Мирзиёев: «Олдимизда Евроосиё минтақасини фаровон ҳудудга айлантириш вазифаси турибди»

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» халқаро конференциясида ўнта ташаббусни илгари сурди, дея хабар қилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Биринчидан, Мирзиёев маҳсулот ва хизматлар ҳамда инвестицияларнинг эркин ҳаракати учун, транспорт-коммуникация ва энергетика инфратузилмаларини шакллантириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишни таклиф қилди.

«Бунинг учун ота-боболаримиз мажлис ва қурултойлар, лойя жирға, васи мушаварат ва сабха каби йиғинларда тўпланганларидек, биз ҳам мамлакатларимиз ўртасида долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун инвестициявий ҳамкорлик ва кооперацияни чуқурлаштириш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш бўйича йиллик минтақалараро форум ўтказишни таклиф этамиз», — деди у конференция иштирокчиларига иқтисодий ҳамкорлик борасида кўптомонлама келишувларни ишлаб чиқиш масаласини ўрганиб чиқишни таклиф қиларкан.

Иккинчидан, Мирзиёев замонавий, самарадор ва хавфсиз транспорт-логистика инфратузилмасини яратишни таклиф қиларкан «Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўл тармоғи минтақалар ўртасида ўзаро боғлиқлик архитектурасининг асосий бўғинига айланиши кераклигини таъкидлади. «Мазкур темир йўл тармоғи Ҳинд-Ганг текислигини Таксила, Гандара, Термиз сингари тарихий шаҳарлар орқали Евроосиёнинг жанубий ҳудуди билан боғлаган, Уттарапатха номи билан маълум қадимги шимолий савдо йўлининг ўзига хос замонавий шакли бўлади», — деди президент.

Учинчидан, президент савдо, транзит ва чегараларни кесиб ўтишда рақамли платформаларни жорий этишни таклиф қилди.

Тўртинчидан, минтақа ҳудудида ҳамкорликда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлларини излаш масаласи ўртага қўйилди.

Бешинчи ташаббус — хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда кучларни бирлаштириш бўлди. «Бу борада дастлабки қадам сифатида БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси иштирокида Гиёҳвандликка қарши қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишни таклиф этамиз, — деди Мирзиёев. — Кучларни бирлаштириш зарур бўлган асосий йўналишлардан яна бири – терроризм хавфига қарши кураш, деб ҳисоблаймиз. Биз ушбу масалалар бўйича икки минтақа вакиллари иштирокида махсус экспертлик учрашувини ташкил этишга тайёрмиз.

Бу мулоқотни жорий йил ноябрь ойида БМТнинг Марказий Осиёда глобал терроризмга қарши стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинганининг ўн йиллигига бағишлаб Тошкентда ўтказиладиган халқаро конференция доирасида уюштириш ҳам мумкин».

Олтинчи ташаббус «яшил» иқтисодиётни ривожлантиришни рағбатлантириш ва экология масалалари, жумладан Орол денгизи муаммоси билан боғлиқ бўлди.

«Бу фожианинг оқибатларини юмшатиш, келгусида инсониятни бундай офатлардан огоҳ этиш учун барча чораларни кўришимиз керак», — деди президент.

Еттинчи таклиф Марказий ва Жанубий Осиёнинг улкан сайёҳлик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш билан боғлиқ бўлди. «Бу ҳақда сўз юритганда, машҳур сайёҳлик брендларини, янги ва қулай сайёҳлик маҳсулотлари ва йўналишларини, жумладан, қизиқиш тобора ортиб бораётган “зиёрат туризми”ни ривожлантириш, вакцинация бўйича ўзаро тан олинган сертификатлар асосида “Янги шароитдаги туризм” концепциясини кенг жорий этиш зарур», — дея таъкидлади Мирзиёев.

Саккизинчи ташаббус — илмий ва маданий-гуманитар алмашувларни кенгайтириш масаласи билан боғлиқ бўлиб, бу борада президент Термиз шаҳрида ЮНЕСКО шафелигида «Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий мероси» мавзусида халқаро форум ўтказишни, шунингдек Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ёшлари кенгашини тузишни таклиф этди.

Тўққизинчиси — биргаликда қўшма тадқиқотлар ва инновацион ишларни олиб бориш, илмий ва ўқув стажировкаларини, тажриба алмашиш дастурларини рағбатлантириш масаласи бўлди. «Шу муносабат билан Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг олим ва тадқиқотчилари учун соддалаштирилган виза тартибини жорий этиш, шунингдек, университетлар ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича онлайн-платформа яратишни таклиф этамиз», — деди президент.

Ваниҳоят, президент Мирзиёев Марказий Осиё халқаро институти қошида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида таниқли олимлар, тадқиқотчи ва таҳлилчилардан иборат Экспертлар кенгашини тузишни таклиф этди.

«Бундан ташқари, бугунги конференция якунлари бўйича Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида, умуман, Евроосиё маконида доимий ва барқарор ривожланишнинг муҳим омили сифатида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш тўғрисида махсус резолюция лойиҳасини ишлаб чиқиб, БМТ Бош Ассамблеясига тақдим этишни таклиф қиламан. Ушбу ҳужжатда мулоқотларимизнинг умумий ёндашувлари, асосий тамойил ва йўналишларини акс эттириш лозим», — дея фикрини якунлади президент.

«Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» халқаро конференцияси 16 июль куни Тошкентда иш бошлади. Унда Афғонистон президенти Афраф Ғани, Покистон Бош вазири Имрон Хон, ЕИ ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати олий вакили Жозеп Боррел, шунингдек йигирмадан ортиқ мамлакат ташқи ишлар маҳкамаси раҳбарлари иштирок этмоқдалар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ