Пандемия даврида соғлиқни сақлаш тизими энг кам иш ҳақи тўланган соҳа бўлгани маълум бўлди

Коронавирусга қарши курашаётган шифокорларга ойлик тўланиши. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эъон қилган видео кадри

2020 йил январь-июнь ойларида Ўзбекистон бўйича тўланган номинал ойлик маошларининг ўртача миқдори 2,5 млн cўмни ($250) ташкил этган ва бу миқдор 2019 йилга нисбатан 21,6% кўп бўлган. Соғлиқни сақлаш ва маориф соҳасида тўланган ойликлар республика бўйича ўртача кўрсатгичларидан кам бўлган. Давлат статистика қўмитасида эълон қилинган ҳисоботда мана шундай маълумотлар берилган.

Банк, суғурта, лизинг ва кредит-воситачилик соҳаларида ойликлар 33,4% ошган, шунингдек юкларни ташиш ва сақлаш соҳаларида ҳам ушбу миқдор 28,5% ортганини кўрсатади. Энг катта ойлик маошлари банк, суғурта, лизинг соҳаларида (5,45 млн сўм, ёки $535), ахборот ва алоқа (4,14 млн сўм, ёки $406) қайд этилган.

Энг катта ўртача ойлик Тошкент шаҳрида (3,64 млн сўм ёки $357), Навоийда (3,36 млн сўм ёки $329) ва Тошкент вилоятида (2,79 млн сўм ёки $273) аниқланган.

Соғлиқни сақлаш тизими эса йил бошидан энг кам иш ҳақи тўланган соҳа бўлиб қолмоқда. Биринчи ярим йиллик ичида бу тизимда ўртача ойлик 1,7 млн сўмни ($166) ташкил этган. Бу эса республика бўйича ўртача ойликдан 30,4% паст миқдорни билдиради. Республика бўйича Бухоро, Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳри, Сирдарё, Хоразм ва Навоий вилоятларидаги медикларнинг ойликлари кўпроқ бўлган, Жиззах, Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Қашқадарёдаги шифокорларнинг ойликлари эса камроқ бўлган.

Маориф тизимида ўртача ойлик 1,9 млн сўмдан ($193) иборат бўлган ва ўтган йилнинг бу даврига нисбатан 17 фоизга ўсган. Республика бўйича Тошкент шаҳри, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистондаги педагогларнинг ойликлари кўпроқ бўлган. Сурхондарё, Хоразм, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларидаги ўқитувчилар эса камроқ ойлик маошларини олганлар.

Қурилиш соҳасида Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Фарғона ва Жиззах вилоятларидаги қурувчилар республика бўйича ўртача ойликка нисбатан камроқ пул олганлар, савдо соҳасида эса қашқадарёликлар, наманганликлар, бухороликлар ва самарқандликлар қўлига камроқ ойлик теккан.

Ойлик маошлари ҳисобланганда — ойликка устама, мукофот, компенсация тўлови, ишламаганлик даврига ҳақ тўланиши, жисмоний шахслар даромадидан солиқ тўловининг ушлаб қолиниши ва касаба уюшмаларига тўловлар ҳисобга олинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Ҳақиқий Остап Бендер лейтенант Шмидтнинг ўғли бўлмаган. У Ўзбекистон Марказий ижроя қўмитасининг раиси бўлган

  • Жаҳон оммавий ахборот воситалари – Марказий Осиё ҳақида. Ҳафталик шарҳ

  • Тошкентда фақат 42 дона юз йиллик дарахт қолган. «Фарғона» ҳали кеч бўлмасидан уларни кўриб чиқишга уринди

  • «Фарғона» Бош директори Даниил Кислов оғир ҳасталикка учраган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровни озод этишга чақиради