Толиблар Покистон ҳаво ҳужумидан қурбон бўлганлар сонини маълум қилди

Aamaj News сайти фотосурати

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати вакиллари Покистоннинг Хост ва Кунар вилоятларига берган авиазарбалари камида 47 кишининг ҳаётига зомин бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда France24 телеканали хабар беради.

«Покистон кучларининг ҳаво ҳужумлари натижасида Хостда 41 нафар тинч аҳоли, асосан аёллар ва болалар ҳалок бўлди, 22 нафари яраланди», — дейди вилоят ҳукумати вакили. Яна бир афғон расмийсининг маълум қилишича, авиазарбалар Кунар вилоятида олти кишининг ўлимига сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 15 апрель куни Покистон ҳарбий авиацияси Хост, Кунар ва Пактика вилоятларининг чегара ҳудудларига ҳужум қилган эди. Ушбу ҳужум 14 апрель куни «Теҳрики Толибон» («Покистон толиблари ҳаракати»,ТТП) террор ташкилоти жангариларининг Покистон чегарачиларига ҳужумидан кейин содир бўлди.

ТТП жангарилари Афғонистон билан чегарадаги Шимолий Вазиристон (шимоли-ғарбий Хайбар-Пахтунхва вилояти) туманида покистонлик 7 аскарни ўлдирган.

Афғонистоннинг Хост ва Нангарҳор вилоятларида Покистонга қарши намойишлар бўлиб ўтди. Намойишчилар «Покистонга ўлим!» сўзларини баралла айтдилар.

Шунингдек, «Толибон» вакиллари Покистон ҳаво ҳужумларидан норозилик билдиришган. Ўз навбатида, Покистон расмийлари толиблардан ТТП жангариларининг Афғонистон ҳудудидан фойдаланишига чек қўйишни яна бир бор талаб қилди.

Таъкидлаш жоиз, февраьл ойи бошида ТТП жангарилари Афғонистон ҳудудидан Покистон ҳарбийларига қарата ўқ узганди. Ўшанда камида беш покистонлик аскар ҳалок бўлганди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ