Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тиклади

pixabay.com сайти фотосурати

Ўзбекистон Афғонистондаги истеъмолчилар билан боғловчи электр узатиш линияларини таъмирлашни якунлади ва қўшни мамлакатга электр энергияси етказиб беришни тўлиқ тиклади, дея хабар беради «ТАСС» республика Энергетика вазирлиги матбуот хизматига таянган ҳолда.

«Электр узатишнинг 50 фоизга қисқариши 220 кВт қувватга эга иккита электр узатиш линияларидан бирининг таъмирланиши билан боғлиқ бўлди. Линияни таъмирлаш ишлари тугалланди, электр энергияси етказиб бериш ҳажми тикланди», — дейилади хабарда.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ Афғонистоннинг Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) энергетика компанияси билан 2019 йилда тузилган шартнома асосида қўшни мамлакатга электр энергияси етказиб беради. 10 йилга имзоланган ҳужжатга кўра, етказиб беришнинг йиллик ҳажми 6 миллиард киловатт/соат электр энергиясини ташкил этиши лозим.

Жорий йилда ҳар икки мамлакат оммавий ахборот воситалари мунтазам равишда электр таъминотидаги узилишлар ҳақида хабар бериб, бу ҳолатни ҳукумат кучлари ва «Толибон»* радикал ҳаракати қўшинларининг жанговар ҳаракатлари билан боғлашди.

Бундан аввалроқ, Ўзбекистон техник сабабларга кўра Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни 50 фоизга қисқартиргани маълум бўлган эди. Бу ҳақда DABSга таяниб, Афғонистон матбуоти хабар берди. Компания кун охирига бориб Ўзбекистондан электр энергияси оладиган Афғонистоннинг 15 вилоятида электр таъминоти узилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

Октябр ойида «Фарғона» Афғонистоннинг электр энергиясини бўйича қўшни давлатлардан қарзи 62 миллион доллардан ошгани ҳақида хабар берганди. DABS Туркманистон, Ўзбекистон, Эрон ва Тожикистондаги электр энергияси етказиб берувчиларга расмий хатлар йўллаб, қарзларни тўлаш мажбуриятини эълон қилди. Шунингдек, Афғонистон давлат корпорацияси БМТнинг Афғонистондаги кўмак миссиясига мурожаат қилиб, қарзни тўлашда ёрдам сўраганди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди