Толиблар қуллик ва зулмга қонуний тус бердилар

Афғонистоннинг янги жиноят-процессуал кодекси одамларни синфларга ажратади ва инсонни судсиз ўлдиришга изн беради
INDEPENDENT.CO.UK сайти фотосурати

Афғонистоннинг Олий Раҳбари ва «Толибон»* етакчиси Мулла Ҳайбатуллоҳ Ахундзода янги Жиноят-процессуал кодексини (ЖПК) маъқуллади. 2026 йил 4 январда имзоланган ва вилоят судларига тарқатилган ҳужжат инсон ҳуқуқлари фаолларининг кескин танқидига учради. Ҳужжат нусхасини олган Афғонистон инсон ҳуқуқлари ташкилоти «Равадари» маълумотларига кўра, кодекс учта бўлим, 10 боб ва 119 та моддадан иборат бўлиб, улар замонавий суд жараёнларининг асосий тамойилларини амалда бекор қилади.

«Равадари» таҳлилчилари кодекс қоидалари халқаро суд стандартларига мутлақо зид деган хулосага келишди. Ҳужжатда айбсизлик презумпцияси, қонун олдида тенглик, ҳимояланиш ҳуқуқи ва сукут сақлаш ҳуқуқи каби асосий тамойиллар йўқ. Кодекс минимал ёки максимал жазоларни белгиламайди ва айбдорликнинг асосий далили судланувчининг иқрорномаси ва гувоҳларнинг кўрсатмаларидир, бу эса мутахассислар таъкидлашича, иқрор учун қийноқлар қўлланишини тўғридан-тўғри рағбатлантиради.

«Таъзир» қоидаси алоҳида ташвиш уйғотади — унда ҳаракат жиноят деб тан олинади, аммо жазо қонунда аниқ белгиланмаган ва судя томонидан ўз хоҳишига кўра қўлланилади.

Диний камситиш ва ўзгача фикрларни бостириш

Кодекснинг асосий янгиликларидан бири диний озчиликларга нисбатан камситишни ҳуқуқий кодификация қилишдир. Ҳужжатнинг 2-моддасининг 8-бандида фақат Ҳанафий мазҳаби издошлари мусулмон сифатида белгиланган, бошқа ҳаракатлар ва динлар вакиллари эса «мубтадеҳ» (бидъатчи) деб таърифланган.

Ушбу қоида Афғонистондаги кўплаб диний озчиликларнинг, жумладан, жаъфарий шиалари, исмоилийлар, синкҳлар, ҳиндулар ва бошқалар манфаатларига бевосита таъсир қилади. Турли ҳисоб-китобларга кўра, шиалар мамлакат аҳолисининг 15% дан 30% гача қисмини ташкил қилади ва улар энди расман бидъатчи деб эълон қилинган.

Кодекснинг 14-моддаси «Исломга зид бўлган ёлғон эътиқодларни» ҳимоя қилувчи ёки тарғиб қилувчи одамларни «жамоат манфаати учун» ўлдиришга рухсат беради. Жиноят-процессуал кодекси бундай қатлларни «имом»нинг рухсати билан амалга оширишга рухсат беради. 26-модда Ҳанафий мазҳаби издошларининг диний эътиқодини ўзгартиришини аниқ тақиқлайди. Агар бирор кишининг судда эътиқодини ўзгартиргани исботланса, у икки йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Reuters фотосурати

Сўз еркинлиги ҳам таҳдид остида қолган. 17-моддада исломий ҳукмларни «таҳқир қилиниши» ва «масхара қилиниши» учун икки йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган, гарчи қонунда масхара нима эканлиги аниқ кўрсатилмаган бўлса ҳам.

2-модданинг 11-бандида «баги» — «исёнчи» атамаси «бузғунчиликни тарқатишга интиладиган» шахс сифатида белгиланган. Кодексга кўра, «уларнинг зарари ижтимоий аҳамиятга эга ва у ўлим жазосисиз бартараф этилмайди». Ушбу қоида толибларга адолатли суд жараёни кафолатисиз рақиблар, танқидчилар ва инсон ҳуқуқлари фаолларини қатл қилиш учун қонуний асослар беради.

4-модданинг 6-банди ҳар қандай мусулмонга гуноҳкор деб ҳисоблаган кишисини жазолашга ҳуқуқ беради.

Ушбу қоида нафақат судларга, балки оддий фуқароларга, ахлоқ полицияси ходимларига ва «Толибон»га алоқадор диний уламоларга жазолаш ваколатини беради. Бу ёндашув шахсий дахлсизлик ҳуқуқини, ўзбошимчалик билан ҳибсга олишни тақиқлашни ва адолатли суд жараёни ҳуқуқини қўпол равишда бузади.

Ижтимоий табақаланиш ва қулликни қонунийлаштириш

Янги кодекснинг энг даҳшатли жиҳати — ижтимоий табақаланишнинг расмий равишда мустаҳкамланиши ва қулликка амалда қонуний тус берилишидир. Ҳужжатнинг 9-моддасида Афғонистон жамияти тўрт тоифага бўлинган: «Ислом олимлари ва уламолари», «элита» (ашраф), «ўрта синф» ва «қуйи синф».

Ана энди бир жиноят учун жазо унинг оғирлигига эмас, балки жиноятчининг келиб чиқишига боғлиқ бўлади. Ҳужжатга кўра, уламо танбеҳ берилиши мумкин, элита вакили эса сўроқ қилиш учун судга чақирилиши мумкин. Ўрта синфдан бўлган шахс қамоққа олинади, «қуйи синф»га мансуб шахс эса қамоқдан ташқари жисмоний жазо ҳам олади.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари бундай ёндашув қонун олдида тенглик тамойилини ва халқаро ҳуқуқда мустаҳкамланган камситишни тақиқлашни тўғридан-тўғри бузишини таъкидлайдилар.

Бундан ташқари, кодекс қулликни самарали равишда қонунийлаштиради: «қул» (ғулом) сўзи ҳужжатнинг турли моддаларида бир неча бор тилга олинган. Масалан, ҳужжатнинг 15-моддасида шундай дейилган: «Ҳадд» (олдиндан белгиланган жазо) бўлмаган ҳар қандай жиноят учун, жиноятчи озод ёки қул бўлишидан қатъи назар, таъзир (ихтиёрий жазо) қўлланилади». 4-модданинг 5-бандида «таъзир жазоси»ни ижро этиш «эр» ва «хўжайин» (бадаар) томонидан амалга оширилиши мумкинлиги белгиланган.

Мутахассислар таъкидлашича, толиблар расман қулликни жорий қилмайди, балки «озод» ва «ғулом» (қул, қарам) тушунчалари билан ишлайди, чунки бу фарқ ҳанафийларнинг асосий матнларида муҳим аҳамиятга эга. Бироқ, кодексда шахснинг қул мақомини қандай олиши ёки ундан қутулиши ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Гендер сиёсати: зўравонликка қонуний тус берилди, аёллар ҳуқуқлари нолга тенгалаштирилди

Янги кодекс афғон аёллари учун айниқса оғир оқибатларга олиб келади. Ҳужжат оиладаги зўравонликни қонунийлаштиради ва аёлларни эрларининг зўравонлигидан ҳимоя қилишдан маҳрум қилади.

alarabiya.net сайти фотосурати

Кодекснинг 32-моддасида, агар таёқ билан уриш жиддий жароҳатларга олиб келса, эр атиги 15 кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин ва аёл буни судяга исботлаши лозим. Ҳужжатда аёлларга нисбатан жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликнинг бошқа шакллари ҳатто ноқонуний ҳаракатлар сифатида ҳам тилга олинмаган.

Таққослаш учун, Кодекснинг 70-моддасида итлар, туялар, қўйлар ёки қушлар иштирокида ҳайвонларни уриштириш учун беш ойлик қамоқ жазоси белгиланган. Шундай қилиб,

хўроз уриштириш қонуний равишда хотинни калтаклашдан кўра оғирроқ жиноят деб тан олинган.

Шу билан бирга, 34-моддада эрининг уйидан рухсатсиз чиқиб кетган ва ортга қайтишдан бош тортган аёл учун қамоқ жазоси кўзда тутилган. Бундан ташқари, аёлни эрининг уйига қайтаришдан бош тортган оила аъзолари ҳам жазога тортилади. Ушбу қоида аёлларни ота-оналари уйида оиладаги зўравонликдан бошпана излаш имкониятидан мутлоқ маҳрум қилади.

Болалар ҳам зўравонликдан ҳимояланмаган. 30-модда ўқитувчиларга фақат суяклар ёки терининг ёрилишига олиб келадиган жисмоний жазоларни тақиқлайди, бу эса билвосита бошқа барча жисмоний зўравонлик турларига йўл қўяди. 48-модда отага ўн ёшли ўғлини, масалан, ибодат қилишдан бош тортгани учун жазолашга аниқ рухсат беради.

Сўз эркинлигини бостириш ва тўлиқ назорат

Янги кодекс расмийларга қарши ҳар қандай норозилик ва танқидни бостириш учун ҳуқуқий асос яратади. 19-модда «Толибон» раҳбари томонидан тақиқланган ҳаракатни содир этишни, шунингдек, «мумкин маслалар»га нисбатан танқид ёки эътирозни жиноят деб ҳисоблайди.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари таъкидлашича, ушбу қоида шунчалик умумийки, у расмийларга фуқароларни ҳар қандай ҳаракатлар ёки баёнотлар учун таъқиб қилиш имконини беради. Масалан, толиблар томонидан аёллар учун таълим беришга қўйилган тақиқ «рухсат этилган маслалар» тоифасига киради ва бу тақиқни танқид қилиш энди жиноят ҳисобланади.

23-модда «Толибон» раҳбарларини ҳақорат қилганлар учун 20 та дарра ва олти ойлик қамоқ жазосини белгилайди. Ушбу қоида амалдорларига қарши ҳар қандай танқидни жиноят деб ҳисоблайди ва судяларга мухолифат арбобларини бостириш учун кенг ваколатлар беради.

24-модда барча фуқароларни «режимга қаршилар»нинг «қўпорувчи» йиғилишлари ва фаолияти ҳақида тегишли органларга хабар беришга мажбур қилади. Буни қилмаслик икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Шундай қилиб, мамлакатда тўлиқ кузатув ва чақимчилик амалиёти жорий этилмоқда ва халқаро гуманитар ҳуқуқ билан кафолатланган тинч аҳолининг бетарафлиги энди тан олинмайди.

59-модда аниқ таърифсиз рақсга тушиш ва уни томоша қилишни жиноят деб ҳисоблайди. 13-модда «ахлоқий бузуқ жойларни» йўқ қилишни талаб қилади, бу атама сартарошхоналар ва гўзаллик салонларини ҳам ўз ичига олиши мумкин.

▶️ «Равадари» инсон ҳуқуқлари ташкилоти халқаро ҳамжамият, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро органларни Афғонистоннинг янги Жиноят-процессуал кодексининг амалга оширилишига йўл қўймаслик учун барча мавжуд ҳуқуқий воситалардан фойдаланишга чақиради. Ташкилот вазиятни кузатишда давом этиш ва оммавий ахборот воситалари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларини янги қонунчилик оқибатлари ҳақида мунтазам равишда хабардор қилиб туриш ниятида эканини билдиради.

12 февраль куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1988 йилги Афғонистон санкциялари қўмитасини қўллаб-қувватловчи Кузатув гуруҳи ваколатини узайтириш тўғрисидаги резолюцияни бир овоздан қабул қилди. Муҳокама давомида аъзо давлатлар вакиллари Афғонистондаги гуманитар ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият, хусусан, аёллар ва қизлар дуч келаётган шароитлар борасида хавотир билдирдилар.

Reuters фотосурати

Шу куни Афғонистон Бош вазирининг иқтисодий ишлар бўйича ўринбосари Абдул Ғани Барадар Қобул-Баграм йўли қурилишини очиш маросимида толиблар маъмурияти афғонларни ягона «исломий ва миллий позиция» остида бирлаштириш устида ишлаётганини айтди. У Афғонистоннинг сиёсий, этник ва лингвистик хилма-хиллигини «маъносиз бўлинишлар» ва толиблар бартараф этмоқчи бўлган муаммо деб атади. Ушбу баёнот халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистондаги барча этник гуруҳларни ифодаловчи инклюзив ҳукуматни тузиш ҳақидаги бир неча бор чақириқлари фонида янгради.

Инсон ҳуқуқлари фаолларининг фикрига кўра, мустақил ва самарали ички назорат механизмларидан ҳоли янги Жиноят-процессуал кодексининг жорий этилиши муқаррар равишда инсон ҳуқуқларининг бузилишига, асосий эркинликларнинг бостирилишига ва Афғонистоннинг халқаро ҳамжамиятдан янада яккаланишига олиб келади.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

  • Тошкентда «Рассом ва табиат» XL юбилей кўргазмаси бўлиб ўтди

  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади