Самарқанд шаҳридаги Ёшлар ижод саройида «Ўзбекистон маданий мероси замонавий илм-фан диққат марказида» мавзусидаги халқаро илмий анжуманнинг очилиши бўлиб ўтди. У «Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори» VI Халқаро Конгресси арафасида бўлиб ўтмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамият бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов, академик, «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси таҳририяти раиси Акмал Саидов, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти , тарих фанлари доктори, Республика Фанлар академияси Шарқшунослик институти директори Бахром Абдухалимов, шунингдек, Ислом тарихи, санъати ва маданияти илмий-тадқиқот маркази бош директори Маҳмуд Эрол Қилич (Туркия) табрик сўзи билан иштирокчиларга юзланди. Нутқлар оралиғида экранда Ўзбекистоннинг маданий ҳаёти ва Жаҳон жамияти лойиҳаларига бағишланган видеофилмлар намойиш этилди.
«Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган мазкур лойиҳа янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасининг натижасидир. Янги Ўзбекистонда ҳозир бўлганларнинг барчаси сўнгги беш йил давомида ушбу лойиҳага ҳисса қўшган. Бунда қатор давлат ташкилотлари, жамоат арбоблари ва ташкилотлари, хорижий илмий-тадқиқот ташкилотлари ва, албатта, олимларнинг ҳиссаси бор. Ҳаммамиз бирлашган ҳолда жуда яхши ва зарур ишни қиляпмиз. Ўзбекистоннинг маданий мероси — бутун инсоният меросидир. Ўзбекистон, бутун Марказий Осиё — маданиятлар, цивилизациялар, динлар ва империялар чорраҳасидир. Ипак йўли чорраҳасида жойлашган ушбу минтақага дунёда қизиқиш кучли бўлгани сабабли, бизларнинг бу ҳақда гапиришимиз жуда муҳим», — деди Фирдавс Абдухолиқов.
Йиғилганлар жамият ибтидосида турганлардан бири, академик Эдуард Ртвеладзени бир дақиқалик сукут билан хотирладилар. Олим хотирасига бағишланган тадбирда жамият бошқаруви аъзоси, Михо музейининг (Япония) махсус ходими Сергей Лаптев маъруза қилди. Ртвеладзега бағишланган видеоролик намойиш этилди.
Лойиҳани қўллаб-қувватлаётган ERIELL Group нефть конлари сервис компанияси ҳомийси, бошқарув раиси Бахтиёр Фазиловнинг Конгресс иштирокчиларига табрик мактуби ўқиб эшиттирилди. «Лойиҳанинг дастлабки кунларданоқ бу ташаббусни қўллаб-қувватлаш биз учун катта шараф бўлди, зеро биз янги Ўзбекистон заминида мавжуд улкан салоҳиятларни ўрганиш бўйича олиб борилаётган ишлар нақадар муҳимлигини тушунамиз», — деди Фазилов.
Жамиятнинг VI Халқаро конгрессида дунёга машҳур 250 дан ортиқ шарқшунос олимлар иштирок этади. Улар орасида 33 нафар таниқли халқаро музейлар директорлари, 15 нафар миллий музейлар директорлари, 15 нафардан ортиқ академиклар, 20 нафардан ортиқ профессорлар, 20 нафардан ортиқ фан докторлари бор.
Тадбирларда, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари, жумладан, ICCH ЮНЕСКО Бош котиби Хулио Бласко, «Ал-Фурқон» Ислом мероси жамғармаси ижрочи директори Сали Шаҳсиварий, ЮНEСКОнинг «Ипак йўллари» дастури вакили Шабахон Меҳрдод, Марказий Осиё ва Кавказ институти раҳбари (АҚШ) Фредерик Старр иштирок этади.