Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси 1 августга қадар узайтирилди

yhxx.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасининг муддатини 2022 йил 1 августга қадар узайтириш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда парламент матбуот хизмати хабар беради.

«Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари халқимиздан келиб тушган таклифларни умумлаштириш, таҳлил қилиш ва қонун лойиҳасини такомилига етказиш борасидаги фаолиятини давом эттиради», — дейилади хабарда.

Парламент муҳокама муддатини иккинчи бор узайтирмоқда. Дастлаб, ўзгартишлар киритиш лойиҳасида Конституциянинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ тузатишлар киритилиши, шунингдек, 16 та янги нормалар ва 6 та янги моддани киритиш назарда тутилганига қарамай, уни ўн кун ичида – 25 июндан 5 июлгача якунлаш режалаштирилган эди. Энг муҳим ўзгаришлар қаторида Ўзбекистон Президентининг ваколат муддатининг беш йилдан етти йилгача оширилиши ва Қорақалпоғистоннинг суверен республика мақомидан маҳрум этилиши масаласи бор эди.

Суверенитет масаласи Қорақалпоғистон жамоатчилигини жунбушга келтирди. Июль ойи бошида республика аҳолиси тинч норозилик митингларига тўпланишди ва улар тезда тартибсизликларга айланиб кетди. Расмий маълумотларга кўра, тартибсизликлар оқибатида 18 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбий хизматчилар ҳам яраланган. Республикада 3 июлдан 2 августгача фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати жорий этилди.

Тўполонлардан сўнг Қорақалпоғистонга ташриф буюрган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев республиканинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги 70, 71, 72, 74 ва 75-моддалар ўзгаришсиз қолишини таъкидладиди. Президент мазкур лойиҳа мамлакат фуқароларининг таклиф ва фикр-мулоҳазалари асосида ишлаб чиқилишини, сўнгра референдумга қўйилишини маълум қилди.

4 июль куни парламент қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасини 15 июлга қадар узайтирилишини эълон қилди. Бундай қарор фуқароларнинг Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан фикр билдириш фаоллиги ошгани ва келиб тушган таклифлар сони ортгани билан изоҳланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ