Ўзбекистон Марказий банки раҳбари 200 минг сўмлик банкнота муомалага чиқарилишини эълон қилди

Мамаризо Нурмуратов. Review.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда 2024 йилдан бошлаб номинал қиймати 200 минг сўм бўлган банкноталарни муомалага чиқариш режалаштирилган. Бу ҳақда Республика Марказий банки бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратов матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади Spot.uz.

Нурмуратовнинг таъкидлашича, Марказий банк муомаладаги нақд пул маблағларини оптималлаштириш жараёнини амалга оширмоқда, регулятор банкноталар тузилишини ўзгартириш орқали уни қулай тўлов воситасига айлантиришни мақсад қилган.

«2017 йилда илк бор 50 000 лик банкнотани муомалага чиқарганимизда, муомаладаги нақд пул миқдори аҳоли жон бошига 489 донани ташкил қилган. Яъни, бир кишининг қўлида 489 дона пул бирлиги, масалан, 1000, 500, 200 сўм бўлган. Бугунги кунга қадар бу кўрсаткични икки баробардан кўпроққа қисқартирдик. Ҳозир эса 200 дан сал ошди», — деди Марказий банк бошқаруви раиси.

У пул массаси ҳажми ўзгармаслиги сабаб, янги банкноталарнинг муомалага чиқарилиши инфляция ўсишига олиб келмаслигини таъкидлади.

«Яқин кунларда бу борада жадал иш олиб борилмоқда, банкоматлар янги банкноталар (50 000 ва 100 000 сўмлик банкноталар) муомалага чиқара бошлайди. Уларнинг ҳимоя элементлари эски пуллардан тубдан фарқ қилади. Шунинг учун банкоматларимизни ушбу банкноталарга мослаштириш зарур», — деди Мамаризо Нурмуратов.

Ҳозирда энг йирик сўм банкнотаси 100 000 сўм номиналга эга бўлиб, у 9,2 доллар эквивалентини ташкил этади.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2021 йили банкларнинг нақд пул айланмаси ҳажми 507,2 триллион сўмни (47 миллиард доллар) ташкил этган. У ўтган йилга нисбатан 40,8 фоизга ўсган.

2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, муомаладаги нақд пулнинг умумий пул массасидаги улуши ўтган йилга нисбатан 3 фоизга камайган ва 20 фоизни ташкил этган.

Банкноталарнинг умумий сони катта номиналдаги банкноталар улушининг ўсиши ҳисобига сезиларли даражада камайган. Шундай қилиб, 100 000 сўмлик банкноталарнинг улуши 34,8 фоизга ўсган, 50 минг сўмлик банкноталарнинг улуши 34,2 фоизга, 1000 сўмлик банкноталарнинг улуши 1,4 фоизга камайди. Нақд пуллар таркибида тангаларнинг улуши 0,16% ни ташкил этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ