Мирзиёев Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат режимини юмшатиб, комендантлик соатини қисқартирди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қорақалпоғистонда комендантлик соати 10 дан 6 соатга қисқартирилади. Бундай қарор Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди.

Қорақалпоғистон Республикасидаги вазиятнинг барқарорлашгани ва ҳудуд аҳолисининг одатдаги ҳаёт тартибига қайтаётганини ҳисобга олган ҳолда комендантлик соатини «соат 21:00 дан 7:00 гача» ўрнига «соат 23:00 дан 5:00 гача» ўрнатиш тўғрисида қарор қабул қилинди, дея тушунтирди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

У Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги 2022 йил 2 июлдаги Президент фармонига тегишли ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги фармон давлат раҳбари томонидан имзолангани ва Олий Мажлис палаталарига тасдиқлаш учун йўлланганини қўшимча қилди.

Қисқартирилган комендантлик соати қайси кундан бошлаб амал қилиши ҳақида маълумот берилмаган.

Қорақалпоғистонда оммавий норозиликлар ортидан тартибсизликлар юз берганидан сўнг 3 июлдан 2 августгача фавқулодда ҳолат, шунингдек комендантлик соати жорий этилди. Расмий маълумотларга кўра, тартибсизликлар чоғида 18 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбий хизматчилар ҳам яраланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ