Мирзиёев Тошкент чегарасини ўзгартириш масаласини маъқуллади

Шавкат Мирзиёев Тошкент чегарасига ўзгартиришлар киритиш лойиҳаси билан танишмоқда. Ўзбекистон президенти сайти фотосурати

Тошкент шаҳрига тегишли 1010 гектар ер майдони Тошкент вилоятига берилади ва вилоятга қарашли 10 минг 196 гектар ер майдони пойтахт тасарруфига ўтказилади. Президент Шавкат Мирзиёев 5 август куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ўзаро чегарадош бўлган туманлари ҳудудларини ўзгартириш бўйича тайёрланган лойиҳалар тақдимоти билан танишди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида шаҳардан Тошкент вилоятига, вилоятдан пойтахтга ер майдони ўтказилиши режалаштирилган, дейилади хабарда.

Тошкентда Янги ҳаёт туманини ташкил этиш режалаштирилган ва май ойида президент ушбу ташаббусни илгари сурганди. Шунга мувофиқ, ишчи гуруҳ томонидан Сергели туманидан 1752 гектар, Бектемирдан 267 гектар, Зангиотадан қарийб 328, Қуйи Чирчиқдан салкам 129, Янгийўлдан 263, Ўрта Чирчиқдан 1346 гектар ажратиб, Янги ҳаёт туманини жами 4085 гектарда ташкил этиш бўйича таклиф ишлаб чиқилган.

Маълумки, Тошкент вилоятининг бешта тумани – Зангиота, Янгийўл, Қуйи Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманлари айрим маҳаллалари Тошкент шаҳрининг катта ҳалқа йўли ичига кириб қолган. Мисол учун, Тошкент вилоятининг Зангиота туманига қарашли Хонобод маҳалласи пойтахтнинг Сергели ва Бектемир туманлари орасида, ёки Тошкент шаҳрига қарашли Улуғбек шаҳарчаси тўлиқ Тошкент вилоятининг Қибрай тумани ҳудудида жойлашган. Бундан ташқари, Тошкент вилояти туманлари ва шаҳарларининг ўзаро чегара ҳудудларида ҳам кўплаб номутаносибликлар мавжуд.

Мисол учун, Тошкент вилоятининг Зангиота туманига қарашли Хонобод маҳалласи пойтахтнинг Сергели ва Бектемир туманлари орасида, ёки Тошкент шаҳрига қарашли Улуғбек шаҳарчаси тўлиқ Тошкент вилоятининг Қибрай тумани ҳудудида жойлашган.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти туманлари ва шаҳарларининг ўзаро чегара ҳудудларида ҳам кўплаб номутаносибликлар мавжуд.

Мирзиёев таклифларни маъқуллаб, Тошкент шаҳрининг Бош режасини қайта кўриб чиқиш, шаҳарга қўшимча берилаётган ер майдонларига уйлар, саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инфратузилма объектларини оқилона жойлаштириш, энг асосийси, аҳолига қулай шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Мутасадди раҳбарларга юқоридаги масалалар юзасидан тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини қисқа муддатда тайёрлаб, маҳаллий кенгашлар ва Олий Мажлисга кўриб чиқиш учун киритиш бўйича топшириқ берилди.

2019 йили Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахт чегарасини 18 минг гектарга ёки ҳозирги ҳудудини 60 фоизга кенгайтириш режасини маълум қилганди. Янги Тошкент ҳудудида икки миллионга яқин одам истиқомат қилади.