Қозоғистондаги тиббиёт компанияси COVID-19 тестларининг сунъий тақчиллиги яратилганини маълум қилади

ПЦР-диагностика . Ksmed.ru сайти фотосурати

Қозоғистондаги ПЦР-диагностика учун реагентлар тўпламини ишлаб чиқарувчи компанияси раҳбари Алтай Қалимбетов Қозоғистонда коронавирус тестларининг сунъий тақчиллиги яратилаётгани ҳақида билдирди. Бу ҳақда “Диамед” МЧЖ асосчиси ва бош директори Facebook ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида ёзган.

Тадбиркорга кўра, давлат унинг корхонасидани “бирорта ҳам коронавирусни аниқлаш бўйича реагентлар тўпламини сотиб олмаган”. “Коронавирусни аниқлаш учун ПЦР-диагностика тақчиллиги аслида сунъий. Вақт келиб, ушбу “ўлат пайтида амалга оширилган бизнес”да иштирок этган ҳар бир мутасадди ҳар бир ўлган жон учун жавоб беради. Ўшанда мен ҳам жим турмайман”, — дея қўшиб қўйди Қалимбетов.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Александр Цой унинг пости остига шарҳ қолдириб, “юзага келган аҳволни объектив тарзда ўрганиб чиқишини” ва уни ўз назоратига олишини ваъда қилди.

“Диамед” тиббиёт компанияси 20 йилдан кўпроқ вақт давомида турли инфекцияларни (ОИТВ, гепатитлар, сифилис ва бошқа хавфли инфекциялар) аниқлаш учун қон ташхисига зарур бўлган иммуноферментли ташхис тестларини сотиб келади. “Диамед” Россиядаги йирик реагентлар тўпламлари ишлаб чиқарувчилари бўлган “Вектор-Бест” ва “Медико-биологический Союз” компанияларининг Қозоғистондаги вакили саналади. “Диамед” қон марказларига, ОИТС профилактикаси ва унга қарши кураш марказларига, юқумли касалликлар шифохоналарига, шунингдек, давлатга қарашли ва хусусий ташхис марказларига, лабораторияларга реагентлар тўпламини етказиб бериш билан шуғулланади.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари июнь ойида хабар беришича, Қозоғистон лабораторияларида тест топширишни истайдиган мижозларнинг ҳаммасига реагентлар етишмаётгани ҳақида хабар беришган. Лабораториялар олдида узундан-узун навбатлар пайдо бўлмоқда. Tengrinews.kz сайти 23 июнь куни Олма-Отадаги лабораторияга келган аёл томонидан видеотасвирга олган лавҳани жойлаштирди. Унда лаборатория ходими тўпланганларга марказда бор-йўғи 70 кишига етадиган қоришма борлигини, шунинг учун ҳам мижозлар сони чекланаётганини маълум қилаётганини кўриш мумкин.

Муаллифга кўра, бу ҳолат бир неча кундан бери такрорланиб келмоқда, ҳолбуки шаҳарда бундай анализларни қиладиган бор-йўғи иккита лаборатория ишлаяпти, холос. Кейинроқ Олма-Ота шаҳар жамоатчилик саломатлиги бошқармисининг раҳбари Камалжан Надиров коронавирусни аниқлашга ихтисослашган шаҳардаги қатор лабораториялар ишдан чиққанини маълум қилди.

Ақўрда сайтида хабар берилишича, республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматга коронавирусга ПЦР-тестларини ўтказаётган лабораторияларнинг қувватини кўтариш бўйича топшириқ берган ҳамда COVID-19 инфекциясига қарши кураш бўйича иш олиб боришда камчиликларга йўл қўйгани учун бир нечта ҳокимларга ҳайфсан эълон қилган.

Шу билан бирга, президент Қозоғистондаги сифатсиз тест-системаларига ва ПЦР-тадқиқотларнинг сифатсиз ўтказилишига эътибор қаратди. “Аниқлаш кўрсаткичи бир ҳолатга нисбатан АҚШга қараганда 8 баробар, Италия ва Россияга қараганда 4,5 баробар ва Канадага қараганда 3 баробар пастроқ”, — дея қайд этди президент. Унга кўра, аниқланиш кўрсаткичлари пастлиги сабаблари ПЦР услуби бўйича синовдан ўтказилиши керак бўлган гуруҳларни аниқлаш учун аниқ мезонларнинг йўқлиги, сифати паст бўлган тест-системалари ва ПЦР-текширувларининг сифатсиз ўтказилиши бўлиб қолмоқда. “Шунингдек, лабораторияларга реагентлар ва бошқа зарур моддаларни етказиб бериш муддати кечикиши ҳолатлари учраб турибди”, — дея қўшиб қўйди давлат раҳбари.

Қозоғистонда 29 июнь куни коронавирус инфекцяси туфайли беш нафар бемор вафот этиб (ўлганлар ичида энг ёши – Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги 39 ёшли эркак), ўлганлар сони 188 тага етди. Мамлакат бўйича коронавирусга чалинишнинг жами 21 327 та ҳолати қайд этилган, улардан 12 933 киши даволаниш муолажаларидан кейин соғайиб кетган. Аломатсиз (симптомсиз) касаллар сони 16 639 та, уларнинг сони сўнгг ҳафта давомида деярли икки баробарга – 9 809 тадан 15 573 тачага кўпайган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкент қандай қилиб янгидан эски балони кутиб олмоқда

  • Россияда чет эллик мигрантларнинг патент олиши учун COVID-19 инфекциясига тест топширишни шарт қилиб қўйдилар

  • Ўзбекистонда миллион дастурчи тайёрлаш бўйича вазифани қандай қилиб бажаришаётганлари ҳақида

  • Шарқ музейининг Ўрта Осиё зали бўйлаб видеосаёҳат