Ўзбекистонлик бокс бўйича Олимпия чемпиони Олма-Отада жанг ўтказади

Фазлиддин Ғоибназаров . Olympic.uz сайти фотосурати

Бокс бўйича Олимпия чемпиони, ўзбекистонлик Фазлиддин Ғоибназаров (8 ғалаба, 1 мағлубият, 5 накаутли ғалаба) Олма-Отада ўтказиладиган Nauryz Fight Night бокс анжуманида иштирок этади. Бу ҳақда Instagramда MTK Kazakhstan хабар беради.

MTK Kazakhstan менежер компанияси ва промоушен D4G ҳамкорликда ўтказаётган бокс кечаси 28 март куни Олма-Отанинг «Халык Арене» спорт саройида бўлиб ўтади.

Курашда Ғоибназаровдан ташқари қозоғистонлик WBO Inter-Continental ўрта вазн чемпиони Жанкош Тураров (24-0, 17 КО), Абай Толеш (5-0, 3 КО), Али Балоев (9-0, 7 КО), Абылхайыр Шегалиев (8-0, 4 КО), Рай Сейтжанов (2-0), Нурдос Толебай (2-0, 1 KO), шунингдек, проф-рингда бокс бўйича Осиё чемпиони ва Жаҳон чемпионатининг бронза соҳиби Турсынбай Кулахмет ҳам иштирок этади. Бундан ташқари, рингга покистонлик Муҳаммад Васим (10-1, 7 КО) ва ўзбекистонлик Хуршид Тожибоев (4-0, 2 КО) кўтарилади.

Жуфтлар таркиби ҳали аниқланмаган. Чипталар 28 февралдан сотила бошланади.

Қозоғистонда ўтказилаётган профессионал жанг Ғоибназаровнинг бу мамлакатда ўтказаётган иккинчи жангги саналади. У биринчи бор ўтган йили Олма-Отадаги Балаун Шолак номидаги спорт саройида жангга чиққанди. Ўшанда Ғоибназаров украиналик боксчи Владислав Барановни накаутга йўллаган эди.

Фазлиддин Ғоибназаров —Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида туғилган. У 2015 йили Осиё ва Жаҳон чемпионатининг кумуш медалларини қўлга киритган. Боксчи 2016 йил Риода ўтказилган Олимпия ўйинларида олтин медалга сазовор бўлганди. Ғоибназаров ўзининг биринчи профессионал бокс жангини 2017 йил апрель ойида Калифорнияда ўтказди ва рақиби америкалик Виктор Васкесни накаутга учратди. Ўзбекистонлик боксчи Калифорниянинг Лос-Анжелес шаҳрида яшаб, шуғулланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ