2022 йил 17-18 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» конференцияси бўлиб ўтади. Бу ҳақда конференцияга тайёргарлик кўриш чоғида Европа ташқи ҳаракатлар хизматининг Шарқий шериклик, Россия, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори ўринбосари Люк Дивин маълум қилди, деб ёзади UzA.
Йиллик йиғилишда Марказий Осиёнинг бешта давлати ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Жозеп Боррель ва Европа Иттифоқининг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Жутта Урпилайнен иштирок этади.
Самарқанддаги «ЕИ – Марказий Осиё» конференцияси Европа Иттифоқининг ўтган йили қабул қилинган «Глобал дарвозалар» янги стратегияси доирасидаги биринчи минтақавий алоқа саммити бўлади.
Конференция ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё мамлакатларига модернизация, инвестицияларни рағбатлантириш, рақамлаштириш, минтақалараро савдони осонлаштириш ҳамда транспорт ва савдо йўналишларини диверсификация қилишда ёрдам бериш бўйича саъй-ҳаракатларининг бир қисми бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтади.