Ўзбекистон расмийлари Turkish Airlines Ўзбекистонга мунтазам рейсларни 1 июлдан бошлаб тиклашини эълон қилганига қарамай, бирорта ҳам авиакомпанияга республикага мунтазам парвозларни янгидан йўлга қўйишга рухсат бермаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов билдирди, дея хабар беради Kun.uz.
“Хорижий давлатлар авиакомпанияларининг Ўзбекистонга доимий қатновларини йўлга қўйиш масаласи эпидемиологик вазиятга боғлиқ бўлиб, қайси давлатлар билан авиақатновлар тикланса, бу ҳақда расмий хабар берилади”, — деди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати раҳбари.
Бир неча кун олдин Туркиянинг Turkish Airlines халқаро авиакомпанияси сайтида 1 июлдан Истанбул–Тошкент авиарейслари қайта йўлга қўйилиши ҳақида хабар пайдо бўлганди. Унга кўра, самолётлар ҳафтасига тўрт марта қатновларни амалга ошириши айтилганди.
Кейинроқ Air Astana авиакомпанияси Нур-Султон ва Олма-Отадан Тошкентга ва ортга мунтазам парвозларни амалга ошириш ҳақида маълум қилганди. Ҳатто авиачипталар нархи тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилганди. Мисол учун, Олма-Отадан ва Ўзбекистон пойтахти ўртасидаги икки томонга қатновнинг нархи 165 АҚШ долларига тенг.
Айни пайтда юқорида номлари келтирилган авиакомпаниялар Ўзбекистонга авиақатновлар ҳақидаги эълонларини ўчириб ташлаган. Эътиборга лойиқ жойи шундаки, Turkish Airlines сайтида Марказий Осиёнинг бошқа шаҳарлари – Олма-Ота, Нур-Султан, Ашхабод, Душанбе ва Бишкекка парвозлари тўғрисидаги маълумотлар ўзгаришсиз қолдирилган.
Ашурматов “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авикомпаниясининг чартер рейсларига нархларнинг $350-400 дан $750 гача кўтарилиши сабабини ҳам тушунтириб берди. Унга кўра, илгари чипталар нархлари энг кам даражадаги тарифлар бўйича белгиланган бўлган.
Ўзбекистон 15 июндан бошлаб муайян доирадаги фуқаролар учун халқаро авиақтновларни қайта тиклаган эди. Шу билан бирга, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича республика махсус комиссияси мамлакатларни улардаги эпидемиологик вазиятлардан келиб чиққан ҳолда қизил, сариқ ва яшил тоифаларга бўлиб чиққан. Мисол учун Япония, Жанубий Корея, Хитой ва Исроил яшил тоифали ҳудудларга киритилган.
Олдинроқ Uzbekistan Airways 22 июндан 5 июлга қадар COVID-19 эпидемияси туфайли чет элларда қолиб кетган ватандошларини мамлакатга қайтариш учун 18 та қўшимча чартер рейсларини бажариши ҳақида хабар берилган эди. Бундан ташқари, Israir, Asiana Airlines ва “Россия” авиакомпаниялари биттадан рейсларни амалга оширади.