Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Жасур Яхшибоев фаолиятини Наманганнинг «Навбаҳор» жамоасида давом эттиради. Бу ҳақда Transfermarkt хабар берди.
Яхшибоев Польшанинг «Легия» клуби билан шартномасини бекор қилганидан сўнг эркин агент сифатида «Навбаҳор»га ўтди. Футболчининг клуб билан шартномаси йил охиригача ҳисобланган.
Иккинчи куниёқ Яхшибоев жамоа сардори Азим Аҳмедов билан жанжаллашиб қолди. Можаро муштлашув билан тугади. Яхшибоевнинг қоши ёрилди, Аҳмедов эса машғулотлардан четлаштирилди.
Кейинроқ Аҳмедов ҳужумчи билан ярашганини маълум қилди. Аввалроқ, «Пахтакор» клубининг собиқ спорт директори Жафар Ирисметов Жасур Яхшибоевнинг қийин характерга эга экани, футболчининг танқидни хазм қилолмаслиги ҳақида гапирганди.
Яқин орада Қирғизистоннинг энг яхши футболчиларидан бири, клубда синовдан ўтаётган 32 ёшли Мирлан Мурзаев ҳам «Навбаҳор» сафига қўшилиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ёзида Тожикистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Эҳсон Паншанбе жамоани тарк этганди.
Жасурбек Яхшибоев «Пахтакор» тарбияланувчиси. У 2018 йилнинг январь ойида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таркибида ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ғолиб чиқди. 2020 йилдан бошлаб у Беларусь клубларида ўйнай бошлади. Солигорскнинг «Шахтёр» клуби таркибида у Беларусь чемпиони унвонини қўлга киритди.
2021 йил февралида Яхшибоев Варшаванинг «Легия» клуби билан шартнома имзолади, бироқ атиги олти ой ўтиб ижара асосида «Шериф»га ўтди ва у ерда УEФА Чемпионлар лигаси ўйинларида яхши кўринди ва «Реал» дарвозасига гол урди. Молдова чемпионлиги ва кубогини қўлга киритди. Жасур шу йилнинг июнь ойида Польша клуби жойлашган жойга қайтди, бироқ ўз ўрнини топа олмади. Натижада футболчи билан шартномани бекор қилишга қарор қилинди.
Яхшибоев бир учрашувда «Легия» таркибида атиги 11 дақиқа майдонда ўтказганига қарамай, Польша чемпиони медалини қўлга киритди. Яхшибоев Ўзбекистон терма жамоаси сафида учта ўйин ўтказди.
Футболчининг нархи 550 минг еврога баҳоланмоқда.