Афғонистонда 150 дан ортиқ матбуот ёпилди

2018 йил 30 апрелдаги терактда ҳалок бўлган журналистлар хотирасига бағишланган сурат. Александр Рибин, «Фарғона»

«Толибон»* радикал ҳаракати Афғонистонни эгаллаганидан сўнг мамлакатнинг 20 та вилоятидаги 152 та оммавий ахборот воситаси ўз фаолиятини тўхтатган. Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар беради.

Телеканаллар, радиостанциялар, босма нашрларнинг ёпилаётганига оғир иқтисодий шароит, шунингдек толиблар томонидан турли даражада чекловлар жорий этилаётгани сабаб қилиб кўрсатилади.

«ОАВни қўллаб-қувватловчи ташкилотлар ҳозирги вазиятга эътибор беришмаса, тез орада биз мамлакатда қолган нашр ва телеканалларнинг ёпилишига гувоҳ бўламиз», — дейди Афғонистон мустақил журналистлари уюшмаси раҳбарининг ўринбосари Хўжатулло Мужодади (Hujatullah Mujadadi).

«Халқаро ташкилотларни мавжуд муаммони тез орада ҳал этишга чақирамиз. Акс ҳолда, яқин келажакда Афғонистонда эркин матбуот ва бошқа инсоний эркинликлар барҳам топади», — дейди ўз навбатида Афғонистон журналистлари миллий иттифоқининг раиси Масрур Лутфи (Masroor Lutfi).

Толиблар ҳукумат тепасига келганидан кейин журналистларнинг калтакланиши, уларнинг ноқонуний ҳибсга олинишлари содир этилди. Афғонистоннинг йирик шаҳарларида бўлиб ўтган норозилик акциялари чоғида шундай воқеалар юз берган. Биргина 7 ва 8 сентябрь кунлари Қобулда камида 14 нафар журналист қўлга олинган, улардан олти нафари жангарилар томонидан дўппосланган ва қийноқларга солинган.

Ҳанузгача 7 сентябрь куни Ҳиротда қўлга олинган фотограф Муртазо Самади (Mortaza Samadi)нинг тақдири номаълум бўлиб қолмоқда. Халқаро журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси толиблардан Самадини «тезликда ва сўзсиз озод этишларини» талаб этган. Чунки, толиблар ҳокимият тепасига келганларидан сўнг сўз эркинлигига риоя қилиш ва ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилмасликни вада қилгандилар.

Қўмитанинг таъкидлашича, «Толибон»нинг расмий вакиллари Забиулла Мужоҳид ва Суҳейл Шаҳин фотограф Самади билан боғлиқ вазиятга бирорта изоҳ бермаган.

* «Толибон» ҳаракати Россия ва кўп давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди