Чет эл фуқаролари 5 июнга қадар яшашга доир ҳужжатларини расмийлаштири керак

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги яшашга доир рухсатномаси муддати тугаган ёки тугаётган чет эл фуқароларини 5 июнга қадар ҳужжатларни расмийлаштириши зарур эканидан огоҳлантиради. Акс ҳолда, тартибни бузган фуқароларга нисбатан жарима солинади ёки улар мамлакатдан чиқариб юборилади, дейилади ИИВ матбуот хизмати хабарида.

Чет эл фуқаролари яшаш рухсатномаси муддатини узайтириш учун миграция хизматига мурожаат қилишлари лозим. Хабарда, рухсатнома муддати тугаган фуқаролар 5 июнга қадар мамлакатни тарк этишлари мумкинлиги ва бундай ҳолатда уларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилмаслиги таъкидланади.

Республика Коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш комиссияси қарорининг муддати 5 июнда тугайди. Қарорда пандемия туфайли чет эл фуқароларининг яшаш рухсатномаси муддати узайтирилган эди.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасига қарашли Чегара хизмати ташкилотининг таъкидлашича, давлат чегарасининг қуруқликдаги ва авиция пунктлари тўлақонли иш юритмоқда. Ўн бешта давлат — Россия, Беларусь, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Корея, Украина, Туркия, Миср, Германия, БАА, Нидерландия, Грузия, Черногория, Шри-Ланка билан мунтазам авиапарвозлар тикланган.

Sputnik.kz нинг мамлакат Ички ишлар вазирлигига таяниб берган маълумотига кўра, бугунги кунда 460 минг нафар чет эл фуқароси яшашга доир рухсатнома олган. Шунингдек, унда 560 минг чет эл фуқароси Қозоғистонни тарк этгани, уларнинг орасида 260,5 минг нафар ўзбекистонлик, 139 минг россиялик, 83, 5 минг қирғизистонлик, 15 минг Туркия ва 4,1 минг Хитой фуқаролари борлиги айтилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ