Qanot Sharq хусусий авиакомпанияси 21 июль куни Самарқанддан Санкт-Петербургга парвозни йўлга қўйди. Бу ҳақда «Пулково» аэропорти матбуот хизмати хабар берди.
Парвозлар ҳафтада бир марта пайшанба кунлари амалга оширилади:
▶️ Санкт-Петербургдан учиш — соат 04:45да, Самарқандга етиб келиш — 11:15да;
▶️ Самарқанддан учиш — 00:25 да, Пулковога етиб келиш — 03:15 да
Ҳар бир аэропорт учун маҳаллий вақт ҳисобга олинади.
Парвозлар учун 174 ўринли Airbus A320 самолётидан фойдаланилади.
«Uzbekistan Airways сешанба ва шанба кунлари Пулково аэропортидан Самарқандга рейсларни ҳам амалга оширади», деб эслайди Пулково.
Qanot Sharq Ўзбекистондаги биринчи хусусий йўловчи авиакомпаниясидир. У 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, юк ва йўловчи ташиш билан шуғулланади. 2003-2012-йилларда авиаташувчи «Ўзбекистон ҳаво йўллари» давлат авиакомпаниясидан Ил-76 самолётларини ижарага олган ва ўзининг чартер рейсларини амалга оширган. Барча Ил-76 самолётлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига топширилгач, Qanot Sharq авиаташувчиси сертификати тўхтатилганди.
2020 йили Qanot Sharq Американинг Air Lease Corporation билан иккита ишлатилган Airbus A320−200 самолётини узоқ муддатли ижарага олиш бўйича келишиб олди. Биринчи ҳаво кемаси 2021 йил апрель ойида етиб келган. Келажакда авиакомпания ўз паркида учта А320 ва яна шунча А330 самолётларига эга бўлишни режалаштирмоқда.
Бундан олдин Qanot Sharq Тошкентдан Киев, Москва ва Шаржага парвозларни йўлга қўйгани хабар қилинганди.