Қорақалпоғистонда 1-2 июль кунлари содир этилган тартибсизликлар қурбонлари сони уч кишига кўпайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
«Афсуски, яна 3 нафар фуқаро аҳволи ўта оғир бўлгани боис, шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан, вафот этди», — деди Шамсутдинов.
Унинг сўзларига кўра, тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган 274 нафар фуқароларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилган, шундан 16 нафар фуқаро тиббий муассасаларда қолмоқда.
4 июль куни Бош прокуратура суверен республикадаги тартибсизликлар натижасида 18 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.
Шамсутдинов таъкидлашича, ҳодиса юз берган ҳудудлар ва жойлар эксперт ва мутахассислар иштирокида тўлиқ кўздан кечирилиб, ишга алоқадор бўлиши мумкин бўлган 550 дан ортиқ ашё ва нарсалар расмийлаштириб олинган. Аниқланишича, 1—2-июль кунлари содир бўлган воқеалар натижасида етказилган зарар миқдори 3,1 миллиард сўмдан (286 минг доллардан ортиқ) ошган. Ички ишлар органларининг 141 нафар ходими хизмат вазифасини бажариш чоғида тан жароҳатлари олган.
«Шу ўринда, мамлакатимиз аҳолиси, эксперт ва мутахассислар, оммавий ахборот воситалари, халқаро ва хорижий ташкилотлар вакилларига алоҳида мурожаат қилмоқчимиз!
Қорақалпоғистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар юзасидан бирон-бир маълумотга ёки ишга алоқадор ашёларга эга бўлсангиз, уларни тергов-тезкор гуруҳига тақдим этишингизни сўраймиз. Зотан, терговни холисона ва қонуний амалга оширишда Сизнинг кўмагингиз ва ҳамкорлигингиз ҳам муҳимдир.
Бош прокуратура тергов-тезкор гуруҳи Сиз билан қонун доирасида яқин ҳамкорлик ўрнатишга тайёрлигини маълум қиламиз», — деди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари.
Нукусдаги норозиликларга Ўзбекистон Конституциясига Қорақалпоғистон суверенитетидан маҳрум қилишни назарда тутувчи бир неча ўзгартиришлар киритилиши сабаб бўлган. Расмий маълумотларга кўра, 1 ва 2 июль кунлари 516 киши воқеа жойида қўлга олинган, кўплари маъмурий жазога тортилиб, қўйиб юборилган. Ўзбекистон Бош прокуратураси Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми («Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш») ва бошқа бир қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Ушбу моддалар бўйича блогер Даулетмурат Тажимуратов, фаол Азамат Турданов, журналист Лолагул Каллихонова каби 14 кишининг иши кўрилади.
Намойишлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нукусга келиб, мазкур тузатишлар бекор қилинишини маълум қилганидан сўнг якун топди. Суверен республикада фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати жорий этилди. Конституцияга киритилган ўзгартиришлар лойиҳасини умумхалқ муҳокамаси муддати дастлаб яна ўн кунга — 15 июлга, кейин эса 1 августга қадар узайтирилди.