Москвада мигрантлар ўртасида оммавий муштлашув содир бўлган

РЕН ТВ телеканали кадри

Ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари Москва жанубида юз берган оммавий муштлашувни бартараф қилди, деб хабар беради РБК пойтахт Ички ишлар бошқармасига таянган ҳолда.

«Полицияга «Кузьминки» метро бекати олдида одамлар ўртасида муштлашув содир бўлгани тўғрисида хабар келиб тушган. Жанжал жойига етиб келган полиция ва Росгвардия ходимлари жамоат тартибини сақлаш учун керакли чораларни кўришган», — дейилади хабарда. Тартибни бузган бир нечта шахс полиция ҳудудий бўлимларига келтирилган.

«Интерфакс» манбаси маълумотига кўра, муштлашув Ўзбекистон ва Қирғизистондан келган мигрантлар ўртасида келиб чиққан. «Кейинчалик ҳар икки томонга ҳамқишлоқлари келиб қўшилган ва жанжал оммавий тус олган. Муштлашувда юзга яқин одам иштирок этган», — дейилади хабарда.

Полиция йигирмага яқин одамни қўлга олган. Муштлашувда иштирок этган айрим мигрантлар тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилишган. Жароҳат олган учта мигрант шифохонага жўнатилган, қолганларига ўша жойда тиббий ёрдам берилган.

РЕН ТВ телеканали жанжал қирғизистонлик ва тожикистонлик мигрантлар ўртасида келиб чиққанини таъкидлайди.

Телеканал манбасига кўра, 11 июль куни Химки шаҳрида Қирғизистондан келган икки фуқаро пичоқдан тан жароҳатини олади. Уларнинг танишлари рақибларидан ўч олиш мақсадида соат 19.00 да «Кузьминки» метро бекати олдида учрашув белгилайдилар. Лекин бу пайт муштлашув содир бўлмайди. Жанжал тунга яқин бошланади. Телеканал маълумотига кўра, унда 180 та одам иштирок этган, улардан 94 таси қўлга олинган.

ТАСС жанжал гувоҳларига таяниб, муштлашув жойида турган бир неча машина шикастланганини маълум қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ