Ўзбекистонга Хитойдан бир миллион доза вакцина келтирилди

Вакциналар партиясини юклаш жараёни. Ўзбекистон ССВ матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонга ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг яна 1 миллион дозаси олиб келинди, деб хабар беради республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Юк 5 август куни келтирилган. Бугун, 6 августда яна 1 млн доза вакцина келиши кутилмоқда.

Бугунга қадар республикага умумий ҳисобда 8,5 млн доза ўзбек-хитой вакцинаси келтирилган. Олинган янги партия вакциналари билан жами 10,5 млн доза препарат олиб келинган. Яқин кунларда Ўзбекистонга россиянинг «Спутник V» вакцинасидан 90 минг доза келтирилади. Эслатиб ўтамиз, аввали Ўзбекистон ушбу вакцинадан 370 минг доза олганди.

5 август куни мамлакатда коронавирусга чалиниш бўйича навбатдаги рекорд ўрнатилди — бир кунда 974 та ҳолат аниқланди (бир кун олдин 951 одам инфекцияга чалингани қайд этилганди). Пандемия бошланганидан бери жами 134 826 нафар ўзбекистонлик коронавирусга чалинган, 916 та одам ўлган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев COVID-19 нинг кейинги тўлқинига қарши туриш ва ўлим ҳолатини камайтиришнинг энг муҳим омили — эмланиш эканини таъкидлаб, республикада «Спутник V» ва ZF-UZ-VAC2001 препаратлари ишлаб чиқиш йўлга қўйилишини маълум қилди.

ZF-UZ-VAC2001 — рекомбинант вакцина ҳисобланиб, у Хитойнинг Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical фармацевтика компаниясида тайёрланган. Препарат Хитой Фанлар академиясининг микробиология институти томонидан ишлаб чиқилган. Вакцинанинг клиник синови ўзбек олимлари ҳамкорлигида ўтказилди. Кейинчалик хитойликлар Ўзбекистоннинг препарат ишлаб чиқилишида муаллифдош эканини тан олди.

Жорий йилда Хитой ривожланаётган давлатларнинг пандемияга қарши курашига кўмак бериш мақсадида вакциналарни ҳамкорликда ишлаб чиқаришни давом эттириш ниятида. Бу тўғрида ХХР раиси Си Цзиньпин 5 августда COVID-19 га қарши вакцина ишлаб чиқариш бўйича Халқаро ҳамкорлик форумига йўллаган мактубида таъкидлаб ўтди, деб хабар беради «Синьхуа» агентлиги. У йил сўнггига қадар Хитой дунё мамлакатларига 2 млрд доза вакцина етказиб бериши ва COVAX глобал дастури учун $100 млн маблағ ажратилишини эълон қилди.

Марказий Осиёнинг Ўзбекистондан ташқари республикалари Хитойнинг Sinovac Biotech ва Sinopharm компанияларидан катта миқдорда вакциналар сотиб олган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ