Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан Республика волейбол федерациясига ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишини текшириш чоғида 306 миллион сўм (28 минг доллар) миқдорида маблағ асоссиз сарфлангани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати ўзининг Telegram-каналида хабар берди.
Текширув давомида Федерация ходимлари томонидан бюджет маблағлари талон-торож қилинганига оид иккита факт аниқланган.
Хусусан, собиқ Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг буйруғига асосан, Федерацияга 54 нафар спортчилар билан 23 кунлик ўқув-машғулот йиғини ўтказиш учун бюджетдан 445 млн. сўм ажратилган бўлсада, амалда 10 кун ўқув-машғулот йиғини ўтказилиб, 231 млн. сўм бюджет маблағлари ўзлаштирилган.
Бундан ташқари, терма жамоа ва унинг захираси таркибига киритилмаган 29 нафар спортчини турли спорт йиғинларига юборилиб, 75 млн. сўм маблағлар асоссиз сарфланган.
Бюджет маблағлари қачон ва ким томонидан сарфланганига Бош прокуратура матбуот хизмати аниқлик киритмаган.
Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон волейбол федерациясига республика Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов раҳбарлик қилди. Аввалроқ, 2017 йили «Ўзтрансгаз» раҳбари Эргаш Шоисматов ўша пайтдаги Федерация президенти этиб сайланган бўлса, 2018 йили у компания раҳбари лавозимини тарк этиб, Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчиси лавозимини эгаллаган эди. Шоисматов волейбол федераcияси раҳбари лавозимини сақлаб қолдими ёки бу вақт давомида спорт ташкилоти ишини тўлиқ назорат қила олдими, бу номаълум. Сўнгги йилларда Федерацияни амалда бошқариш ташкилот ходимлари ёки давлат спорт бошқармалари кураторлари томонидан амалга оширилган бўлиши мумкин.