Россияда мигрантларга иш берувчиларга нисбатан назорат камайтирилади

Полиция Москва бозорида мигрантларни текширмоқда. Илья Варламов фотосурати, Varlamov.ru

Россияда мигрантлар меҳнатидан фойдаланаётган иш берувчилар устидан режали текширувларни камайтиришга қарор қилинди. Ҳукумат сайтида бу борада қонун лойиҳаси ишлаб чиқарилаётгани тўғрисида хабар берилган.

2020 йилда «РФ айрим қонунчилик актларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқиш режасига киритилган. Қонун лойиҳаси июнда Ҳукуматга , сентябрда эса Давлат Думасига тақдим этилади.

Ҳукумат бундай чоралар иқтисодий ўсишни таъминлаб, бизнес устидан назоратни камайтиради деган умидда, деб ёзади «Известия».

Ислоҳотлар режаси ўтган йили Министлар кабинетида ишлаб чиқилган, шунингдек, уни миграция соҳасида қўллаш ИИВга топширилган.

Россиядаги кичик ва ўрта бизнес манфаатларини ҳимоя қилувчи «Опора России» уюшмаси мамлакатда ишга яроқли аҳоли сонининг камайиб бораётганини ёзади.

«Табиийки, бизнес бу бўшлиқни мигрантлар ҳисобига тўлдиришни мақсад қилган. Бугунги кунда Россияда мигрантларнинг ишга жойлашишида қатор муаммолар мавжуд. Ишга рухсатнома олиш учун чет элликлар рус тили ва Конституцияни билиши борасида имтиҳон топширишлари керак, – дейди уюшма вакили. – Биз уларни текшириш керакмас демоқчимасмиз. Бунинг учун бошқа асослар бор. Текширувлар нима сабабдан режали бўлишини тушунмаймиз».

«Единая Россия» фракцияси раҳбари Андрей Исаев бизнес устидан маъмурий назорат ўта кучли эканини тан олади. Бироқ, унинг фикрича жамият миграция масаласини оғриқли қабул қилади. У текширувлар камайтириш билан бир қаторда «мигрантлар меҳнатидан ноқонуний фойдаланиш механизми»га қарши қўшимча чоралар тадбиқ этиш зарурлигини таъкидлайди. Ўз навбатида «Справедливая Россия» ва КПРФ мазкур ғояга совуққонлик билан ёндошди. Коммунистлар фракцияси раҳбарининг ўринбосари Николай Коломейцев мигрантлар устидан назоратнинг камайтирилиши — «Россияда маҳаллий аҳолининг иш ўринларини йўқотишига сабаб бўлиши»дан огоҳлантиради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ