Қозоғистонда журналист аёл калтакланди — бундан олдин унга таҳдидлар бўлган

kaztag.kz сайти фотосурати

Атирауда (Қозоғистон ғарбидаги шаҳар) «Йўл назорати» ахборот портали мухбири Олеся Вертинская калтакланган, деб хабар беради «Адил сўз» сўз эркинлигини ҳимоя қилиш халқаро жамғармаси сайти.

Ҳужум 19 июль куни содир этилган. Журналист уйдан чиққач, номаълум йигит унга яқинлашиб, ёрдам сўрайди, сўнг юзига қаттиқ зарба беради. Вертинская зарбадан йиқилади ва ҳужумчи уни тепа бошлайди. Аёлни йўловчи қутқариб қолади, Олесянинг ўғли тез ёрдам чақиради. Компьютер томографиясида бурун синиши аниқланган.

Вертинская полицияга ариза билан мурожаат қилади.

Ҳужумдан бир неча кун олдин, 16 июль куни журналист номаълум рақамдан хабар олади, унда унга маълум бир МЧЖ ва унинг эгаси билан «эҳтиёт бўлиш» тавсия этилганди. Худди шу куни Вертинская прокуратурага ҳаёти хавфсизлигидан қўрқиши ва таҳдидлар ҳақида ёзади. Атирау вилояти ички ишлар бошқармаси NUR.KZ га маълум қилишича, ҳозирда мазкур факт бўйича Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 293-моддаси 1-қисми («Безорилик») билан терговга қадар тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Адил сўз»нинг қайд этишича, 13 июль куни Вертинскаянинг ўзига нисбатан ҳуқуқ-тартибот органи ходимининг қонуний буйруғига бўйсунмагани учун судгача тергов бошланган. Прокуратурага тушган аризадан кейин иш ёпилди. Журналистнинг ўзи унга нисбатан босимни Атирауда хизмат қилаётган актаулик аскар Медет Амангелдининг калтакланиши, шунингдек, январь воқеалари ёритилгани билан боғлайди (ўшанда аёл полиция уни қийноққа солганини айтганди).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ