Мирзиёев Афғонистон ва Қирғизистонга COVID-19 инфекциясига қарши курашга инсонпарварлик ёрдамини жўнатди

Қирғизистон учун инсонпарварлик ёрдам юки. Uza.Uz сайти фотосурати

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 1 апрель куни Афғонистон ва Қирғизистонга коронавирус “COVID-19” касаллигини бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида инсонпарварлик ёрдами юборилди, дея хабар беради ЎзА.

Ангрен-Тошкент-Термиз-Мозори Шариф йўналишида жўнаб кетган поездга тиббиёт ниқоблари, ҳимоя комбенизонлари, тепловизорлар, ун, ўсимлик мойи, гуруч, хўжалик совуни ва болалар учун кийим юкланган.

Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, вилоят ҳокимлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” ва “Қўрғонтепа дон маҳсулотлари”, шунингдек, Ўзбекистоннинг фармацевтик компаниялари томонидан темир йўл состави Қирғизистонга жўнаб кетди. Қўшни республикага 1000 тонна ун, турли озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда фойдаланиладиган бир марталик бош кийимли ҳимоя комбинзони, респиратор, қўлқоп, ҳимоя кўзойнаги, пирометр ҳамда тест-системалар жўнатилди.

“Пандемия кўплаб давлатлар иқтисодиётини издан чиқариб юборди. Ана шундай пайтда бир бирини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади” – дейди “Қўрғонтепа дон маҳсулотлари” корхонаси раҳбари Шодилбек Мамажалилов.

Бугунги кунда Қирғизистонда коронавирус COVID-19 инфекциясини юқтиришнинг 111 та ҳолати аниқланган. Бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда вазият тартиби киритилган, Бишкек, Ўш, Жалолобод ҳамда Ўш ва Жалолобод вилоятларининг учта туманида 25 март куни кучайтирилган фавулодда ҳолат тартиби жорий этилди.

Афғонистонда вирус юқтириш ҳолатлари 200 тагача кўтарилди, бироқ тест ўтказишга имкониятлар чеклангани боис республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳақиқий аҳвол жиддийроқ ва тез кунлар ичида статистика маълумотлари янада ёмонлашади, дея ҳисобламоқда. Reuters ахборот агентлиги Қобул аҳолиси вакиллари ҳамда чакана савдо тижоратчиларига таянган ҳолда хабар беришича, ҳамма жойда кундалик эҳтиёж молларига, шу жумладан, озиқ-овқат ва медицина маҳсулотларига нархларнинг ошиши кузатилмоқда. Одамлар қимматчилик эмас, балки қаҳатчилик юзага келиши мумкинлигидан хавотирга тушишган.

Шунингдек, аҳоли расмийларнинг Қобулни ёпиб қўйиш тўғрисидаги қарори ташвишга солиб қўйган. Мамлакатнинг барча шаҳарларида одамлар озиқ-овқат сотиб ғамлашга ташландилар. Шу билан бирга, Афғонистон Савдо-саноат палатаси раҳбарининг ўринбосари Хон Ён Алқазай Reuters агентлигига маълум қилишича, товар юкланган минглаб юк машиналари чегараларда ҳамда Покистоннинг портларида ҳаракатланиш имкониятидан маҳрум қилиб қўйилган.

Ўзбекистоннинг ўзида Тошкентда, Нукусда ва вилоятлар марказларида 1 апрелдан бошлаб “само изоляция” (ўзини жамиятдан четлатиш) тартиби жорий этилган. Ёши 65 дан ошган фуқароларнинг уйдан чиқишлари қатъий тақиқлаб қўйилди, фақат дорихонага ҳамда уйига энг яқин бўлган озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж моллари сотадиган дўконларга бориб келиши мумкин. Республикада 1 апрель ҳолатига кўра COVID-19 инфекциясини юқтириш ҳолати 181 га чиқди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ