Ўзбекистонда жазирама туфайли тўрт мингдан ортиқ одам касалхонага ётқизилди

Ўзбекистон ССВ сайти фотосурати

Ўзбекистон ҳудудида аномал иссиқ бошланган 17 июлдан буён тез ёрдам хизматига 130 мингдан ортиқ одам мурожаат қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

«23 минг 421 нафар инсон қон босими, нафас қисилиши, астма хуружлари ва бошқа сурункали касалликлардан шикоят қилди. Улардан 4215 нафари касалхонага ётқизилди», – дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг шошилинч тиббий ёрдам хизмати ишини мувофиқлаштирувчи диспетчерлик пункти бошлиғи Давлатбек Йўлдошев.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳавонинг иссиқ бўлиши муносабати билан поликлиникалар ва оилавий врачлик пунктлари беморларига, сурункали хасталикка чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш устидан назорат кучайтирилгани ҳақида хабар берди. Мамлакатда 2762 тез тиббий ёрдам бригадаси фаолият юритмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон аҳолисига ўта зарурат бўлмаса, кундузи кўчага чиқмаслик, тез-тез сув ичиш, имкон қадар ёғли ва дудланган таомларни истеъмол қилмаслик, мева ва сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилишни тавсия қилади.

Айни пайтда Ўзбекистонда йилнинг энг иссиқ даври – саратон палласи ҳукм сурмоқда. 17 июлдан бошлаб Эрондан қуруқ ва иссиқ ҳавонинг кириб келиши натижасида республика ҳудудида аномал иссиқлик кузатилмоқда – кундузи ҳаво ҳарорати айрим ҳудудларда +47 даражагача етади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бундай жазирама 22 июлгача давом этиши ҳақида смс-огоҳлантиришлар юборди. Вазирлик республика аҳолиси ва меҳмонларини эҳтиёт чораларини кўришга чақиради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ