АҚШ Марказий Осиё минтақасига доир янги стратегиясини маълум қилди

С5+1 форматидаги учрашув. @SecPompeo твиттери фотосурати

АҚШ Давлат департаменти Марказий Осиё минтақасига доир янги стратегиясини маълум қилди. Ҳужжат ташкилот сайтида чоп этилган.

Аввали, АҚШ Давлат котиби Майк Помпеонинг Тошкентга ташрифи чоғида мазкур ҳужжат минтақа давлатлари Ташқи ишлар вазирларига тақдим этилганди, деган хабар тарқаганди.

Америка Қўшма Штатлари минтақавий ҳамкорликни кучайтиришни ваъда қилади. Жумладан, АҚШ Марказий Осиёда ягона энергетика тизимининг тикланишига кўмак беришини маълум қилган (мазкур тизим СССР даврида ташкил этилган бўлиб, 2000-йиллари унинг унумдорлиги анча сусайганди). Шунингдек, Америка минтақа қуролли кучлари билан ҳамкорликда ҳарбий машғулотлар ўтказишни давом эттириш истагини билдирган.

Марказий Осиё мамлакатлари билан терроризм ва экстремизмга қарши кураш борасида ҳамкорлик давом эттирилади. Бунда, ҳуқуқ-тартибот ва чегара хизматлари билан ҳам ҳамкорликда ишлар олиб борилади.

Давлат департаменти маълумотларига кўра, АҚШ минтақада чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва мутахассисларни тайёрлаш ишларига $90 миллиондан ортиқ маблағ сарфлаган.

Шунингдек, Стратегия Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон билан энергетика, савдо ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кучайтиришига кўмак беришни кўзда тутади. Бундан ташқари, АҚШ минтақада фуқаровий жамиятни ривожлантириш ишлари, қонун устуворлигига қаратилган ислоҳотларнинг олиб борилишини қўллаб-қувватлайди.

АҚШ Давлат департаменти маълумотларига қараганда, шу кунга қадар океан орти давлати иқтисодий ривожланиш, демократик ислоҳотлар, шунингдек инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш мақсадида Марказий Осиё мамлакатларига $9 млрд маблағ йўллаган. АҚШнинг хусусий сектори эса минглаб ишчи ўринлар яратган ҳолда минтақага $31 миллиарддан ортиқ маблағ сарфлаган.

Америка ҳукумати Марказий Осиё мамлакатларига халқаро дастурлар доирасида кредитлар берилишига кўмак бериб келган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди