳозирги саёзлашув даражаси давом этаверса, денгиз 2030- йилгача ўнлаб километрга чекинади. Гарчи Озарбайжонда сўнгги беш йил ичида 400 километр денгиз туби очилган.
Ақтау вилоятида, баъзи Қозоғистон ОАВлари жорий йилнинг август ойида хабар қилганидек, денгиз 2006 йилдан бери ўзининг олдинги чегараларидан 18 километр узоқликка чекинган. Каспий денгизи деградациясининг яна бир ёрқин мисоли Россия қирғоғида жойлашган. Тўғрироғи, бўлган. Лаган шаҳри 19-асрнинг иккинчи ярмида Каспий денгизи сувлари билан ўралган оролда ташкил этилган. Бир пайтлар балиқ овлаш билан машҳур бўлган ушбу аҳоли пункти бугунги кунда қирғоқ чизиғидан ўнлаб километр узоқликда жойлашган. Маҳаллий балиқни қайта ишлаш заводи гўштни қайта ишлаш заводига айлантирилган, собиқ порт занглаган кемалар билан лиқ тўлга, маёқ эса вайронага айланган.
Айни пайтда, узоқ муддатда олимлар тўлиқ миқёсдаги фалокат манзарасини чизишмоқда. Уларнинг маълумотларига кўра, жорий асрнинг охирига келиб Каспий денгизи сатҳи 9-18 метрга тушиб, денгизнинг учдан бир қисмига қисқариши мумкин. Шимолий Каспий ва Туркман шельфлари, шунингдек, Каспийнинг ўрта ва жанубий қисмларидаги қирғоқбўйи ҳудудлари юзага чиқади, шарқий қирғоқдаги Қора-Бўғоз-Ғол кўрфази бутунлай қуриб қолади. Волга, Урал ва бошқа дарёлар собиқ денгиз туби, ҳозир чўл бўлиб, ниҳоятда шўрланган ва инсон чиқиндилари билан тўлиб тошган денгиз тубми бўйлаб оқиб ўтади.

Бундай сув ҳавзаси қирғоғида яшаш унчалик қулай бўлмайди — ҳеч бўлмаганда кўп одамлар Катта (Жанубий) Орол денгизи қирғоқларига жойлашишни хоҳламаяптилар. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, чунки экологик офат зонасида болалар ўртасида саратон, нафас олиш аъзолари, асаб ва овқат ҳазм қилиш тизими касалликлари, туғма аномалиялар билан касалланиш ҳолатлари Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларига нисбатан сезиларли даражада ошган.
Олимлар таърифлаган сценарийга кўра, Каспий денгизида муз ёки тюленлар қолмайди ва фақат минераллашган сувдаги ҳаётга мослаша оладиган балиқлар омон қолади. Шамоллар қуруқликдан кўтарилиб, Евроосиё бўйлаб минглаб километрларга олиб ўтадиган қум булутларини тасаввур қилиш жудаям қўрқинчли.
Балиқ заҳираларининг камайиши ва Каспий соҳилидаги турмуш шароитининг ёмонлашиши билан бир қаторда саёзлик нефть ишлаб чиқарувчилар учун янги имкониятларни очади: очиқ денгиз тубидан «қора олтин»ни қазиболиш (лекин ташиш эмас) анча осонлашади. Шунга қарамай, Каспий минтақасидаги умумий инқироз қўшнилар ўртасида янги низоларни келтириб чиқариши мумкин, айниқса кимдир ҳудудий ва ички сувлар, балиқ овлаш зоналари ва денгиз тубининг миллий секторлари чегараларини ўзгартиришни талаб қилса.
Юқорида айтилганларнинг барчасига қарамай, келажакка некбинлик билан қарайдиганлар бор, улар Каспий ҳавзасида содир бўлаётган ўзгаришларнинг даврийлигини таъкидлашда давом этмоқдалар, гарчи бундай оптимистлар тобора камайиб бораётган бўлсада. Мисол учун, Россия Табиий ресурслар ва атроф-муҳит вазирлигининг собиқ раҳбари, гидролог Виктор Данилов-Данилян ҳатто Озарбайжон президенти билан виртуал баҳсга киришди:
«Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Каспий денгизининг саёзлашувининг гўёки антропоген сабаблари ҳақида сўзлаган нутқида Илҳом Алиев атроф-муҳитнинг деградацияси учун масъулият ва айбни барча қирғоқбўйи давлатларига тўнкашга уринди, гарчи Бокунинг ўзи денгизнинг ифлосланишига улкан ҳисса қўшаётган бўлса ҳам... Аслида Каспий денгизидаги сув сатҳи Волга дарёсининг камида 80% оқимига боғлиқ. Циклик жараён олимларга номаълум сабабларга кўра бир неча минг йиллар давомида ўзгариб бормоқда ва антропоген омиллар билан деярли ҳеч қандай алоқаси йўқ ... Иқлим ўзгариши бу циклик табиатнинг сабаби эмас, гарчи бу вазиятни янада кучайтириши мумкин».
Данилов-Даниляннинг ишончи комилки, Волганинг энг юқори оқими орасидаги даврлар 40 йилдан 60 йилгача, яъни 2040–2050 йилларга келиб Каспий денгизидаги вазият бутунлай ўзгариши ва унинг сув сатҳи яна кўтарила бошлаши мумкин. Албатта, инсон фаолияти ва натижада иқлим ўзгариши яна бир кескин пасайишни келтириб чиқармаса.
Нима қилиш керак?
«Каспий денгизи тез қуриб бормоқда. Бу энди фақат минтақавий муаммо эмас, балки глобал ташвиш сигналидир», — деди Қосим-Жомарт Тўқаев БМТдаги нутқида. —Шунинг учун биз минтақадаги ҳамкорларимиз ва бутун халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликда Каспий сув ресурсларини сақлаш бўйича шошилинч чоралар кўришга чақирамиз».
Савол туғилади: бу қандай чоралар бўлиши мумкин? Ва бирор нарса қилишга кеч бўлмадимикан? Иккинчи саволга дарҳол жавоб бериш осонроқ: йўқ, ҳали кеч эмас. Данилов-Даниляннинг бу сафар қутулиб қоламиз, деган фикрига қўшилганлар тўғри гапиришса ҳам, денгиз касал экани аниқ. Қандай бўлмасин, одамлар нафақат денгиз соғлиғини тиклаш учун шошилинч чоралар кўришлари керак, балки тиббий даволаниш самара бермаган тақдирда, оқибатларига тайёр туришлари керак.
Биринчи саволга жавобни эса Каспийбўйи давлатларининг ўзлари беришлари керак, фақат ўз саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва бирлашган фронт сифатида ҳаракат қилишга рози бўлиш орқали. Ва идеал ҳолда, қандайдир халқаро назорат остида. Ҳозирча уларнинг ҳар бири ўзига хос экологик ташаббусларни амалга оширмоқда ва тўғрисини айтганда, бу катта ишонч уйғотмаяпти.
Албатта, Россия ўз тўғонларини портлатиб, Волга сувларининг жанубга бемалол оқишига рухсат беришини кутиш аҳмоқлик бўларди. Бу қадамнинг ўзи Каспий денгизи муаммоларини ҳал қилиши даргумон, аммо бу бутун атроф-муҳитга, иқтисодиётига ва Волга бўйи аҳолисига узоқ муддатли катта зарар етказадиган кенг кўламли экологик ҳалокатга олиб келиши мумкин.
Бунинг ўрнига Каспий мамлакатлари:
▪️ Денгиз сувини тўйинтирувчи дарёлардан сув олишни қатъий назорат қилиш ва тартибга солиш;
▪️ Соҳилбўйи ҳудудларида сувни муҳофаза қилиш зоналари чегараларини кенгайтириш;
▪️ маиший ва саноат оқава сувларини тозалашнинг илғор технологияларини кенг жорий этиш;
▪️ Сув даражаси ва сифатининг доимий экологик мониторингини ташкил этиш;
▪️ Нефть-газ соҳаси учун мажбурий халқаро экологик стандартларни жорий этиш;
▪️ Экотизимни тиклаш бўйича лойиҳаларни фаолроқ ишга туширинг ва ниҳоят —
▪️ Экологик меъёрларни бузганлар учун гигант миқдорда жарималар жорий этиш. Ва буларни Каспий бўйидаги барча давлатлар бир вақтнинг ўзида имкон қадар кучайтириши керак.
Шу билан бирга, Каспий атроф-муҳитининг таназзулга учраши сабабларини аниқлаш, денгиз экотизимининг ҳолатини мониторинг қилиш, уни тиклаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш учун дунёнинг етакчи мутахассисларини жалб қилиш яхши бўлар эди. Ва, албатта, минтақа аҳолисининг экологик саводхонлиги мунтазам ошириб бориш.
Ҳозирча денгизнинг саёзлашуви ва ифлосланишига қарши кураш биринчи навбатда кўплаб оммавий тадбирлар ва уларнинг натижада қабул қилинган протоколлар асосида олиб борилмоқда, аммо денгиз динамикаси шуни кўрсатадики, бу қатъий тактика Каспийга ёрдам бермаяпти. Ҳатто қирғоқ бўйлаб ахлатни тозалаш, сувни тежайдиган кранларни ўрнатиш ёки боғларни фақат кечқурун (буғланиш минимал бўлганда) суғориш каби асосий хусусий ташаббуслар узоқ муддатда, айтмоқчи, сайёрамиздаги энг қадимги денгизга нисбатан ҳукумат сиёсатидан кўра самаралироқ кўринади. Гомер уни «ҳар куни эрталаб қуёш чиқадиган ҳовуз» деб атаган. Умид қиламизки, денгиз охир-оқибат ҳовушга айланиб қолмайди.
-
26 Сентябрь26.09ФотоБозорга кенг назарАнзор Бухарский билан Фарғона водийси бўйлаб фототур
-
23 Сентябрь23.09Локомотивлар, сунъий йўлдошлар ва чипсларҚозоғистон президентининг АҚШга сафари натижалари
-
22 Сентябрь22.09Нотинч қалб ва қўрс юракларТуркманлар аждодлари ва рус князлари кимга қарши иттифоқ тузганлари ҳақида
-
17 Сентябрь17.09Хатарли ҳамкорликНима учун хитойликлар билан муносабат қилиш қийин, гарчи дастлаб осондек туюлган бўлсада? Мавзу шу ҳақда
-
16 Сентябрь16.09ФотоҲақиқий таомлар байрамиТошкентда Gastro Fest 2025 бўлиб ўтди
-
15 Сентябрь15.09«Биз, албатта, замонавий санъат оламида биринчи скрипка эмасмиз, лекин ўз ўрнимиз бор»Валерия Ибраева Олмаотада очилган Марказий Осиёдаги биринчи замонавий санъат музейи ҳақида