Қозоғистонда 11 июль ҳолатига кўра шакар захираси 26,8 минг тоннани ташкил этади. Бу ҳақда республика Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Июнь ойида мамлакатнинг шакар корхоналари – Тараз, Кўксу ва Меркен жами 38 минг тоннага яқин маҳсулот ишлаб чиқарган. Маҳсулотнинг 23,5 минг тоннаси хориждан келтирилган. Шакар заводларининг маълумотларига кўра, июль ойида 37 минг тонна шакар ишлаб чиқариш режалаштирилган ва уни импорт қилишнинг кутилаётган ҳажми 39,7 минг тоннани ташкил этади.
Ички бозорни тўлдириш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан шакар ва шакарқамиш хомашёсини божсиз олиб кириш учун 250 минг тонна миқдорида квоталар ажратилган, яна 100 минг тоннага квота берилиши кутилмоқда. Квоталар 31 октябргача узайтирилган.
«Ҳудудлар таъминоти назорат қилинмоқда, ўз вақтида божхона расмийлаштируви ўтказилмоқда, туташ станцияларда тўхтаб қолмаслик учун маҳсулотларни олиб ўтиш жараёни назоратда», — дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабарида.
Ҳукумат шакар бозоридаги вазиятни беш йиллик муддатга барқарорлаштириш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлади. Унинг доирасида қуйидагилар режалаштирилган:
👉 қанд лавлаги экиладиган майдонларни кўпайтириш;
👉 ирригация тармоқларини реконструкция қилиш ва уни қуриш;
👉 Шакар заводларини янгилаш ва бошқа чора-тадбирлар.
«Энди қанд лавлагини қайта ишлаш учун етказиб беришни субсидиялаш меъёри оширилди, шакарқамиш хом ашёси импорти учун ҚҚСни нолга тушириш ва лавлаги шакарини ишлаб чиқариш учун ҚҚСни 70 фоизга пасайтириш ва бу имтиёзни шакарқамиш шакарига ҳам тадбиқ этиш чораси кўриб чиқилмоқда», — дейилади вазирлик хабарида.
Иқтисодчи Мақсат Халиқнинг сўзларига кўра, шакарнинг 50% дан ортиғи Россиядан келтирилган, «шунинг учун маҳаллий ишлаб чиқаришни тартибга солиш ҳақида бир нарса дейиш қийин, айниқса бир йил давомида».
«Ҳукумат кўмагида озиқ-овқат тақчиллигига қарши курашиш бўйича штаб ташкил этилди. Улар энди қандни қаердан олиб келишни ўйлашмоқда — Ҳиндистонданми ёки бошқа жойдан. Улар етказиб берувчилар топилганини айтишади. Аммо мамлакатга товарларни импорт қилиш учун сиз ЕОИИ стандартлари ва техник регламентларига риоя қилишингиз керак. Яъни, ЕОИИ томонидан яна бир тўсиқ бор. Биз шакарни нафақат Россиядан, балки бошқа давлатлардан ҳам келтира олмаймиз, ҳатто етказиб берувчиларни топсак ҳам», — дея тушунтиради иқтисодчи.
Айни пайтда қозоқ дўконларида шакар атрофидаги ур-сурлар давом этмоқда: у бир неча дақиқада сотувдан супуриб ташланмоқда. Харидорлар ўртасида «шакар жанглари» ҳақида хабарлар бор. Ақтаудаги дўконларда полициячилар навбатда туришни бошлаган. Қайд этилишича, ур-сурга нафақат маҳсулот танқислиги, балки унинг нархи ортгани ҳам сабаб бўлмоқда: Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, шакарнинг нархи бир килограмм учун 424 тенгедан (0,9 доллар) 797 тенгени ( $1,7) ташкил этади.