Ҳуқуқ ҳимоячилари Эрондаги намойишларда 300 дан ортиқ киши халок бўлгани маълум қилади

Эрондаги норозилик намойиши. Amnesty International доклади фотосурати

Эронда бензин нархи ортиши билан боғлиқ намойишларнинг бостирилиши оқибатида халок бўлганларнинг сони 304 нафарга етди. Бу ҳақда ишончли манбаларга таяниб, Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Amnesty International хабар берди. Даставвал, ташкилот камида 208 киши халок бўлганини маълум қилганди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари хабарига кўра, видеоёзувлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари қуролсиз одамларга қарата ўт очгани, жароҳатларнинг оғирлиги эса (шу жумладан, одамлар бошига қарата ўт очилгани) отишма одамларни халок қилиш мақсадида олиб борилганидан далолат беради.

Халок бўлганлар орасида вояга етмаганлар ҳам бор. Норасмий маълумотларга кўра, уларнинг сони 18 нафарга етган.

Намойишларда халок бўлганлар тўғрисида расмий маълумот йўқ. Эрон давлат телевидениеси ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари қурол ишлатганини тан олсада, орган ҳодимлари фақат қуролланган намойишчиларга нисбатан ишлатганини таъкидлайди. Бироз вақт ўтгач, Хавфсизлик кенгаши котиби Али Шахмани намойиш пайтида одамларнинг ўзлари бир–бирига ўт очганини таъкидлаган.

Ҳибсга олинганларнинг умумий сони ҳақида бирорта маълумот йўқ. Мамлакат парламенти Миллий хавфсизлик комиссияси вакили Накави Ҳусейнининг маълумотларига кўра, қўлга олинганларнинг сони 7 минг кишига етган. Гарчи ноябрь охирига келиб намойишлар тўхтаган бўлсада, у билан боғлиқ ҳибсга олинишлар давом этмоқда. Amnesty International хабарига қараганда, айрим қамоқхоналар одамларга тўлиб кетган, ҳибсга олинганлар ҳарбий объект ва бошқа жойларда ушлаб турилибди. Айрим қўлга олинганларнинг қийноққа солиниб, калтаклангани тўғрисида маълумотлар бор. Эрон прокуратураси ҳибсга олинганлар ичида намойишга дахлдор бўлмаган одамлар бўлиши мумкинлигини тан олган. Бундан олдин Эрон президенти Ҳасан Руҳони тинч йўл билан намойишга чиққанларни озод қилиш кераклигини айтганди. Шу билан бир қаторда президент намойишлар четдаги кучлар ёрдамида уюштирилгани ва тез орада айрим айбдор шахсларнинг “айбларини тан олиши” ошкор этилишини маълум қилган. Эрондаги намойишлар ҳукумат бензин нархини уч баробарга кўтарганидан сўнг ноябрь ўртасида бошланди. Норозилик ҳаракатлари чоғи ёнилғи шаҳобчаларига ўт қуйилди. Кейинчалик банк бўлимлари ва маъмурий биноларга ҳам ўт қўйилгани тўғрисида хабарлар тарқай бошлади. Журналистларнинг эътироф этишича, намойишлар мамлакатнинг ўнлаб шаҳарларини қамраб олган. Ноябрь охирига келиб оммавий норозилик ҳаракатлари тўхтади ва ҳукумат тартиб ўрнатилганини таъкидлади.

Эрон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, намойишлар чоғи 800 дан ортиқ банк ва маъмурий биноларга ўт қўйилган, 70 та бензин қуйиш шаҳобчаси ёқиб ташланган, шунингдек, куч ишлатар ташкилотлари биноларига ҳам ҳужумлар уюштирилган. Ҳукумат хабарига кўра, намойишларда 200 мингдан ортиқ фуқаро иштирок этган.

Расмий Теҳрон намойишлар халқ қўзғалони эмас, «чет эл разведкалари операцияси» бўлганини баён қилади. Эрон контрразведкасининг маълум қилишича, ҳибсга олинганлар ичида “АҚШ Марказий разведка бошқармаси агентлари” ҳам бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Жаҳон оммавий ахборот воситалари – Марказий Осиё ҳақида. Ҳафталик шарҳ

  • Тошкентда фақат 42 дона юз йиллик дарахт қолган. «Фарғона» ҳали кеч бўлмасидан уларни кўриб чиқишга уринди

  • «Фарғона» Бош директори Даниил Кислов оғир ҳасталикка учраган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровни озод этишга чақиради

  • Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Орзуларни ушатувчи беш булоқ, ва куч-қувват бағишловчи чинорлар