Тошкентнинг «Ҳумо» хоккей клуби Қозоғистон чемпионатида иштирок этади

hchumo.uz сайти фотосурати

Тошкентнинг «Ҳумо» хоккей клуби келаси мавсум Қозоғистон чемпионати – PRO Hokei Ligasi (QHL)да иштирок этади. Бу ҳақда Тошкент клуби расмий сайти хабар берди.

Лига раҳбарияти Ўзбекистон хоккей федерацияси (ЎХФ) билан принципиал келишувга эришди. Яқин кунларда шартнома ва бошқа меъёрий ҳужжатлар тузилади. «Ҳумо» август ойининг иккинчи ярмига белгиланган Қозоғистон кубогида чиқишни режалаштирган.

QHL бошқарувчи директори Андрей Сачукнинг фикрича, «Ҳумо»нинг иштироки чемпионатга ижобий таъсир кўрсатади.

«Соғлом рақобат ҳеч қачон ҳеч кимга зарар келтирмаган. Тошкент клуби ўзининг биринчи мавсумидан кейин Pro Hokei Ligasy иштирокчилари сафида қолишни истади, бироқ ковид чекловлари тўсиқ бўлди. Энди умид қиламизки, ҳаммаси яхши бўлади ва «Ҳумо»нинг қайтиши хоккейнинг ўзаро ривожланишига хизмат қилади. Балки бу воқеа Қозоғистон чемпионатига кириши мумкин бўлган бошқа хориж жамоалари учун рағбат бўлиб қолар», — деди Сачук.

ЎХФ биринчи вице-президенти Баҳодир Ғофуров ҳам «Ҳумо» ўйинга қайтаётганини ва коронавирус пандемияси туфайли юзага келган икки йиллик танаффусдан сўнг келаси мавсумда QHLдаги иштирокини давом эттиришини тасдиқлади.

«Умид қиламизки, бу янгилик Ўзбекистон ва Қозоғистон хоккей мухлисларини хурсанд қилади. Қозоғистон чемпионатида кучли маҳоратли жамоалар йиғилган ва умуман чемпионат савияси анча юқори. Ишонаманки, «Ҳумо»нинг турнирдаги иштироки юртимизда хоккейни янада оммалаштириш ва ривожлантиришга хизмат қилади», – деди Ғофуров.

«Ҳумо» хоккей клуби 2019 йилда ташкил топган. Ўша мавсумда Ўзбекистон чемпионатида иштирок этди, гуруҳ босқичида ғолиб чиқди. Ўтган йил баҳорида жамоа ВХЛ га кирди ва клубнинг дубли Қозоғистон чемпионатида «Ҳумо-2» номи остида эълон қилинди. Мавсум якунига кўра «Ҳумо-2» Қозоғистон чемпионатида 10-ўринни эгаллади. Асосий жамоа янада муваффақиятли кўринди ва Гагарин кубогининг чорак финалига чиқди. Аммо тошкентликлар коронавирус пандемияси туфайли Москванинг «Звезда» жамоасига қарши серияни якунлай олмади. 2020 йил апрель ойида жамоа раҳбарияти COVID-19 пандемиясига қарши кураш бўйича дунёнинг аксарият давлатларида кўрилаётган қаттиқ чеклов чоралари туфайли «Ҳумо» ВХЛдаги мавсумни, «Ҳумо-2» эса Қозоғистон чемпионатини ўтказиб юборишини маълум қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ