Американинг Boeing самолёт ишлаб чиқарувчи корпорацияси Марказий Осиё ва Россияни харидорлар рўйхатидан чиқариб ташлади. Келгуси 20 йил учун прогнози бўлган таъминот харитасида мазкур минтақа кулранг рангда, яъни 2041 йилгача маҳсулотларни етказиб бериш режалаштирилмаган ҳудудлар сифатида кўрсатилган.
«Бу биз учун мақсадли бўлмаган бозор», — дейди Boeing тижорат маркетинг бўйича вице-президенти Даррен Хулст.
Boeing ўтган йили келгуси 20 йил ичида россиялик мижозлар 1500 дан ортиқ самолёт сотиб олишини башорат қилган эди, дея қайд этганди Bloomberg. Аммо 2022 йил март ойида корпорация Россия авиакомпанияларига техник хизмат кўрсатиш ва Россияга эҳтиёт қисмлар етказиб беришни тўхтатаётганини эълон қилди.
Корпорациянинг тижорий ҳаво қатнови ва самолётларга бўлган талаб бўйича узоқ муддатли прогнози Россиянинг Украинадаги ҳарбий махсус операцияси авиация саноатига бевосита таъсир кўрсатганлиги, биринчи навбатда, Россияга самолётларни етказиб бериш имконсиз бўлиши билан изоҳланади.
«Россия ва Марказий Осиёда самолётларга талаб мавжудлигига қарамай, бу ҳолат қанча давом этишига доир ноаниқлик юқори даражада. Шу сабабли биз Россия ва Марказий Осиё бўйича прогнозни эълон қилмасликка қарор қилдик», — дейилади прогнозда.
Бир йил аввал Boeing 20 йил ичида 43 610 та самолёт сотишни режалаштирган, деб эслайди Bloomberg, бироқ ҳозир бу рақам 41 170 та самолётга камайди. Boeing шунингдек, бутун йил давомида йўловчилар ўсиши прогнозини 4 фоиздан 3,8 фоизга туширди.
Корпорациянинг таъкидлашича, Осиё бозорлари янги самолётларга узоқ муддатли талабнинг тахминан 40 фоизини ташкил қилади. Европа ва Шимолий Америка учун — ҳар бири 20%.
Янги самолётларни етказиб бериш бозорининг қиймати 7,2 триллион долларни ташкил этади, бу талабни қондириш учун тижорат хизматлари бозори 3,6 триллион долларга баҳоланмоқда.
2041 йилга келиб, дунё самолёт парки 2019 йилдаги пандемиядан олдинги даражага нисбатан 80 фоизга ошиши кутилмоқда.