Ўзбекистон олти ой ичида бошқа давлатлар билан қарийб 25 миллиард долларлик савдо қилди

rupec.ru сайти фотосурати

Жорий йилнинг 6 ойи якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 24,5 миллиард долларни ташкил этди, деб хабар берди республика Давлат статистика қўмитаси.

Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 6 миллиард доллар ёки 32,4 фоизга кўпдир, дея таъкидлайди қўмита.

Экспорт 9,9 млрд долларни (ўсиш 40,5%) ташкил этган. Хорижга 8,3 миллиард долларлик маҳсулот жўнатилган, 1,6 миллиард долларлик хизматлар экспорти амалга оширилган.

Импорт ҳажми 27,4 фоизга ошиб, 14,6 миллиард долларга етган. Шу билан бирга, 13,5 миллиард долларлик товарлар, 1,1 миллиард долларлик хизматлар импорти амалга оширилган.

Ўзбекистон дунёнинг 167 та давлати билан савдо алоқаларига эга, деб ёзади Reviuw.uz. Ташқи савдо айланмасининг энг катта ҳажми Хитой (18,5 фоиз), Россия (15,8 фоиз), Қозоғистон (8,5 фоиз), Туркия (7,0 фоиз), Жанубий Корея (5,3 фоиз), Германия (2,4 фоиз) ва Қирғизистонга (2,1%) тўғри келади.

Жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Ташқи савдо фаолияти иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ҳужжатга мувофиқ 2023 йил 1 апрелгача:

👉 маҳаллий корхоналар (уларнинг ваколатли вакиллари)га Европа Иттифоқи давлатларига юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларини 70 фоизгача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади;

👉 қўшни давлатларга экспорт қилинган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларини 50 фоизгача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади;

👉 мувофиқликни баҳолаш органларини халқаро ILAC/IAF ташкилотлари аъзоси ҳисобланган аккредитация идораси томонидан аккредитациядан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилади;

👉 тадбиркорлик субъектлари томонидан товарлар (махсус турдаги товарлардан ташқари), ишлар ва хизматлар экспортини шартнома тузмасдан ҳисобварақ-фактуралар (инвойслар) асосида амалга оширишда талаб этиладиган олдиндан тўлов миқдори 100 фоиздан 50 фоизга камайтирилади.

Президент «Ўзтрейд» ва «Ўзсаноатекспорт» акциядорлик жамиятларига ташқи савдо корхоналарини айланма маблағлар билан таъминлаш учун Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 10 миллион доллар ажратиш бўйича топшириқ берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ