Молиявий жиҳатдан зарарли бўлган Ўзбекистон аэропортларини янги менежментга фойда келтиридиган аропортларга қўшиб, юклама сифатида бериладиган бўлди

Тошкентдаги Ислом Каримов номидаги аэропорт . «Фарғона» фотоси

Ўзбекистоннинг молиявий жиҳатдан фойда келтирмайдиган аэропортлари «пакет принцип» дея аталувчи таомилига мувофиқ зарар билан ишлаётган ҳаво портларини фойда келтираётганлари билан биргаликда хусусий компаниялар бошқарувига берилиши керак. Бу ҳақда 5 август куни энергетика, транспорт, коммунал хўжалик ва тиббиёт соҳаларида давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш юзасидан президент Шавкат Мирзиёев учун ўтказилган тақдимотда эълон қилинди.

Жаҳон банки билан биргаликда Тошкент, Бухоро, Фарғона ва Урганч аэропортларини “пакет принципи” (зарар билан ишлаётган ҳаво портларини фойда келтираётганлари билан шерикликка бериш) асосида шерикликка бериш бўйича техник топшириқлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Халқаро экспертларнинг таҳлилига кўра, Ўзбекистондаги мавжуд аэропортларни модернизация қилиш учун ўртача 800 миллион доллар талаб этилади.

Президент тақдимот давомида Давлат-хусусий шериклик агентлиги фаолиятининг паст кўрсаткичларини танқид остига олди. Агентлик ташкил этилган 2018 йилдан бери бюджетга юкни камайтириш ва йирик лойиҳаларга хусусий секторни жалб этиш борасида алоҳида қонун ва 10 дан ортиқ қарорлар қабул қилинган ва ҳозирги кунга қадар энергетика, тиббиёт, коммунал хўжалик соҳаларида ҳаммаси бўлиб бор-йўғи 9 та йирик давлат-хусусий шериклик лойиҳалари имзоланган. «Бу кўрсаткич жуда ҳам паст», дея билдирди Мирзиёев.

У соғлиқни сақлаш соҳасида 270 миллион долларлик 14 та лойиҳаларни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади ҳамда ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар ўртасида рақобатни таъминлаб, давлат-хусусий шерикликни жорий этиш йўли билан таннарх ва электр энергияси ва табиий газни йўқотишларини камайтиришни бўйича топшириқ берди. Шунингдек, Бухоро, Наманган ва Нукус шаҳарлари иссиқлик таъминотини шерикликка бериш моделлари бўйича таклифлар киритилади.

Коммунал хўжалиги соҳасида ҳамда транспорт ва логистикадаги ишлар ҳам қаттъий танқид остига олинди. Логистика соҳасини ривожлантиришнинг кейинги даврида 27 миллиард доллар талаб этилиши маълум қилинди. Қишлоқ хўжалигида «ўзгаришлар мутлақо сезилмаяпти, ишлар жуда сусткашлик билан силжияпти», — дея қайд этиб ўтди президент.

Мамлакатдаги 11 та аэропортнинг бошқарувини 2019 йилнинг охирида «Ўзбекистон Ҳаво Йўллари» миллий авиакомпаниясини реструктуризацияси натижасида пайдо бўлган Uzbekistan Airways акционерлик жамияти амалга оширяпти.

Ўзбекистон ҳукумати аэропортларни узоқ муддатли концессияларга беришни истамаётгани боис Россиянинг «Новапорт» ҳамда Япониянинг Sumitomo Corporation компаниялари билан музокаралар тўхтаб қолган (давлат мулки тасарруфида бўлган аэропортни инвестор маблағлари ҳисобига реконструкция қилиш ва бунинг эвазига инвесторга аэропортни эксплуатация қилиб, даромад олиш имкониятини тақдим этиш тўғрисидаги шартнома). Декабрь ойида бошқарув учун компаниялар тендер якунлари бўйича танланиши эълон қилинганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди