Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга фавқулодда ҳолатни бекор қилишни сўраб мурожаатнома юборади. Бу ҳақда «Янги Ўзбекистон» нашри хабар беради.
Мурожаат Жўқорғи Кенгашнинг 20 июль куни Нукус шаҳрида бўлиб ўтган сессиясида маъқулланди. Унда «жорий этилган фавқулодда ҳолатни бекор қилиш ва оммавий тартибсизликларни содир этганликда гумонланган айбсиз фуқароларни, хусусан, ёшларни афв этиш» борасида сўз юритилади.
«Бугун Қорақалпоғистон Республикасида ҳаёт ўз маромида давом этмоқда», — дейди Нукусда бўлиб турган «Янги Ўзбекистон» газетасининг махсус мухбири.
Кейинчалик газета ўз хабарини таҳрир қилиб, бегуноҳ фуқароларни кечириш ҳақидаги иборани олиб ташлади.
Қорақалпоғистонда 3 июлдан 2 августга қадар оммавий тартибсизликлардан сўнг фавқулодда ҳолат жорий этилди. Норозиликларга Ўзбекистон Конституциясига Қорақалпоғистон суверенитетидан маҳрум қилишни назарда тутувчи бир неча ўзгартиришлар киритилиши сабаб бўлган. Тартибсизликлар оқибатида расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбий хизматчилар ҳам яраланган.
1 ва 2 июль кунлари 516 киши воқеа жойида қўлга олинган, кўплари маъмурий жазога тортилиб, қўйиб юборилган. Ўзбекистон Бош прокуратураси Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми («Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш») ва бошқа бир қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Ушбу моддалар бўйича блогер Даулетмурат Тажимуратов, фаол Азамат Турданов, журналист Лолагул Каллихонова каби 14 кишининг иши кўрилади.
Намойишлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нукусга келиб, мазкур тузатишлар бекор қилинишини маълум қилганидан сўнг якун топди. Конституцияга киритилган ўзгартиришлар лойиҳасини умумхалқ муҳокамаси муддати дастлаб яна ўн кунга — 15 июлгача, кейин эса 1 августга қадар узайтирилди.