Ўзбекистондан Москва, Санкт-Петербург ва Қозон шаҳарларига автобус қатновлари тикланади

Uzautotrans Service компанияси саҳифаси фотосурати

18 июлдан бошлаб Ўзбекистондан автобуслар яна Россия шаҳарларига қатнай бошлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Биринчи босқичда Тошкентдан уч йўналиш бўйича ҳафтасига икки марта – Москва, Санкт-Петербург ва Қозонга рейслар амалга оширилади. Уларга Uzautotrans Service компаниясининг Yutong русумидаги автобуслари хизмат кўрсатади.

Тошкент — Москва йўналиши бўйича автобуслар душанба ва жума кунлари соат 12:00 да жўнайди. Чипта нархи 1 миллион сўм (тахминан 90 доллар).

Тошкент-Қозон йўналишида автобуслар сешанба ва жума кунлари соат 11:00да йўлга чиқади. Нархи 800 минг сўм (73 доллар).

Тошкент – ​​Санкт-Петербург йўналиши бўйича рейс чоршанба ва шанба кунлари амалга оширилади. Йўл ҳақи 1,25 миллион сўм (114 доллар).

15 июлдан бошлаб Россияга қуруқлик орқали киришда барча санитария чекловлари бекор қилинди. Бунга қадар Россия ҳукумати Ўзбекистон билан темир йўл алоқалари тиклангани ҳақида хабар берганди.

Июнь ойи охирида Ўзбекистондан Россияга халқаро поездлар қатнови тикланди. 23 июнь куни Тошкент-Самара поезди қатнай бошлади, 25 июнда эса икки йил ичида илк бор Тошкент-Волгоград поезди йўлга чиқди.

Ўзбекистондан Қозоғистонга автобус қатнови COVID-19 пандемияси туфайли тўхтатилганидан роппа-роса икки йил ўтиб, март ойида қайта йўлга қўйилди. Май ойида ушбу давлатлар ўртасида йўловчи темир йўл ҳаракати қайта тикланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ