Европада 2021 йил охиригача барча халқаро турнирларни бекор қилиш тавсия этилди

УЕФА кубоги совринлари . Uefa.com сайти фотосурати

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) коронавирус пандемияси туфайли Европа футбол ассоциациялари иттифоқини (УЕФА) 2021 йил сўнггига қадар барча халқаро турнирларни бекор қилишга чақирди. Бу ҳақда Sport.ua сайти PLACAR журналига таянган ҳолда хабар беради.

ЖССТ эпидемиологларининг икки соатли кескин бахс-мунозараларга бой мажлисидан сўнг шундай тавсия берилган. Журналнинг хабар беришича, мажлисда бирорта консенсусга келинмаган. УЕФА бу масалада қўшимча онлайн-маслаҳат олиб боришини билдирди.

Агар УЕФА Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияга рози бўлса, у ҳолда 2020/2021 ва 2021/2022 йиллар Чемпионлар лигаси ва Европа чемпионати бекор қилинади, шундоқ ҳам 2020 йилдан 2021 йилга кўчирилган Европа чемпионати, шунингдек ,2022 йилга Миллий лига ва Жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари хавф остида қолади.

ЖССТ фақат тавсия бера олиши, спорт календарига ўзгартириш киритиш учун расмий таъсир кучига эга эмаслиги маълум. Шунинг учун УЕФА унинг тавсиясини инобатга олмаслиги ҳам мумкин.

Бундан бир кун олдин УЕФА миллий чемпионатларга мавсумни 29 августгача якунлашни маслаҳат берганди. Айрим лигалар чемпионатни бошлаш муддатларини белгилаб олганлар. Жумладан, май ойида Германия, Польша ва Фарер ороллари мамлакат биринчилигини бошлашни режалаштирган. Июнда эса кўпгина Европа давлатларига футбол ўйинлари жонланади. Бельгия ва Нидерландия эса ўз чемпионатини муддатидан аввал якунладилар.

Дунёда коронавирус пандемияси бошлангани сабаб, спортнинг турли соҳаларига оид минглаб тадбирлар бекор қилинди. Уларнинг орасида футбол ҳам бор. Лекин шунга қарамасдан Белоруссия, Никарагуа, Тайвань, Тожикистон ва Туркманистонда миллий чемпионат мусобақалари давом этмоқда. Айрим маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон июнгача чемпионат ўйинларини бошламайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ