Қозоғистон авиакомпаниялари йил охирига қадар 14 та янги самолёт сотиб олади

Facebookдан фотосурат

Қозоғистон саноат ва инфратузилмавий ривожлантириш вазири Каирбек Ускенбаев маҳаллий авиаташувчиларга парвозлар кечикишининг олдини олиш учун янги самолётлар харид қилишни топширди. Бу ҳақда амалдорнинг ўзи Telegramда ёзган.

«Сўнгги пайтлар ҳам мамлакат ичида, ҳам халқаро йўналишларга парвозлар кечикаётгани бўйича хабарлар келиб тушмоқда. Дарҳақиқат, бугунги кунда ҳаво транспортида йўловчи ташиш ҳажми ошгани кузатилмоқда. Ўз навбатида, бу ҳолат рейсларнинг кечикиш занжирига таъсир қилди ва аҳолининг адолатли танқидига сабаб бўлди.

«Муаммони зудлик билан ҳал қилиш учун у Қозоғистон авиаташувчиларига янги самолётлар харид қилишни топширди. Шундай қилиб, йил охиригача умумий сиғими 2,5 минг ўринга эга 14 та янги самолёт фойдаланишга топширилади. Жумладан, «SCAT» авиакомпанияси 9 та, «Fly Arystan» – 3 та ва «Air Аstаnа» – 2 та самолёт сотиб олади. Бу чора-тадбирлар юк ташиш қобилиятини сезиларли даражада оширишига ишонаман», — дейди вазир.

Унинг режаларига кўра, 2025 йилга бориб Қозоғистон самолёт парки 51 та самолёт билан тўлдирилади, бу эса «ўсиб бораётган талабни қондиради ва парвозлар кечикишлар сонини камайтиради».

Бу постга қозоғистонлик авиаташувчилар томонидан рейслар кечиктирилгани ҳақидаги кўплаб шикоятлар сабаб бўлган. Бир ҳафта олдин Air Astana авиакомпаниясида бир нечта рейслар кечиктирилган эди. Компания бунга сабаб сифатида самолётлардан биридаги носозликни келтирган. Ўтган дам олиш кунлари «Нур-Султон-Олмаота» ва «Нур-Султон-Тошкент» йўналишидаги йўловчилардан шикоятлар келиб тушди. Шунингдек, Олмаотадан Малега парвоз кечиктирилгани ҳам маълум бўлди.

Бу фактлар бўйича Қозоғистон саноат ва инфратузилмавий ривожланиш вазирлиги ва Қозоғистон авиация бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Унинг натижаларига кўра авиакомпаниялар маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ